МУҚАДДАС АЙЁМ РУҲИГА ҲАМОҲАНГ ҚУВОНЧ
Жонажон юртимизда муборак Рамазон ҳайити шукуҳи барча кўнгилларга қувонч улашмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 11 июндаги “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, бу йил 15-17 июнь кунлари байрам сифатида кенг нишонланди.
Вилоятимизда ҳам ана шу муқаддас айёмнинг мазмун-моҳиятини одамларга тушунтириш, уларни руҳий поклик, яхшилик ва ҳамжиҳатликка даъват этишга бағишланган қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни ободонлаштириш, эҳтиёжманд кишиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасидаги эзгу ишларда эса, давлат ва нодавлат ташкилотлар билан бирга, кенг жамоатчилик ҳам фаол қатнашмоқда.
Таъкидлаш жоизки, жорий Рамазон ойида вилоятимиздаги 78 та жомеъ масжидида таровеҳ намозлари ўқилди ва уларда 4,5 минг нафарга яқин юртдошларимиз иштирокида Қуръони карим хатмоналари қилинди. Давлатимиз раҳбарининг қарорига асосан, 13-14 июнь кунлари ана шу ибодат масканларида ҳашар ташкил этилиб, уларнинг ҳудудлари ободонлаштирилди.
Шунингдек, барча маҳаллаларда Рамазон ҳайитини азалий урф-қадриятларимиз, миллий ҳамда диний анъаналаримизга муносиб тарзда нишонлаш мақсадида ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд кишилар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, якка-ёлғиз яшовчи, ногиронлиги бўлган оилаларга яқиндан кўмаклашилмоқда.
Жумладан, 14 июнь куни вилоятимизда 210 нафар жисмоний имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравачалари, 42 нафар уй-жойга муҳтож, меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган ва эҳтиёжманд фуқароларга намунавий лойиҳадаги арзон уйлар, шинам хонадонлар калитлари тантанали равишда топширилди.
Тантанали тадбирларда вилоят ҳокими Қ.Турсунов сўзга чиқиб, юртимизда халқнинг орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш, унинг турмуш даражасини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Айниқса, ўзгалар кўмагига муҳтож, жисмоний имконияти чекланган аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, эмин-эркин яшаши, ўз имкониятлари даражасида меҳнат қилишига кенг йўл очиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани қайд этилди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишларда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Эрта тонгдан Кармана туманидаги “Оқшом” тантаналар масканида ногиронлиги бор шахсларга махсус аравачалар топширилиб, байрам дастурхони ташкил этилди. Кўнгли ярим инсонлар бундай хайру саховат тадбирлари ҳамда эътибордан мамнун эканликларини изҳор этди.
— Айрим сабабларга кўра, турмуш ўртоғим Ғулом Расуловнинг жисмоний имкониятлари чекланиб қолди, — дейди Навоий шаҳри, “Ўзбекистон” маҳалласида яшовчи Л. Расулова. — Давлатимизнинг ғамхўрлигидан доим мамнунмиз. Муқаддас байрам арафасида кўрсатилаётган бундай эътибор учун Президентимизга раҳмат айтамиз.
Шу куни Кармана туманининг “Варқ” массивида ҳам 2 сотихлик намунавий лойиҳадаги уй-жойларга бир гуруҳ эҳтиёжманд оилалар ҳамда меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган фуқаролар кўчиб ўтди. Маҳаллада бошланган байрам сайли кўнгилларга завқ-шавқ улашди.
2-гуруҳ ногирони Саломат Сувонованинг янги хонадонига яқинлари ва қариндошлари, маҳалладошлари жам бўлди. Уй соҳибасининг қувончларига шерик бўлиб, чин дилдан муборакбод этишди.
— Қўлимда ҳунарим бор, тикувчилик билан шуғулланаман, — дейди С. Сувонова. — “Навоий дон маҳсулотлари” акциядорлик жамияти касаначилик асосида мени тикувчиликка ишга қабул қилди. Шундай шинам уйга эга бўлишимда корхона беминнат кўмак берди. Энди корхонанинг ривожланиши ва турмушим фаровонлиги учун меҳнат қилишга имконият яратилди. Бунинг учун барча мутасаддиларга раҳмат айтаман.
Ўз мухбиримиз.
22.06.2018