DSC 0747Муборак Рамазон ойи бетимсол эзгулик, меҳр-шафқат, хайру саховат рамзидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 майда қабул қилинган “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорида муборак Рамазон ойининг ижтимоий ҳаётимизда ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилганлиги ғоят муҳимдир. Бу ҳаётий ҳақиқат ўтган ой давомида яна бир бора ўз тасдиғини топди.

Рўза тутиш фақат еб-ичишдан тийилишдан иборат эмас. Аввало, сидқидилдан, иймон-эътиқод билан ҳаракат қилиш, одамларнинг дилини оғритмаслик, кўнгли ярим, хаста, эҳтиёжманд кишиларнинг кўнглини кўтариш, уларга ҳеч қандай таъмасиз яхшилик қилишни Аллоҳ буюрган. Яратганга беадад шукурлар бўлсинки, кўплаб рўзадорларимиз худди шундай йўл тутишди.

Бутун Рамазон ойи давомида боқувчисини йўқотганлар, ёлғиз кексалар, муҳтож кишилар хонадонларига файзу барокат тимсоли сифатида совға-саломлар, озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси етказиб турилди. Бундай эзгу ишлар бевосита туман ҳокимлиги раҳнамолигида, маҳаллалар, ташкилотлар, корхоналар, тадбиркорлар, фермерлар ҳомийлигида, қолаверса, бевосита рўзадорлар саъйҳаракатлари билан амалга оширилиб келинди.

Биз нуронийларни қувонтирадиган яна бир жиҳати шундаки, муборак айём — Рамазон ҳайити кунларида ҳам кўнглимизни осмон қадар юксалтирадиган бундай амаллар аввалгиданда кўпроқ ташкил этилаяпти.

Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишни истар эдимки, муборак Рамазон ойи мобайнида Мир Саид Баҳром, Хўжа Хисрав мақбаралари таъмирланди, Қосимшайх Азизон ёдгорлик мажмуаси бошдан-охир обод қилинганлиги барчамизга манзур бўлди.  

Юртбошимиз бошчилигида рўёбга чиқарилаётган ислоҳотлар, барча соҳаларда юз бераётган ҳаётий ўзгаришлар туфайли одамларимиз, кексаларимиз турмушидан, умридан, аввало, инсонпарвар давлатимиздан рози бўлмоқдалар.

Мустақиллик туфайли ҳайитларимиз умрбоқий қадриятларимиз сифатида ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин олди.

Азиз юртдошлар, биз нуронийлар қайта-қайта шукроналар айтиб, барчангизни Рамазон ҳайити билан муборакбод этамиз.

К. ҚУРБОНОВ,

туман “Нуроний”

жамғармаси раиси.

18.06.2018