ilmiy1Воҳамизда ўрмон ерларининг ҳолатини яхшилаш, қайта тиклаш, чўл ҳудудларидаги қаровсиз ер майдонларидан унумли фойдаланиш мақсадида 24 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Навоий вилоятида ўрмон хўжаликларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда вилоятимизнинг Нурота туманида Нурота давлат ўрмон хўжалиги, туманимизда эса Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ҳузурида Чўл ҳудудларида ўрмончиликни ривожлантириш илмий маркази ташкил этилиши белгиланган.

Ҳужжатда Нурота давлат ўрмон хўжалигининг асосий вазифаси этиб туманда ўрмон барпо этиш ва уни ҳар томонлама кенгайтириш ҳам­да муҳофаза қилиш, табиий бойлик­лардан оқилона фойдаланиш, ҳудудда писта, бодом ва доривор ўсимликлар плантацияларини кўпайтириш эканлиги қайд этилган. Шунингдек, 6 нафар малакали илмий ходим фаолият олиб борадиган янги илмий марказ чўл ҳудудларида яйловларни қайта тиклаш ва кўпайтиришнинг самарали инновацион усулларини ишлаб чиқиш ишларини олиб боради. Ушбу муассаса учун лаборатория жиҳозлари сотиб олиш ва ишлаб чиқиладиган лойиҳаларни амалга ошириш учун маҳаллий ва хорижий грант маблағлари жалб этилиши кўзда тутилган.

Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан ҳамкорликда Нурота тумани ҳудудидаги ер майдонларини қайта хатловдан ўтказиб, табиий ўрмонзорлар ва самарасиз фойдаланилаётган ер майдонларини доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан Нурота давлат ўрмон хўжалигига белгиланган тартибда ажратиб берилади.

Бундан ташқари, Навоий давлат ўрмон хўжалигининг кўчатчилик иссиқхона комплекси янги илмий марказга тақдим этилмоқда.

2019 йилдан бошлаб Нурота давлат ўрмон хўжалиги ва марказ фаолияти Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан тақдим этиладиган ҳисоб-китобларга асосан Молия вазирлиги томонидан давлат бюджети параметрларида назарда тутилган ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар ва қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Ҳужжатда, шу билан бирга Нурота давлат ўрмон хўжалигида 2018-2021 йиллар давомида Сентобсой ва Чуя ҳудудларида инновацион технологияларни қўллаган ҳолда 10 минг гектар майдонда писта плантацияларини босқичма-босқич барпо этиш ҳамда қатор ораларидаги 5 минг гектар майдонда коврак етиштириш лойиҳаларини халқаро грантларни жалб этиш ҳисобидан молиялаштириш, замонавий лаборатория жиҳозлари сотиб олиш ҳамда қишлоқ хўжалик техникалари билан таъминлаш вазифалари кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, БМТнинг Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси доирасида ажратиладиган маблағлар ҳисобидан Уч­қудуқ, Томди ва Конимех туманларида 2018-2020 йилларда 150 минг гектар майдонда саксовулзор ва озуқага бой яйловларни барпо этиш чораларини кўриш белгиланган.

Мухтасар айтганда, мазкур қарор ижроси юзасидан вилоятимизнинг ўрмонзорларини кенгайтириш, ҳудуддаги чўл ва адирлардан самарали фойдаланишда ўзига хос илмий ёндашув – самарали янги тизимни яратади.

Ўз мухбиримиз.

03.08.2018

avto— Турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам яхши пенсия оламиз. Ушбу пенсиямизни асос қилиб кредитга автомобиль олишимиз мумкинми?

Келдиёр Аҳмедов,  “Ёшлик” маҳалласи.

— "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Акциядорлик тижорат банклари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 1998 йил 2 октябрдаги ПФ-2084-сонли Фармони талабларига асосан тижорат банклари кредит операцияларини банк Кенгаши томонидан тасдиқланган “Кредит сиёсати” асосида мустақил амалга оширадилар.

Мазкур конуннинг 20-моддасида банклар банк операцияларини амалга оширишга доир қарорлар қабул қилишда мустақил эканликлари, 28-моддасида банк операциялари бўйича фоиз ставкалари ва воситачилик ҳақи миқдори банклар томонидан мустакил белгиланиши, 31-моддасида банклар ва уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатлар шартномалар асосида амалга оширилиши белгиланган.

Истеъмол кредити (автокредит) бериш борасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг "Истеъмол кредити тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ тартибга солинади.

Мазкур Қонуннинг 3-моддасига кўра, истеъмол кредити жисмоний шахсга (истеъмолчига) унинг истеъмол эҳтиёжларини қондириш мақсадида товарлар (ишлар, хизматлар) сотиб олиш учун бериладиган кредитдир.

Қонуннинг 7-моддасида истеъмол кредити ўз фаолияти натижасида олинган даромадларга, пенсия ва бошқа даромадларга эга бўлган жисмоний шахсларга берилиши белгиланган.

Ушбу Қонуннинг 8-моддасига асосан, истеъмолчи истеъмол кредити (автокредит) олиш учун кредит буюртмасини ва ўз даромадлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бошқа ҳужжатларни истеъмол кредити берувчи ташкилотга тақдим этади.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда истеъмол кредити (автокредит) ажратиш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмол кредити тўғрисида”ги Қонунида белгиланган тартибда тижорат банклари ва уларнинг филиалларига ёзма мурожаат қилиниши мақсадга мувофиқ.

Саволга “Ипотека банк”

Навоий вилоят филиали

бошқаруви раиси

Д. ЁҚУБОВ жавоб берди.

03.08.2018

сщроы— Уй-жойга муҳтожмиз. Қишлоқда қурилаётган арзон уй-жойни қандай олиш мумкин?

Маҳлиё Самадова, Арабхона маҳлласи.

— 2018 йил 9 февралда Вазирлар Маҳкамасининг “Ариза берувчи - уй қурувчининг 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурида иштирок этиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ, маҳалла фуқаролар йиғинларининг арзон уй-жойлар учун тавсиянома бериш ваколати тўхтатилди. Бу ваколатга туман ҳокимликларида ташкил этиладиган махсус комиссия эга бўлди.

Қарорга кўра, қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурида иштирок этиши тартиби тўғрисидаги янги низом тасдиқланди. Низомда бошқа оила ёхуд бошқа оилалар билан бир уйда (бир квартирада) биргаликда яшовчи оила, кўп болали оилалар, тўлиқ бўлмаган оилада болани (болаларни) тарбиялаётган оналар (оталар), даромади юқори бўлмаган оила яшаш шароитини яхшилашга муҳтож оила сифатида қайд этилган. Шунингдек, бир ойдаги жами даромади ҳар бир оила аъзосига белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдоригача тўғри келадиган оила, таркибида биринчи гуруҳ ногирони бўлган ёхуд сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва қонун ҳужжатларига мувофиқ алоҳида хонада яшашга эҳтиёж сезувчи шахс бўлган оила, уй-жой майдони қонун ҳужжатларида назарда тутилган уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ бўлмаган оилалар эндиликда туман ҳокими ҳузурида ташкил этилган доимий комиссияга мурожаат қилиши мумкин. Туман комиссиясига ариза, паспорт нусхаси, солиқ тўловчининг идентификация рақами нусхаси (СТИР), оила аъзолари паспортлари ва никоҳ қайд этилганлиги гувоҳномаси ва ёки фарзандлар туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар нусхалари, яшаш жойидан оила таркиби тўғрисида маълумотнома, никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки никоҳ бекор қилинганлиги ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб тан олинганлиги тўғрисида суд қарори ёки оилавий ҳолати тўғрисида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари (ФҲДЁ) архивидан маълумотнома нусхаси топширилади. Шунингдек, бунда комиссияга доимий иш жойларидан берилган ариза берувчи ва у билан бирга яшаётган оила аъзоларининг охирги 12 ой мобайнидаги даромадлари тўғрисида маълумотнома ёки ариза берувчи ва унинг оила аъзоларининг яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган охирги 12 ой мобайнидаги даромадлар тўғрисидаги декларациялар нусхалари, доимий прописка жойидан кадастр ҳужжати нусхаси, доимий прописка жойидан уй дафтарининг ёки квартиралар бўйича карточканинг (17-шакл) нусхаси ижара ёки турар жойдан текинга фойдаланиш тўғрисида шартнома ёки ер ресурслари ва давлат кадастри туман бўлинмаси маълумотнома нусхаси, ногиронлик гуруҳи кўрсатилган ҳолда пенсия гувоҳномаси, ушбу ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясидаги туманлараро (туман) тиббий-меҳнат эксперт комиссияси (ТМЭК) маълумотнома нусхаси, турар жойи бўйича туман даволаш-профилактика муассасасининг врачлик-маслаҳат комиссияси (ВМК) маълумотномаси ёки ариза берувчининг оила аъзолари орасида сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахснинг мавжудлиги ҳолатида туманлараро (туман) ТМЭК маълумотномаси ҳам ҳужжатларга илова қилинади.

Дастурда иштирок этиш учун тақдим этилган ариза ва ҳужжатлар қайд қилинган охирги санасидан бошлаб туман комиссияси томонидан 15 иш кунида кўриб чиқилади. Текшириш далолатномаси тузилади. Туман комиссияси томонидан ариза берувчиларни танлаш ва Дастурда иштирок этишда уларнинг ижтимоий устуворлигини белгилаш учун фойдаланиладиган ариза берувчиларнинг ижтимоий ва уй-жой шароитларининг асосий кўрсаткичлари эътиборга олиниб, 60 баллик тизимда баҳоланиб, икки нусхада ёзма тавсия берилади.

Кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаса ёки кечикиб тақдим этилса, тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки бузилган маълумотлар бўлса, ариза берувчининг уй-жой шароитларини, шу жумладан, унинг ижтимоий мезонларга мувофиқлиги юзасидан ўрганиш якунлари бўйича тузилган текшириш далолатномасида ариза берувчида уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёж йўқлиги ҳолати асосли кўрсатилса ариза рад қилинади. Шунингдек, мурожаатчи ёки унинг оила аъзоси аввал худди шундай имтиёздан фойдаланган бўлса, унинг аризаси қаноатлантирилмайди.

Саволга “Ипотека банк” Навоий вилоят филиали бошқаруви раиси

Д. ЁҚУБОВ жавоб берди.

31.07.2018

1 га давр ва ислоҳот 11 га давр ва ислоҳот 2

Вилоят божхона бошқармаси ташаббуси билан Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да “Коррупция – миллий хавфсизликка таҳдид” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда воҳамиз ҳудудидаги тадбиркорлар, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда Республика Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш департаменти ҳамда божхона, ички ишлар, адлия ва солиқ бошқармалари, вилоят прокуратураси масъул ходимлари, шунингдек, бош имом-хатиб сўзга чиқиб, юртимизда коррупция, порахўрлик ва таъмагирликнинг ҳар қандай кўринишларига қарши кескин кураш олиб борилаётганлиги ҳақида тўхталдилар.

— Коррупция иллати бугунги кунда жамиятимиз тараққиётига рахна солаётган жиддий муаммо эканлиги ҳеч кимга сир эмас, — дейди вилоят божхона бошқармаси масъул ходими А. Назаров. — Бу бизнинг соҳамизда ҳам учраб туради.

Бугунгунги кунда божхона фаолиятида унга қарши кураш юзасидан янги тартиблар ишлаб чиқилаётгани, мижоз ва ходим ўртасидаги муносабатлар интерактив усулда электрон тарзда йўлга қўйилаётгани ушбу масала ечимида муҳим омил бўлаяпти. Келгусида ҳам бу борадаги ишлар изчил давом эттирилади.

Бир сўз билан айтганда, янгича дунёқарашга эга бўлсаккина, бундай иллатлардан қутула оламиз.

Очиқ мулоқотда, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни, соҳага оид тегишли норматив ҳужжатлар қабул қилинганлиги, аҳоли ўртасида кенг қамровли тушунтириш-тарғибот ишлари юритилаётганлиги қайд этилди. Айни пайтда, маҳаллий ҳокимият идоралари, айниқса, таълим ва тиббиёт тизимидаги айрим мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар томонидан ўз хизмат вазифаси, ваколатларидан порахўрлик, таъмагирлик йўлида фойдаланиш, коррупция ва иқтисодий жиноятчиликка, фирибгарликка қўл уриш ҳолатлари камаймаётганлиги танқид қилинди.

Учрашувда ушбу масалага қонунчилик, ҳуқуқий, психологик жиҳатдан ва диний нуқтаи назардан баҳо берилди. Соф виждонли, чин эътиқодли киши ҳеч қачон бировдан таъма қилмаслиги, ҳалол ризқ топиш, борига қаноат этиш каби инсоний фазилатлар инсоннинг қадрини ошириши ҳақида фикрмулоҳазалар билдирилди.

Давра суҳбати иштирокчилари томонидан ёшларимизни ҳалоллик, ростгўйлик, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, миллатимиз келажагига, унинг хавфсизлигига таҳдид солувчи коррупция иллатидан навқирон авлодни асраб-авайлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Ўз мухбиримиз.

03.08.2018

DSC 0200Давлат дастури доирасида 25  июль санасида Кармана туман ҳокимлигининг катта мажлислар залида  “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ташкил қилинди.

Президентимиз Ш. Мирзиёев томонидан жорий 27  июнь куни имзоланган “Ёшлар –  келажагимиз” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизнинг ҳар бир туман ва шаҳрида вилоят ҳокими ҳамда ёшлар ўртасида мулоқотлар бўлиб ўтмоқда.  Шундай учрашувларнинг бири туманимизда ҳам  уюштирилди.

Вилоят ҳокими ва ўринбосарлари, ёш тадбиркорлар,  вақтинча ишсиз ёшлар,  Навоий шаҳри ва Кармана тумани ташкилотлари раҳбарлари қатнашган мазкур йиғилишда асосан ёшлар муаммолари,  ўз фаолиятларида тўсиқ бўлиб келаётган, жойларда йўл қўйилаётган камчиликлар муҳокамага тортилди. 

– Ҳозирда муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинаётган  қарор,  фармонлар ёшларимизнинг муаммоларини ўрганиш ва тезда бартараф этиш,  уларнинг бўш вақтини мазмунли  ўтказиш, асосийси, ҳаётда ўз ўрнини топишлари учун муҳим омил бўлмоқда, – дейди Навоий вилояти ҳокими, сенатор Қобил Турсунов. – Вилоятимиз аҳолисининг қарийб олтмиш фоизини ёшлар ташкил этишини ҳисобга олган ҳолда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳар қачонгиданда муҳим вазифа ҳисобланади.  Жамиятимизда ёшларимизнинг ишсизлигини бартараф этиш ғоят  долзарбдир. Эндиликда улар ўртасида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва ишбилармонлик савиясини тарғиб қилиш бу каби муаммоларни камайтиришда ўз ёрдамини беради.

Сўнгра бир гуруҳ ёшлар сўзга чиқиб, юзага келаётган баъзи муаммолар ва камчиликлар,  уларнинг ечими хусусида вилоят ҳокими ва мутасаддиларга саволлар йўллашди.

Қизғин савол-жавоб руҳида давом этган учрашувда ўз тадбиркорлигини бошлаш истагини билдирган ва фаолиятини давом эттиришда турли қийинчиликларга дуч келаётган, ишсиз,  саломатлигида нуқсони бор ёшлар ҳамда тадбиркорликда намуна кўрсатаётган фуқаролар ўз савол ва таклифларига атрофлича жавоб олдилар.

Ўз мухбиримиз.

31.07.2018