faxriylar

 

  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелда эълон қилинган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ уруш қатнашчилари ва ногиронларига 5 000 000 сўм пул мукофоти тантанали вазиятда топширилади. Худди шу куни Президентимизнинг “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинди.

Ушбу ҳужжатлар мамлакатимизда инсон қадри, шаъни ва ғурури нақадар сарбаланд эканлигига яна бир кафолатдир.

Муҳтарам Президентимиз қарорида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг хоҳиш-истакларига кўра улар ўзлари жанг қилган мамлакатларга бир нафар кузатувчи билан сафарга бориб келиши, Ялта ва Кисловодск шаҳарларидаги “Ўзбекистон”, мамлакатимиз ҳудудидаги бошқа санаторийларга бир нафар кузатувчиси билан бирга бепул юборилиши, уларнинг зарур авиа ва темир йўл чипталари билан таъминланиши алоҳида белгилаб қўйилган.

Фронт орти меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади.

Туманимиздаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари уч нафарни, фронт орти меҳнат фахрийлари эса 163 нафарни ташкил этади.

Дўрман маҳалласида яшовчи 98 ёшли Пирназар бобо Турдиев қирғинбарот уруш йилларининг бошидан охиригача қатнашганлар. 1946 йили қайтганлар. Отахон қишлоқ хўжалигининг турли соҳаларида ишлаб, на­фақага чиққанлар. Шуниси алоҳида эътиборлики, Пирназар бобо ҳозиргача ҳам ҳовлидаги томорқасида ўзлари ишлайдилар. Маҳаллада томорқа маданияти бўйича ҳамқишлоқларига маслаҳатлар берадилар. МФЙ йиғилишларида бу фидойи бобомиз ёшларимизни деҳқончиликка, боғдорчиликка, чорвачиликка, бошқа соҳаларга йўналтириш зарурлигини уқтирадилар. Пирназар бобо давлатимиз раҳбарининг юксак инсонпарварлик сиёсатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдилар ва дориломон замонлар учун шукроналар айтадилар.

93 ёшли Ялла бобо Равшанов ҳам Иккинчи жаҳон урушида фашист газандаларига қарши курашганлар.

Ленинград қамалида азобли кунларни бошдан кечирган Замиля ая Ханбекова умрининг 93 баҳорини қаршилади. Улар фарзандлари, невара-чеваралари, аввало, эл-юртимиз ардоғида.

Вилоятимиз ҳокими Қобил Турсунов, туманимиз ҳокими Фахритдин Умаров, маҳалладошлар доимо уларнинг ҳол-аҳволидан хабардор бўлиб турибдилар. Бу нуронийларимиз сиҳатсаломатлиги тиббиёт ходимларининг доимий назоратида.

Давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган фармони ва қарори ижроси зиммамизга улкан масъулият юклайди. Аллақачон маҳаллалар, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ишларни бошлаб юборганмиз. Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди.

Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари, фронт орти меҳнат фахрийлари муҳтарам Президентимизнинг оқилона сиёсатини қўллаб-қувватлаш билан бирга ёшларимиз тарбиясига, тўй-маъракаларни ташкил этишга, ободонлаштириш ишларига доимо бош-қош бўлмоқдалар.

Даҳшатли урушдан омон қолган фахрийларимиз ҳамиша эл ардоғида бўладилар. Улар бизнинг фахримиздир.

К. ҚУРБОНОВ,

туман “Нуроний”

 жамғармаси раиси.

27.04.2018