- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 509
Қизилқум саҳроси бағрида жойлашган вилоятимиз ўзининг ер ости бойликлари ҳамда табиий шароити билан алоҳида ажралиб туради. Бундай имкониятлардан самарали фойдаланишда эса маҳаллий тадбиркорлар билан бирга хорижий инвесторларни ҳамкорликдаги янги-янги лойиҳалар устида иш олиб боришга жалб этиш муҳим аҳамиятга эга.
Президентимизнинг жорий йил 2 мартида Навоийга ташрифи чоғида берган топшириқларига асосан вилоятимизда халқаро бизнес форум ўтказилди. Мазкур нуфузли иқтисодий анжуманда дунёнинг 34 давлатидан 171 нафар инвестор, хорижий мамлакатлар элчилари ва дипломатлар иштирок этди.
Тадбирнинг биринчи кунида иштирокчилар Нурота, Навбаҳор ва Кармана туманларида бўлиб, ушбу ҳудудлардаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишиш жараёнида вилоятимизнинг инвестицион салоҳияти, хорижий компаниялар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар хусусида батафсил маълумот берилди.
— Бугунги кунда вилоятимизда Англия, Ҳиндистон, Хитой, Швейцария каби ривожланган мамлакатлар ҳамкорлигидаги қарийб 70 га яқин қўшма корхона фаолият олиб бормоқда, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари Ў. Исломов. — Улар томонидан ўнлаб турдаги қурилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилаяпти. Сўнгги йилларда хорижлик ҳамкорларимизнинг қизиқишлари тобора ортиб, мазкур жараён сезиларли равишда юксалаётир. Бу эса минтақамизда инвесторлар кўмагида қатор корхоналар ташкил этилишида асос бўлаяпти.
Бизнес форумнинг иккинчи куни “Навоий” эркин иқтисодий зонаси бўйлаб саёҳатдан бошланди. Иқтисодий ҳудуд дирекциясининг анжуманлар саройида конференция бўлиб ўтди. Тадбирда форум иштирокчиларига воҳамизнинг логистика имкониятлари ҳамда яратилган бошқа қулайликлар хусусида тақдимотлар ўтказилиб, тўлиқ тушунчалар берилди.
— Мамлакатимиз Ўзбекистон, хусусан Навоий конметаллургия комбинати билан кўп йиллардан буён ҳамкорликда иш олиб боради, — дейди Беларус Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Маринич. — Жумладан, ўлкангизнинг тоғкон саноати учун “БеЛАЗ” русумли юк автомашиналари етказиб бераяпмиз. Яқинда ишбилармонларимиз Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқиш корхонасини ташкил этди. Бундан ташқари, айни вақтда Навоийда бройлер товуқ етиштириш борасида ҳам йирик лойиҳани амалга ошириш ҳаракатидамиз. Ҳозирда бу борада музокаралар жараёни бошлаб юборилган. Умуман олганда, ўзаро иқтисодий алоқаларимиз икки халқ орасидаги алоқаларни мустаҳкамламоқда.
Тадбирда вилоят ҳокими К. Турсунов сўзга чиқар экан, юртимизда эркин иқтисодий зоналар ва саноат ҳудудларининг фаолиятига эътибор қаратди. Жумладан, ҳозирда мамлакатимизда 12 та худди шундай зоналар ҳамда 45 та санаот ҳудудлари фаолият олиб бормоқда. Уларда яратилган солиқ ва бошқа имтиёзлар эса хорижлик тадбиркорларни юртимизга жалб этмоқда. Яқин йиллар ичида яна 50 та янги саноат ҳудудларини ташкил этиш кўзда тутилган. “Навоий” эркин иқтисодий зонаси юртимизда энг биринчилардан ташкил этилган саноат ҳудуди бўлиб, бу ерда барча қулайлик ва шарт-шароитлар яратилган.
Бундан ташқари, форумда Ўзбекистон савдо-саноат палатаси раиси А. Икрамов, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раҳбари О. Ҳамраев, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари А. Обидовлар сўзга чиқиб, юртимизда инвесторлар учун яратилаётган қулайликлар, келгусида бу борада амалга ошириладиган чора-тадбирлар хусусида таъкидлаб ўтишди.
— 2002 йилдан буён компаниямиз Қизилтепа тумани ҳудудидаги Тўдакўл сув ҳавзасида балиқ етиштириш билан шуғулланиб келади, — дейди Исроил давлатининг “Galidi” компанияси менежери Офер Берзак. — Бугунги кунда Айдаркўлда ҳам балиқчилик, хусусан консервалаш лойиҳасини амалга оширишни режалаштираяпмиз. Халқаро форум доирасида тегишли мутасаддилар билан ушбу истиқболли лойиҳа юзасидан ўзаро келишувга эришдик. Келгусида фаолиятимизни кенгайтириш имкониятлари пайдо бўлди.
— Ўзбекистон қуёшли ўлка, бу ерда табиий энергетика ишлаб чиқариш имкониятлари катта, — дейди Финландиянинг “ABB” компанияси бизнесни ривожлантириш директори Глен Нюхолм. — Бизнинг корхонамиз айни шу йўналишда иш олиб боради. Халқаро форум доирасида юртингизнинг муқобил энергия ишлаб чиқариш борасидаги имкониятлари билан тўлиқроқ танишдим. Биз бу борада ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Келгусида минтақада фотоэлектр станциялар барпо этиш лойиҳалари устида иш олиб боришни режалаштириб олдик.
Форум доирасида маҳаллий тадбиркорларимиз хорижлик ҳамкасблари билан музокаралар олиб боришди. Мазкур учрашувларда туризм, балиқчилик ҳамда қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳалари юзасидан бир қатор келишувларга эришилди. Шундан сўнг инвесторларнинг форум юзасидан ҳисоботлари тингланди. Халқаро анжуман якунида келгусидаги ҳамкорликни янада жадаллаштириш борасида 20 га яқин меморандумлар имзоланди. Бунда Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Хитой ва Тожикистонлик ишбилармон доира вакиллари ташаббускорлик кўрсатди.
Нуриддин РАҲИМОВ.
Суратлар муаллифи
Сирож АСЛОНОВ.
21.05.2018
- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 528
“ИНСОН ҚАДРИ УЛУҒ, ХОТИРА МУҚАДДАС”
Вилоят Маънавият ва маърифат бўлими тасарруфидаги Алишер Навоий номли “Китоб олами” маънавий-маърифий савдо мажмуасида 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан бир гуруҳ фахрийлар иштирокида “Инсон қадри улуғ, хотира муқаддас” номли маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди.
Кармана туман Маънавият ва маърифат бўлинмаси ҳамда “Китоб олами” маънавий-маърифий мажмуаси ҳамкорлигида бўлиб ўтган тадбирда туманнинг Арғун маҳалласида яшовчи фронт орти фахрийси Орзибобо Ҳожиев, Алишер Навоий маҳалласида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийлари Гулсина ая Шагиева ҳамда Воси бобо Исломов, Бешкент маҳалласидан меҳнат фахрийси Ҳамрогул ая Қосимова, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Комил Қурбонов ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этишди.
Тадбир аввалида бугунги тинч ва осуда кунларнинг қадрига етишга ундовчи лавҳалар, уруш даврининг суронли ва даҳшатли кунларини тасвирловчи видеоролик намойиш этилди. Шундан сўнг сўзга чиққанлар бугунги кунда мамлакатимизда уруш ва меҳнат фахрийларини қадрлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтишди.
Ўқувчилар иштирокидаги бадиий қисм ҳам мазмунли бўлди. Улар Ватан қадри, болаликнинг беғубор онлари ҳақида ўзларининг шеър, қўшиқ ва саҳна кўринишларини намойиш этишди.
Беҳзод САВУРОВ,
туман Маънавият ва
маърифат бўлинмаси раҳбари.
15.05.2018
- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 518
ФАХРИЙЛАР МУНОСИБ ТАҚДИРЛАНДИ
Вилоят ҳокимлигида бир гуруҳ нуроний ва меҳнат фахрийларига “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2017 йил 14 июлдаги “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарорига асосан ижтимоий-иқтисодий соҳаларда самарали фаолият юритган, ҳалол меҳнатлари билан юрт равнақига ҳисса қўшган нафақадаги фахрийлар, эл корига ярайдиган, садоқатли, маълумотли фарзандларни вояга етказган, обрў-эътиборга эга онахонлар муносиб тақдирланди.
Тадбирда нуроний отахон ва онахонлар Давлатимиз раҳбарининг кекса авлод вакилларига кўрсатаётган эҳтироми ва эъзози учун миннатдорлик сўзларини изҳор этди. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бундай юксак эътиборнинг чинакам исботи бўлди. Бугунги кунда пиру бадавлат фахрийларимизнинг бой ҳаётий тажрибаси ва ўгитларини биз, келажак авлод қимматли сабоқ сифатида ўрганишимиз энг азиз бурчимиздир.
Илк бор берилаётган ушбу нишонга жорий йилда вилоятимиздан 41 нафар фахрий муносиб кўрилди.
— Кўп йиллик фаолиятимиз давомида орттирган ҳаётий ва меҳнат тажрибамиз билан ёшларимизга маслаҳат ва ўгитларимизни аямаймиз, — дейди туманимиздаги Варқ маҳалласидан II даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Аҳтам Султонов. — Ўзбекнинг тўю маъракаси кўп. Элулус йиғилганда биз кексаларнинг ҳурматимизни доим жойига қўйишади. Бу миллатимизга хос эзгу фазилатдир. Давлатимиз раҳбарининг бу эътибори эса биз фахрийларни Ватанимиз тараққиёти йўлида фидойилик кўрсатиб, ёшларга ибрат бўлиб яшашга ундайди. Энг муҳими, жамиятимизда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, барча соҳалардаги ислоҳотлар самарасини кенг тарғиб этишда биринчи бўлиб ўзимиз ташаббус кўрсатамиз.
Нуриддин РАҲИМОВ.
Сурат муаллифи
Сирож АСЛОНОВ.
15.05.2018
- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 524
ИНСОНПАРВАРЛИКНИНГ ЮКСАК НАМУНАСИ
9 май — Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Кармана тумани ҳокимлигида маҳаллалардаги ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда ногиронлиги бўлган 70 нафар фуқарога вилоят касаба уюшмаси ташкилотлари бирлашмаси томонидан Президент совғаси — газ плиталари топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда туман ҳокими Ф. Умаров, агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Кармана туман кенгаши раиси Ў. Ражабов юртимизда меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган, ижтимоий кам таъминланган аҳолига алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш, уларга қулай шароит ва енгилликлар яратиш, турмуши ободлиги, ҳаётга қарашларини юксалтириш борасидаги тизимли ишлар ўзининг ижобий самарасини бераётганини таъкидлади. Бунда Президентимизнинг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда. Хусусан, умумхалқ байрами арафасида бу каби хайрия тадбирларининг ўтказилиши эзгу ишларимиз кўламини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Туманимизнинг Талқоқ маҳалласида яшовчи Шаҳло Мардоновага ҳам мамлакатимизда ишлаб чиқарилган замонавий газ плитаси совға қилинди. 4 оила бир ҳовлида истиқомат қилаётгани боис, рўзғордаги пишир-куйдирда бироз ноқулайликлар юзага келар, хонадон аъзолари бундан бироз оғринар эди.
Энди мазкур уйда ошхона юмушлари енгиллашадиган бўлди.
— Ўзим тикувчилик билан шуғулланаман, — дейди Ш. Мардонова. — Энди оиламиз учун турли пишириқлар тайёрлашни ният қилдим. Асосийси, Давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътиборидан мамнунман. Шукрки, турмушимизда камимиз йўқ.
Дарҳақиқат, ўтган йили бирлашма кўмагида тумандаги 10 та оиланинг уй-жойи таъмирланди, 6 нафар беморга доридармон жамланмаси ажратилди. Жорий йил бошидан бери ҳудуддаги 6 нафар муҳтож аҳолига дори воситалари тарқатилди. Йил якунига қадар 25 та тураржойларни таъмирлаш, ижара асосида яшаб келаётган эҳтиёжманд 5 та оилага шахсий уйлар сотиб олиб бериш белгиланган.
Ўз мухбиримиз.
- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 536
Кармана педагогика ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида туман ҳокими ўринбосарлари, маҳаллий ҳокимлик мутахассислари, тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари учун ўқув-амалий семинар ўтказилди.
Маҳаллий ижроия ҳокимиятининг қуйи бўғинларида мамлакатимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали ва тизимли ижросини таъминлаш, қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини ва сифатини оширишда бевосита туман ҳокими ўринбосарларининг касбий маҳорати, масъулияти ва жавобгарлигини ошириш мақсадида ташкил этилган семинарга барча мутасаддилар жалб этилди.
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари, молия манбалари ва улардан самарали фойдаланиш, тижорат банклари ҳамда суғурта ташкилотларининг замонавий хизматлари, солиқ тизими ва маъмурчилиги, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция оқимини кучайтириш, кичик саноат зоналарининг аҳамияти, аҳоли бандлигини таъминлаш каби мавзуларда машғулотлар олиб борилди. Бунда тингловчиларнинг маҳоратини ошириш мақсадида интерфаол мулоқот, савол-жавоб ва кейс стади методикалари, ақлий ҳужум, кичик гуруҳларда ишлаш ҳамда ролли ўйинлар усулидан кенг фойдаланилди.
— Ҳар бир раҳбар ходим ёки мутахассис ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариши, масалага виждонан, энг муҳими, реал ва объектив ёндашиш халқнинг давлатдан рози бўлишини таъминлайди, — дейди туман ҳокими ўринбосари Элёр Кенжаев. — Зеро, бугун барча тизимда “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилсин” тамойили асосида иш олиб борилмоқда. Мазкур ўқувамалий семинар ҳам мутасаддиларнинг масъулиятини ва касбий маҳорати ва тажрибасини оширишга хизмат қилди. Айниқса, аҳоли билан ишлашда баландпарвозлик билан эмас, пастга тушиб, унинг дарду ташвишларини ўрганиш фаолиятимиз самарадорлигини таъминлайди.
Семинар давомида туманда мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратилиб тайёрланган манзилли “Йўл хариталари” таҳлил қилиниб, амалий натижалар бўйича зарур тавсиялар ишлаб чиқилди.
Шунингдек, тадбир якуни билан туман ҳокими ўринбосарларининг айнан ўзига юклатилган функционал вазифалари бўйича амалга оширадиган тадбирлари, аҳолининг турмуш фаровонлигини таъминлаш, муаммоларга оқилона ечим топиш мақсадида тузиб чиқилган “Йўл хариталари”нинг ижроси бўйича кунлик, ҳафталик, ойлик “Календар иш режалари” тайёрланди.
Ўз мухбиримиз.
07.05.2018