Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази” ҳамда Кармана туман ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири маслаҳатчиси генералполковник Зокиржон Алматов иштирокида учрашувлар ўтказилди.
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, милиция таянч пунктлари фаолиятини жонлантириш, маҳаллаларда жиноятчилик ҳолатларини камайтириш масалаларига бағишланган тадбирда ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳамда фуқаролар йиғинлари масъуллари қатнашди.
Учрашувларда ички ишлар органлари фаолиятини ислоҳ қилиш борасида юртимизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар, хусусан, профилактика инспекторларининг хизмат уйлари ҳамда енгил автомашиналар билан таъминлангани ва бошқа муҳим ўзгаришлар алоҳида таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, олиб борилаётган ишларга қарамай, айрим жиноят турлари, жумладан, ўз жонига қасд қилиш, ўғрилик, безорилик, аёллар ўртасидаги жиноят кўпаяётгани ҳам қайд этилди. Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш эса нафақат соҳа ходимлари, балки жараёнга кенг жамоатчиликни ҳам жалб этишни талаб қилади. Йиғилишда айни масала юзасидан танқидий фикрлар билдирилиб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Тадбирлар давомида Президентимиз иштирокида ички ишлар идоралари вакиллари билан ўтказилган видеоселектор шаклидаги йиғилишлардан тайёрланган ролик ҳам намойиш этилди. Давлатимиз раҳбари томонидан соҳада самарадорликни оширишнинг муҳим омили саналган устувор жиҳатларга яна бир бор эътибор қаратилди.
Таъкидлаш керак, жамоатчилик назорати ҳуқуқбузарликлар профилактикасида муҳим саналади. Бунинг учун эса аҳолининг фуқаролик бурчи ҳамда масъулиятини ошириш зарур. Шуни инобатга олган ҳолда, учрашувда 16 ёшга тўлган Навоий шаҳри, Кармана ва Навбаҳор туманларида истиқомат қилувчи 12 нафар йигит-қизга тантанали равишда фуқаролик паспортлари топширилди.
— Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлганим мен учун юксак фахр, — дейди Навбаҳор туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси У. Облоқулова. — Ўзининг мустақил фикри ва қарашига эга ҳар бир киши аввало, юрт тинчлиги учун ҳисса қўшмоғи лозим. Биз ёшлар, албатта, ўзимизга билдирилаётган бундай ишончни намунали хулқимиз, чуқур билимимиз билан оқлаймиз.
Очиқ мулоқотларда Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев сўзга чиқиб, ватанпарварлик, юрт тақдирига дахлдорлик каби мавзуларда фикрлар билдирди. Ҳар бир учрашув йиғилганларда унутилмас таассурот қолдирди.
Озод МУСТАФОЕВ.
07.05.2018