Хитой Халқ Республикаси ташаббуси билан 2017 йил 14-15 майда Пекин шаҳрида ўтказилган “Бир макон, бир йўл” форумида мамлакатимиз Президенти ҳам иштирок этиб, халқаро аҳамиятга эга музокараларда қатор келишувларга эришилган эди. Шунга асосан Хитойнинг Ҳебей провинцияси Синтай шаҳридан йўлга чиққан транспорт карвонларида инвестиция кўринишидаги технологиялар “Навоий” эркин иқтисодий зонасига кириб келди.
Ўтган йили иқтисодий ҳудудда Хитойнинг “Hebei New silk Road Import and Еxport trade” компанияси инвестицияси кўмагида “Zyong Tyang” хорижий корхонасига махсус гувоҳнома топширилган эди. Энди ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш жараёнлари бошланди. 7,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестициянинг кириб келиши, янги қувватнинг истиқболидан дарак беради. Хусусан, йилига 200 минг дона ДСП фанерлари ишлаб чиқариш имконига эга корхонада 70 дан ортиқ ишчи ўрни яратилади.
Дарҳақиқат, “Навоий” эркин иқтисодий зонасида қатор имтиёзларнинг қўлланилаётгани, ишлаб чиқарувчилар ва хорижлик сармоядорлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратмоқда. Айни пайтда мазкур ҳудудда фаолият юритаётган 20 га яқин йирик корхоналар зарур имкониятлардан самарали фойдаланаётир.
— “Бир макон, бир йўл” форумида Давлатимиз раҳбари нутқ сўзлаб, табиий, ишлаб чиқариш ва инсон ресурсларига ғоят бой бўлган давлатимизда транспорт, савдо, инвестиция, энергетика ва юксак технологиялар соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлашни таъкидлади, — дейди “Навоий” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси директори Азамат Файзиев. — Энг муҳими, Марказий Осиёни Хитой ва Россия орқали Жанубий, Жанубий-Шарқий Осиё ва Европа мамлакатлари бозорлари билан боғлайдиган транспорт-логистика йўналишларини очишга хизмат қиладиган мазкур лойиҳа қадимги Буюк Ипак йўлининг қайта тикланиши дея баҳоланмоқда. Хитойлик сармоядорлар билан Навоийда амалга оширилаётган мазкур иқтисодий ҳамкорлик ҳам мустаҳкам алоқаларнинг ўрнатилаётганини англатади.
Хорижлик инвесторларнинг юртимиз бозори, айниқса, “Навоий” эркин иқтисодий зонасини танлаганининг асосий омили, бу ерда тадбиркорлар учун қулайлик, қурилиш маҳсулотларига ички талабнинг юқорилиги, энг муҳими, хом ашёнинг мўллигидадир. Чунки, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона учун зарур ресурслар вилоятнинг ўзида мавжуд.
— Дастлаб, ДСП фанерлари ишлаб чиқариш линиясини ишга туширишни мўлжаллаганмиз, — дейди “Zyong Tyang” хорижий корхонаси бош директори Лю Пеифенг. — Маҳсулот тайёрлашда хом ашё захирасини Қизилтепа туманидан олишни режалаштирганмиз. Мазкур туман далаларида етиштириладиган ғўза поясидан кенг фойдаланамиз. Махсус ингриедентлар эса “Навоийазот” акциядорлик жамиятидан олинади. Бу дегани маҳсулот таннархининг арзонлашиши, импортнинг кескин қисқаришидан дарак беради.
Корхона шунингдек, МДФ ва фанер ишлаб чиқариш, шиша маҳсулотлари тайёрлашни ҳам режалаштирган.
Нуриддин РАҲИМОВ.
Суратлар муаллифи
Сирож АСЛОНОВ.
07.05.2018