DSC 0786ТАРИХИЙ ЁДГОРЛИКЛАР

ОБОД ҚИЛИНДИ

     Инсонларни эзгулик, яхшилик ҳамда олижаноб ишларга даъват қиладиган муборак Рамазон кунлари шарофатидан диёримиз янада обод-кўркам, халқимиз фаровон ва бахтиёр бўлмоқда. Ҳар бир кунимиз янгилик, ўзгаришлар, яратиш ва юксалишларга ҳамоҳанг ўтаётир. Шундай фараҳбахш кунларда қадимий ва ҳамиша навқирон Кармана туманидаги Хўжа Хисрав, Мирсаид Баҳром ва Қосимшайх тарихий ёдгорликларининг қайтадан таъмирланиб, фойдаланишга топширилганлиги вилоятимиздаги ёшу қарини хурсанд этди.

Меҳнат фахрийлари, диний соҳа ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари дастлаб Хўжа Хисрав ва Мирсаид Баҳром мақбараларига ташриф буюришди. Шундан сўнг Қосимшайх мажмуасида бўлиб, бу ердаги жомеъ масжиди, Бухоро амири Саид Абдулаҳадхон даҳмаси, Қосимшайх Азизон хил­хонасини зиёрат қилишди. Мазкур манзилдан мангу қўним топган зотлар хотирасига Қуръон тиловат қилинди.

Меҳмонлар зиёратгоҳда намозхонлар учун бунёд этилган нақшинкор айвонни кўздан кечирдилар.

 Қосимшайх меъморий мажмуасида рўзадорларга ифторлик дастурхони ёзилди. Вилоят ҳокими К. Турсунов тадбир қатнашчиларини моҳи Рамазон билан қутлаб, мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар туфайли халқимиз фаровонлиги ошаётганлиги, жумладан, асрий қадриятларимиз рамзи бўлган маданий мерос объектлари асл ҳолича элюртимизга қайтарилаётганлигини таъкидлади. Мазкур мажмуалар ҳам Президентимизнинг сайловолди учрашувларидаги топшириқлари асосида ҳудудимиздаги бошқа зиёратгоҳлар қатори мукаммал таъмирланди.

Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик учун мунаввар оқшом оғушидаги тадбир иштирокчилари тилидан шукроналик каломи тушмайди... Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан диний соҳага қаратилаётган юксак эътибордан барча бениҳоя мамнун.

— Қосимшайх қадамжоси жуда файзли бўлибди, — дейди Кармана туманидаги Бешкент маҳалласида яшовчи Сафар ҳожи ота Мамарайимов. — Истиқлолнинг дастлабки йилларида ушбу мажмуа таъмирланганди. Йиллар ўтиб, бино деворлари нурай бошлади. Мана ёдгорлик яна асл ҳолатига келтирилди. Хўжа Хисрав зиёратгоҳи ҳам мутлақо янги қиёфа касб этди. Қурувчилар томонидан мажмуада катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Мирсаид Баҳром мақбараси ободонлаштирилиб, атрофи девор билан ўралди. Мовий гумбази офтоб нурида ярқираб, зиёратчиларни ўзига чорламоқда. Бунинг учун ушбу эзгу ва савоб ишлар бошида турган инсонларга раҳмат айтамиз.

Дарҳақиқат, “Sardoba-Malikrabot” хусусий корхонаси ишчилари бир йилдан ортиқ вақт тер тўкиб, Қосимшайх тарихий-ёдгорлик мажмуасини деярли қайтадан тиклашди. Шаҳрисабз, Самарқанд, Нурота, Қўқон каби шаҳарларда қатор меъморий обидаларни таъмирлаб, анчагина тажрибага эга бўлган бунёдкорлар томонидан ёдгорликнинг зах тортиб, емирилишига сабаб бўлаётган ер ости сувларини ундан узоқлаштириш мақсадида ҳовуз барпо этилди. Шунингдек, бино пойдеворини мустаҳкамлаш, иморатнинг яроқсиз ҳолга келиб қолган ғиштларини алмаштириш, атрофини ободонлаштириш ишлари ҳам уюшқоқлик билан олиб борилди. Ҳовлилар супаларидан тортиб, хонақоҳ гумбази, эшиклари қайта таъмирланди.

Ўзбекистон Республикаси маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бош бошқармаси томонидан мазкур ёдгорликларда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун қарийб 3 миллиард сўм миқдоридаги маблағ йўналтирилди.

— Масжид, мақбара ва айвон ҳамда бутун мажмуанинг ташқи-ички кўринишлари обод бўлди, — дейди Қосимшайх жомеъ масжиди имом-хатиби М. Юнусов. — Зиёратчи ва намозхонлар учун керакли шарт-шароитлар муҳайё қилинди. Усталар ганчкорлик ва ёғоч ўймакорликни санъат даражасига олиб чиқишди. Қараган сайин ҳавас ва ҳайратингиз ошади.

Тадбир якунида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакили, бош имомхатиб Т. Рўзиев барча мўмин-мусулмонлар номидан хайрли ишлар ташаббускорларига миннатдорчилик билдирди.

Ҳа, кунни тунга улаб бажарилган ишлар беиз кетмайди. Зиёратгоҳ ҳовлисига қадам қўйишингиз билан руҳингизни ажиб бир илоҳий нурлар чулғаб олади. Кўнглингизда осуда ҳаёт учун Яратганга шукроналик туйғулари жўш уради.

Жамолиддин АҲТАМОВ.

Суратлар муаллифи

Сирож АСЛОНОВ

25.05.2018

 

НуронийларБугунги кунда вилоятимизда 77,5 минг нафар пенсионер истиқомат қилса, шундан 51 нафари уруш қатнашчиси, қарийб икки минг нафари меҳнат фронти фахрийлари, 23 нафари эса юз ёшдан ошган нуроний ота­хон ва онахонларимиздир.

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси вилоят ва туман бўлими томонидан кексаларимизга моддий-маънавий кўмаклашиш борасида жадал ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Нуронийлар эъзозимизда”, “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” мавзуларида учрашувлар, байрам тадбирлари ташкил этилиб келинаяпти.

Кўмакка муҳтож фахрийларга фаровон ҳаёт яратиб бериш, аввало уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, соғликларини мустаҳкамлашдан иборат. Шу мақсадда жорий йилнинг ўтган даврида 50 нафардан ортиқ қариянинг уй-жойлари ҳомийлик маблағлари эва­зига таъмирланди. Шунингдек, 17,5 минг нафардан ортиқ нуроний тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга шифохоналарда ҳамда сиҳатгоҳларда соғликларини тиклашларига кўмаклашилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман ва шаҳар ҳокимликлари ташаббуси билан 50 та ногиронлик аравачаси, 12 та эшитиш мосламаси, 27 та ҳасса, 43 та қўлтиқтаёқ фахрийларга бепул тарқатилди.  

Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳар бир шаҳар-туманда барпо этилаётган “Нуронийлар маскани” дам олиш муассасалари ёши улуғларимизга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир юксак намунасидир. Айни пайтда Навоий ва Зарафшон шаҳарлари, Навбаҳор, Учқудуқ ва Қизилтепа туманларида ана шундай масканлар фойдаланишга топширилган бўлса, қолган ҳудудларимизда қурилиш ишлари давом эттирилаётир.

Бир сўз билан айтганда, кекса авлод вакиллари манфаатлари йўлида амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирлар давлатимиз эътиборида. Миллийлигимизга хос мазкур саъй-ҳаракатлар замирида эса юксак ҳурмат-эътибор ва ғамхўрлик мужассам.

О. ШУКУРОВ.

21.05.2018

26Қизилқум саҳроси бағрида жойлашган вилоятимиз ўзининг ер ости бойликлари ҳамда табиий шароити билан алоҳида ажралиб туради. Бундай имкониятлардан самарали фойдаланишда эса маҳаллий тадбиркорлар билан бирга хорижий инвесторларни ҳамкорликдаги янги-янги лойиҳалар устида иш олиб боришга жалб этиш муҳим аҳамиятга эга.

Президентимизнинг жорий йил 2 мартида Навоийга ташрифи чоғида берган топшириқларига асосан вилоятимизда халқаро бизнес форум ўтказилди. Мазкур нуфузли иқтисодий анжуманда дунёнинг 34 давлатидан 171 нафар инвестор, хорижий мамлакатлар элчилари ва дипломатлар иштирок этди.

Тадбирнинг биринчи кунида иштирокчилар Нурота, Навбаҳор ва Кармана туманларида бўлиб, ушбу ҳудудлардаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишиш жараёнида вилоятимизнинг инвестицион салоҳияти, хорижий компаниялар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар хусусида батафсил маълумот берилди.

— Бугунги кунда вилоятимизда Англия, Ҳиндистон, Хитой, Швейцария каби ривожланган мамлакатлар ҳамкорлигидаги қарийб 70 га яқин қўшма корхона фаолият олиб бормоқда, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари   Ў. Исломов. — Улар томонидан ўнлаб турдаги қурилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилаяпти. Сўнгги йилларда хорижлик ҳамкорларимизнинг қизиқишлари тобора ортиб, мазкур жараён сезиларли равишда юксалаётир. Бу эса минтақамизда инвесторлар кўмагида қатор корхоналар ташкил этилишида  асос бўлаяпти.

Бизнес форумнинг иккинчи куни “Навоий” эркин иқтисодий зонаси бўйлаб саёҳатдан бошланди. Иқтисодий ҳудуд дирекциясининг анжуманлар саройида конференция бўлиб ўтди. Тадбирда форум иштирокчиларига воҳамизнинг логистика имкониятлари ҳамда яратилган бошқа қулайликлар хусусида тақдимотлар ўтказилиб, тўлиқ тушунчалар берилди.

— Мамлакатимиз Ўзбекистон, хусусан Навоий конметаллургия комбинати билан кўп йиллардан буён ҳамкорликда иш олиб боради, — дейди Беларус Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Маринич. — Жумладан, ўлкангизнинг тоғкон саноати учун “БеЛАЗ” русумли юк автомашиналари етказиб бераяпмиз. Яқинда ишбилармонларимиз Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқиш корхонасини ташкил этди. Бундан ташқари, айни вақтда Навоийда бройлер товуқ етиштириш борасида ҳам йирик лойиҳани амалга ошириш ҳаракатидамиз. Ҳозирда бу борада музокаралар жараёни бошлаб юборилган. Умуман олганда, ўзаро иқтисодий алоқаларимиз икки халқ орасидаги алоқаларни мустаҳкамламоқда.

Тадбирда вилоят ҳокими К. Турсунов сўзга чиқар экан, юртимизда эркин иқтисодий зоналар ва саноат ҳудудларининг фаолиятига эътибор қаратди. Жумладан, ҳозирда мамлакатимизда 12 та худди шундай зоналар ҳамда 45 та санаот ҳудудлари фаолият олиб бормоқда. Уларда яратилган солиқ ва бошқа имтиёзлар эса хорижлик тадбиркорларни юртимизга жалб этмоқда. Яқин йиллар ичида яна 50 та янги саноат ҳудудларини ташкил этиш кўзда тутилган. “Навоий” эркин иқтисодий зонаси юртимизда энг биринчилардан ташкил этилган саноат ҳудуди бўлиб, бу ерда барча қулайлик ва шарт-шароитлар яратилган.

Бундан ташқари, форумда Ўзбекистон савдо-саноат палатаси раиси А. Икрамов, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раҳбари О. Ҳамраев, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари А. Обидовлар сўзга чиқиб, юртимизда инвесторлар учун яратилаётган қулайликлар, келгусида бу борада амалга ошириладиган чора-тадбирлар хусусида таъкидлаб ўтишди.

— 2002 йилдан буён компаниямиз Қизилтепа тумани ҳудудидаги Тўдакўл сув ҳавзасида балиқ етиштириш билан шуғулланиб келади, — дейди Исроил давлатининг “Galidi” компанияси менежери Офер Берзак. — Бугунги кунда Айдаркўлда ҳам балиқчилик, хусусан консервалаш лойиҳасини амалга оширишни режалаштираяпмиз. Халқаро форум доирасида тегишли мутасаддилар билан ушбу истиқболли лойиҳа юзасидан ўзаро келишувга эришдик. Келгусида фаолиятимизни кенгайтириш имкониятлари пайдо бўлди.

— Ўзбекистон қуёшли ўлка, бу ерда табиий энергетика ишлаб чиқариш имкониятлари катта, — дейди Финландиянинг “ABB” компанияси бизнесни ривожлантириш директори Глен Нюхолм. — Бизнинг корхонамиз айни шу йўналишда иш олиб боради. Халқаро форум доирасида юртингизнинг муқобил энергия ишлаб чиқариш борасидаги имкониятлари билан тўлиқроқ танишдим. Биз бу борада ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Келгусида минтақада фотоэлектр станциялар барпо этиш лойиҳалари устида иш олиб боришни режалаштириб олдик.

Форум доирасида маҳаллий тадбиркорларимиз хорижлик ҳамкасблари билан музокаралар олиб боришди. Мазкур учрашувларда туризм, балиқчилик ҳамда қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳалари юзасидан бир қатор келишувларга эришилди. Шундан сўнг инвесторларнинг форум юзасидан ҳисоботлари тингланди. Халқаро анжуман якунида келгусидаги ҳамкорликни янада жадаллаштириш борасида 20 га яқин меморандумлар имзоланди. Бунда Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Хитой ва Тожикистонлик ишбилармон доира вакиллари ташаббускорлик кўрсатди.

Нуриддин РАҲИМОВ.

Суратлар муаллифи

Сирож АСЛОНОВ.

21.05.2018

1 га такдимотАлломалар китобни содиқ дўстга, буюк донишмандга, оқибатли устозга қиёслашади. Бу фикрларнинг илдизлари олис-олис мозийларга бориб тақалади. Муҳтарам Президентимиз ижтимоий ҳаётимизда китобнинг аҳамиятини янада юксалтириш мақсадида кўпдан-кўп ҳужжатларга имзо чекдилар. Энди гап кун тартибига қўйилган ана шундай долзарб муаммолар ечими ва вазифалар ижросида.

Кармана тарихи нафақат Ўзбекистонимизда, балки, бутун Марказий Осиёда ҳам ўз ўрни ва мавқеига эга эканлиги азалдан аёндир.

Ҳақиқатан ҳам қадимий ва навқирон Кармана ўзининг буюк ва бетакрор тарихига эга эканлиги би­лан алоҳида ажралиб туради. Бу ҳудуд миллий қадриятларимизнинг олтин бешиги десак, асло хато бўлмайди.

Шундан сўнг бир неча муаллифларнинг Кармана тарихига бағишланган рисолалари, китоблари, ўнлаб таҳлилий мақолалари ёруғлик юзини кўрди. Уларга карманалик китобхонлар ўз муносабатларини билдирдилар.

2018 йили Тошкентдаги “Янги китоб” МЧЖда тумандошимиз Шуҳрат Халиловнинг “Карманаю пирга бой” китоби минг нусхада чоп этилди.  Аввало, китобнинг номи ҳақида фикр юритсак. Муаллиф ўз асарига нима учун шундай ном берган? Яқин-яқинларгача айримлар, ҳатто зиёлилар ҳам “Карманаю пир гадой” деб айтишдан ўзларини тия олмас эдилар. Аслида эса Кармана ҳақиқий пирлар бешиги эканлигини улар ё билмас эдилар, ёки тан олишни истамаганлар. Шу маънода бу китоб ана шундай гап-сўзларга ўзига хос тарзда нуқта қўйди.

15 май куни туман ҳокимлигининг катта мажлислар залида ана шу ажойиб китобнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Уни Кармана тумани ҳокими Фахритдин Умаров кириш сўзи билан очиб, муаллифни табриклади.

Шундан сўнг сўз олган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Кармана овози” газетаси масъул котиби Одил Ҳотамов, Навоий давлат педагогика институти тарих факультети декани, тарих фанлари номзоди Хуршид Қурбоновлар ушбу асарнинг ёш авлод тарбиясидаги беқиёс аҳамияти, маънавиятимиз ва маърифатимизни юксалтиришдаги ўрни ҳақида сўз юритиш билан бирга, ёшларимиз, айниқса, умумий ўрта таълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари бу китобни астойдил ўқиб-ўрганишлари зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Шундан сўнг сўз олган меҳнат фахрийлари — Мубошира ая Ражабова, Матлуба Адизова, Агросаноат мажмуи касаба уюшмаси туман Кенгаши раиси Ўткир Ражабов, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Анора Бобомуродовалар ҳам китобнинг Буюк Ипак йўлида жойлашган Кармана тарихини ўрганишда муҳим рол ўйнашини айтиш билан бирга, бу китоб ҳар бир хонадондан ўрин олиши шарт ва лозимлигини қайд этдилар.

Тадбир сўнггида туман ҳокими Ф. Умаров муаллифга Кармана тумани ҳокимлигининг “Ташаккурнома”сини топширди.

Энди сарлавҳадаги саволга келадиган бўлсак, мазкур китобда таъкидланишича, Шоҳруҳ Мирзо Мовароуннаҳр подшоси тожини Мирзо Улуғбекка Карманада кийгизган.

Китобда туманимиз тарихига оид яна кўплаб янги ва қизиқарли маълумотлар келтирилган. Шу боис, ушбу китоб сизу бизнинг кўнглимиздан, фарзандларимизнинг кундалик ҳаётидан ўрин олишига ҳеч қандай шубҳа йўқ.

О. ОЛИМОВ.

21.05.2018

 

BEG IMG 7268

 

   “ИНСОН ҚАДРИ УЛУҒ, ХОТИРА     МУҚАДДАС”

  Вилоят Маънавият ва маърифат бўлими тасарруфидаги Алишер Навоий номли “Китоб олами” маънавий-маърифий савдо мажмуасида 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан бир гуруҳ фахрийлар иштирокида “Инсон қадри улуғ, хотира муқаддас” номли маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди.

Кармана туман Маънавият ва маърифат бўлинмаси ҳамда “Китоб олами” маънавий-маърифий мажмуаси ҳамкорлигида бўлиб ўтган тадбирда  туманнинг Арғун маҳалласида яшовчи фронт орти фахрийси Орзибобо Ҳожиев, Алишер Навоий маҳалласида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийлари Гулсина ая Шагиева ҳамда Воси бобо Исломов, Бешкент маҳалласидан меҳнат фахрийси Ҳамрогул ая Қосимова, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Комил Қурбонов ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этишди. 

Тадбир аввалида бугунги тинч ва осуда кунларнинг қадрига етишга ундовчи лавҳалар, уруш даврининг суронли ва даҳшатли кунларини тасвирловчи видеоролик намойиш этилди. Шундан сўнг сўзга чиққанлар бугунги кунда мамлакатимизда уруш ва меҳнат фахрийларини қадрлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтишди.

Ўқувчилар иштирокидаги бадиий қисм ҳам мазмунли бўлди. Улар Ватан қадри, болаликнинг беғубор онлари ҳақида ўзларининг шеър, қўшиқ ва саҳна кўринишларини намойиш этишди.

Беҳзод САВУРОВ,

туман Маънавият ва

маърифат бўлинмаси раҳбари.

15.05.2018