DSC 2465Кўхна ва азим Шаҳрисабз. Азалдан бу гўзал маскан санъат соҳасининг бешиги саналган. Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар давридан бошлаб маданият ва санъат ривож топган бетакрор замин...

Асрлар ўтибдики, бу маскан ўз тарихий аҳамиятини йўқотмаган, аксинча, авлодлар учун доимо азиз ва қадрли бўлиб қолмоқда. Ҳаммамизга маълум, миллий мақом санъати қадимий тарихи ва бой ижодий анъаналари билан халқимиз маънавий ҳаётида муҳим аҳамият касб этган. Биргина “Шашмақом” ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида эътироф этилгани санъатнинг ушбу ноёб тури дунё миқёсида тан олинганининг яққол намунасидир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган  “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Шаҳрисабз шаҳри узра миллий мақом санъатимиз намуналари баралла янгради. Жорий йил 6 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шаҳрисабзда Халқаро мақом санъати анжуманининг очилиш маросимида иштирок этиб, нутқ сўзлади:

— Мамлакатимизда биринчи бор ўтказилаётган ушбу санъат байрамида дунёнинг 73 та давлатидан келган 300 га яқин иштирокчилар ва меҳмонлар қатнашмоқда. Уларнинг орасида нафақат ўз юртида, балки жаҳон миқёсида ҳам машҳур хонанда ва созандалар, маданият ва санъат арбоблари, мусиқашунос олимлар борлиги барчамизга катта мамнуният бағишлайди, — деди Президентимиз ўз нутқида.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қадим ва навқирон Шаҳрисабзда ўтказилган ушбу анжуманда миллий мумтоз санъатимиз жозибаси ўзгача талқинда намойиш қилинди. Хусусан, ҳар бир вилоят вакиллари учун алоҳида саҳна ажратилиб, улар ҳудудининг тарихи, анъаналарини ўзида жамлаган ҳолда безатилди.

Ана шу нуфузли анжуманда вилоят маданият бошқармаси тасарруфидаги ҳамда “Фарҳод”, ”Ширин” маданият саройларидаги бадиий-жамоалар ўз репертуарлари билан иштирок этишди. Қувонарлиси, кўплаб хорижий давлат вакиллари иштирок этган мазкур маданий тадбирда нафақат вилоятимиздан, балки туманимиздан ҳам санъат аҳли вакиллари қатнашди.

— Авваламбор, ушбу тантанали тадбирда иштирок этганимдан бошим кўкка етди, — дейди тумандошмиз, “Ниҳол” мукофоти совриндори Шерзод Шодиев. — Вилоятимиз ижод аҳли учун ажратилган махсус саҳнада кўҳна Карманадан тортиб Нурота чашмаси-ю, Сармишсойнинг тарихий тошбитикларини ўзида акс эттирганлиги кўзни қувонтирди. Фестиваль хорижий сайёҳларда ҳам катта таассурот қолдирди. Мумтоз наволар сеҳри миллат маънавиятининг боқийлигини таъминловчи ана шундай буюк қудратга эга омил эканлиги яна бир бор ўз исботини топди. Тўғрисини айтсам, фестивалнинг шукуҳи мени ҳали ҳам тарк этгани йўқ.

Дарҳақиқат, анжуман доирасидаги тадбирларда буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ижодига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Навоий сиймосини жонлантириш, унинг ғазалларига басталанган кўй-қўшиқлар нафақат вилоятимиз, балки барча қатнашчилар репертуаридан жой олганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Янада қувонарлиси, Маданият вазирлиги томонидан анжуманда иштирок этиш учун 85 давлат мурожаат этганлиги ва шулардан 70 га яқини танлаб олинганлиги бўлди. Шуни таъкидлаш жоизки, 40 тадан ортиқ хорижий оммавий ахборот воситалари анжуманни тўғридан-тўғри ўз юртига жонли узатиш истагини билдиришган.

Мазкур нуфузли анжуманнинг ўзбек миллий мақом санъатини кенг миқёсда тарғиб қилиш, ёш авлодни мумтоз куй-қўшиқларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни беқиёс. Ушбу фестиваль дунёда мумтоз мусиқа шайдоларини бир жойга жамлаш орқали халқлар ўртасидаги маданий ҳамкорликни ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этганлигига асло шубҳа йўқ.

Мадина ЯКУБОВА.

27.09.2018