- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 552
Болажонлар янги ўқув йилини орзиқиб кутишади. Янги кийимларда, янги ўқув қуроллари билан тезроқ мактаб остонасига қадам қўйиш қайси ўқувчига хуш ёқмайди, дейсиз.
Ўқиш бошланишига ҳали вақт бўлсада, аксарият оила фарзандлари мактабга боришга тайёр. Улар мактаб, маҳаллаю марказий бозорларда очилган мактаб ярмаркаларидан керакли ўқув қуролларини аллақачон сотиб олишга улгуришди.
Ҳудудларда ташкил этилган мактаб бозори ва ярмаркалар ота-оналарга қулайлик яратмоқда. Туманимизда ҳам ана шундай бозорлар ташкил этилган бўлиб, ота-оналар фарзандлари учун керакли ўқув қуролларини уйларига яқин жойдан сотиб олиш имконига эга бўлмоқдалар.
— Ҳар йилги анъанага биноан бу йил ҳам мактаб ярмаркаси фаолияти ташкил қилинди. Талабларга биноан 26 турдаги ўқув қуроллари билан таъминланган ярмаркада ота-оналар учун барча қулайликлар муҳайё. Рўйхатда қайд этилган ўқув қуролларига эҳтиёж катта. Ҳар бир харидорнинг талабини қондиришга ҳаракат қилаяпмиз. Тўловлар нақд пул, терминал ва пул кўчириш йўли билан амалга оширилмоқда. Харид қилинадиган ўқув қуролларининг нархи ҳам ҳамёнбоп, — дейди “Канцмаркет” тижорат корхонасига қарашли маданий моллар дўкони раҳбари Хуршид Умаров.
Дарҳақиқат, аҳоли гавжум бўлган нуқталарда мактаб бозори ва ярмаркаларнинг ташкил этилишидан ота-оналар бағоят мамнун.
М. ЯКУБОВА.
Сурат муаллифи
С. АСЛОНОВ.
17.08.2018
- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 578
Вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Р. Турсунов ёнғин хавфсизлиги ходимлари ҳамда уларнинг ота-оналари ва оила аъзолари билан учрашди.
Навоий шаҳридаги “Ширин” маданият саройида ўтказилган юзма-юз мулоқот жараёнида вилоят ҳудудида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар ва уларнинг мол-мулкини ёнғин офатларидан ҳимоя қилишда соҳа ходимлари олдида турган долзарб вазифалар билан бир қаторда тизимда ўтказилган ислоҳотлар ҳақида сўз борди. Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашув жараёнида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, одамларни ёнғиндан қутқариш энг хайрли, эзгу иш эканлиги, бу масъулиятли вазифа инсондан жасорат ва фидойилик талаб этиши алоҳида таъкидланди.
Тадбир якунида бошқарма бошлиғи ўз касбига садоқат билан хизмат қилаётган бир гуруҳ фидойи ходимлар номини эътироф этиб, уларнинг ота-оналарига миннатдорчилик билдирди ҳамда тантанали руҳда совға-саломлар топширди.
Тадбир концерт дастурига уланиб, янада файзли ўтди.
Ўз мухбиримиз.
10.08.2018
- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 506
Воҳамизда ўрмон ерларининг ҳолатини яхшилаш, қайта тиклаш, чўл ҳудудларидаги қаровсиз ер майдонларидан унумли фойдаланиш мақсадида 24 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Навоий вилоятида ўрмон хўжаликларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда вилоятимизнинг Нурота туманида Нурота давлат ўрмон хўжалиги, туманимизда эса Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ҳузурида Чўл ҳудудларида ўрмончиликни ривожлантириш илмий маркази ташкил этилиши белгиланган.
Ҳужжатда Нурота давлат ўрмон хўжалигининг асосий вазифаси этиб туманда ўрмон барпо этиш ва уни ҳар томонлама кенгайтириш ҳамда муҳофаза қилиш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш, ҳудудда писта, бодом ва доривор ўсимликлар плантацияларини кўпайтириш эканлиги қайд этилган. Шунингдек, 6 нафар малакали илмий ходим фаолият олиб борадиган янги илмий марказ чўл ҳудудларида яйловларни қайта тиклаш ва кўпайтиришнинг самарали инновацион усулларини ишлаб чиқиш ишларини олиб боради. Ушбу муассаса учун лаборатория жиҳозлари сотиб олиш ва ишлаб чиқиладиган лойиҳаларни амалга ошириш учун маҳаллий ва хорижий грант маблағлари жалб этилиши кўзда тутилган.
Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан ҳамкорликда Нурота тумани ҳудудидаги ер майдонларини қайта хатловдан ўтказиб, табиий ўрмонзорлар ва самарасиз фойдаланилаётган ер майдонларини доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан Нурота давлат ўрмон хўжалигига белгиланган тартибда ажратиб берилади.
Бундан ташқари, Навоий давлат ўрмон хўжалигининг кўчатчилик иссиқхона комплекси янги илмий марказга тақдим этилмоқда.
2019 йилдан бошлаб Нурота давлат ўрмон хўжалиги ва марказ фаолияти Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан тақдим этиладиган ҳисоб-китобларга асосан Молия вазирлиги томонидан давлат бюджети параметрларида назарда тутилган ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар ва қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Ҳужжатда, шу билан бирга Нурота давлат ўрмон хўжалигида 2018-2021 йиллар давомида Сентобсой ва Чуя ҳудудларида инновацион технологияларни қўллаган ҳолда 10 минг гектар майдонда писта плантацияларини босқичма-босқич барпо этиш ҳамда қатор ораларидаги 5 минг гектар майдонда коврак етиштириш лойиҳаларини халқаро грантларни жалб этиш ҳисобидан молиялаштириш, замонавий лаборатория жиҳозлари сотиб олиш ҳамда қишлоқ хўжалик техникалари билан таъминлаш вазифалари кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, БМТнинг Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси доирасида ажратиладиган маблағлар ҳисобидан Учқудуқ, Томди ва Конимех туманларида 2018-2020 йилларда 150 минг гектар майдонда саксовулзор ва озуқага бой яйловларни барпо этиш чораларини кўриш белгиланган.
Мухтасар айтганда, мазкур қарор ижроси юзасидан вилоятимизнинг ўрмонзорларини кенгайтириш, ҳудуддаги чўл ва адирлардан самарали фойдаланишда ўзига хос илмий ёндашув – самарали янги тизимни яратади.
Ўз мухбиримиз.
03.08.2018
- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 750
“ЁШЛАР МЕҲНАТ ГУЗАРИ” — ЁШ АВЛОДНИНГ ҲУЗУРИ
Бугун дунёнинг энг ривожланган мамлакатларида ҳам ишсизлик муаммоси мавжуд. Жумладан, юртимизда ҳам ҳамма ўзи истаган, эгаллаган соҳа бўйича ишлаш имкониятига эга эмас. Хусусан, кейинги йилларда ёшларнинг бандлигини таъминлаш бирмунча қийин бўлди. Касб-ҳунар коллежларини битирган йигит-қизларни ёлғондакам ишга жойлаштириш, қоғоздагина уларнинг бандлигини таъминлаш ҳолларига кўникиб ҳам қолдик.
Бекорчилик эса ҳеч қачон, ҳеч кимга яхшилик олиб келмаган. Натижада ёшлар томонидан содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сони ошди. Қайси бир йигит иш излаш баҳонасида хорижга кетиб, ё соғлигидан айрилди, ёки ёт ғояли оқимлар таъсирига тушди, қайси бир қиз эса ўзбекона шарм-ҳаё ва ибо-ҳаёни унутиб, бегона юртларда дарбадар бўлди. Хуллас, муаммо муаммоларни келтириб чиқарди.
Шукурки, бугун бу муаммоларнинг ҳаммаси бартараф этилишига умид уйғонди, ишонч пайдо бўлди. Энг муҳими, амалий ҳаракатга киришилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан тасдиқланган “Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастури ҳақиқатан ҳам келажак ворислари ҳаётида янги бурилиш ясади. Мазкур дастур ижросини таъминлаш мақсадида тузилган ишчи гуруҳ аъзолари мамлакатимиздаги барча маҳаллаларда уйма-уй юриб, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар билан юзма-юз суҳбатлашди, уларнинг орзулари, режалари билан танишди, муаммоларини ўрганди. Жараёнда вилоятимизнинг мингдан зиёд ёшлари “Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастури мазмун-моҳиятини англаб, шу асосда бизнесини бошлаш ёки ишга кириш режасини тузиб, чет элларга ишлагани кетиш фикридан қайтгани қувонарлидир, албатта.
Дарҳақиқат, ўз юртида ишлаши, эмин-эркин яшаши, бир сўз билан айтганда бахтга эришиши учун барча имконият ва шароитлар яратилган инсон хорижда бахт излаб нима қилади? Жойларда барпо этилаётган “Каворкинг маркази” ва “Ёшлар меҳнат гузари” комплекси кабилар уларнинг орзулари рўёбига кафолат бўлади, десак муболаға эмас. Шибзон маҳалласида барпо этилган “Ёшлар меҳнат гузари”ни кўриб, биз бунга яна бир карра амин бўлдик.
Шибзон маҳалласи Жалойир қишлоғида жойлашган. Бир пайтлар таниқли журналист Ашурали Жўраев киндик қони тўкилган мазкур қишлоқ ҳақида, у ердаги оғир шароит, меҳнатдан зада бўлиб, рўшнолик кўрмай яшаётган қишлоқдошлари тўғрисида таъбир жоиз бўлса, исён қилиб очерклар ёзган эди. Ҳозирчи? Энди бу қишлоқни шаҳардан асло фарқламайсиз. Равон йўллар, шинам уй-жойлар, замонавий сервис шохобчалари, қисқаси, кўрганда кўз қувнайди. Ёш тадбиркор Элдор Мансуров барпо этган “Ёшлар меҳнат гузари” ана шу кўркам қишлоққа чинданда ярашган бир маскан бўлди.
— Президентимиз ташаббуслари билан жорий этилган “Ёшлар – келажагимиз” дастури биз ёшларга шижоат, янги ғоялар бағишлади, — дейди Элдор. — Аслида маҳалламизда савдо мажмуаси ва ошхона қуришни режалаштирган эдим. “Ёшлар – келажагимиз” дастури билан танишгач, Юртбошимиз мен каби тадбиркор ёшлардан умид қилаётганларини, уларнинг ишончини оқлашим зарурлигини англадим. Тикувхона ва сартарошхона очишни режалаштирдим. Бу ғоям туман ҳокимлигига, дастур ижроси бўйича тузилган штаб аъзоларига ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгашидагиларга маъқул бўлди. Мени қўллаб-қувватлашди ва тижорат банкидан 600 миллион сўм кредит олишимга амалий ёрдам кўрсатишди. Аҳамиятлиси, кредит кафолати, яъни гаровининг 50 фоизига “Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси кафил бўлди. Туман ҳокими қарори билан “Кармана Элдорадо” хусусий корхонамиз ёнида бизга қўшимча бино ва жой ажратилиб, “Ёшлар меҳнат гузари”ни барпо этдик.
“Ёшлар меҳнат гузари”нинг очилиш маросими шибзонликлар, қолаверса, бутун Жалойир аҳли учун байрамга айланди. Шу куни гузардаги тикув цехига ишга жойлашган 30 нафарга яқин хотин-қизга меҳнат дафтарчалари топширилди. Хитойда ишлаб чиқарилган тикув дастгоҳларида бежирим кийим-кечакларни тикаётган қизлар ўз қишлоғида мана шундай замонавий корхона қурилганидан чексиз мамнун.
— Коллежни тугатганимга беш йил бўлди, — дейди Зарина Нарзиева, — шунча пайтдан буён ишсиз эдим. Қишлоғимизда тикув цехи очилгани мен каби ишсизлар учун катта имконият бўлди. Ўз қўлимиз билан шунақа чиройли либослар тикаётганимизга ишонгимиз келмайди.
Жорий йилда Кармана саноат иқтисодиёт коллежини битирган Ораста Маҳмудова ҳам Зарина каби суюниб гапиради.
“Ёшлар меҳнат гузари” комплексидаги сартарошхона ва савдо мажмуаси ҳам ёшлар бандлигини таъминлаш билан бирга қишлоқ аҳолиси учун катта қулайлик бўлди. Туманимизда яна 7 та ана шундай Ёшлар меҳнат гузарлари барпо этилиши режалаштирилган.
Холбиби САФАРОВА.
Суратлар муаллифи
Сирож АСЛОНОВ.
10.08.2018
- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 566
— Турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам яхши пенсия оламиз. Ушбу пенсиямизни асос қилиб кредитга автомобиль олишимиз мумкинми?
Келдиёр Аҳмедов, “Ёшлик” маҳалласи.
— "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Акциядорлик тижорат банклари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 1998 йил 2 октябрдаги ПФ-2084-сонли Фармони талабларига асосан тижорат банклари кредит операцияларини банк Кенгаши томонидан тасдиқланган “Кредит сиёсати” асосида мустақил амалга оширадилар.
Мазкур конуннинг 20-моддасида банклар банк операцияларини амалга оширишга доир қарорлар қабул қилишда мустақил эканликлари, 28-моддасида банк операциялари бўйича фоиз ставкалари ва воситачилик ҳақи миқдори банклар томонидан мустакил белгиланиши, 31-моддасида банклар ва уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатлар шартномалар асосида амалга оширилиши белгиланган.
Истеъмол кредити (автокредит) бериш борасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг "Истеъмол кредити тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ тартибга солинади.
Мазкур Қонуннинг 3-моддасига кўра, истеъмол кредити жисмоний шахсга (истеъмолчига) унинг истеъмол эҳтиёжларини қондириш мақсадида товарлар (ишлар, хизматлар) сотиб олиш учун бериладиган кредитдир.
Қонуннинг 7-моддасида истеъмол кредити ўз фаолияти натижасида олинган даромадларга, пенсия ва бошқа даромадларга эга бўлган жисмоний шахсларга берилиши белгиланган.
Ушбу Қонуннинг 8-моддасига асосан, истеъмолчи истеъмол кредити (автокредит) олиш учун кредит буюртмасини ва ўз даромадлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бошқа ҳужжатларни истеъмол кредити берувчи ташкилотга тақдим этади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда истеъмол кредити (автокредит) ажратиш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмол кредити тўғрисида”ги Қонунида белгиланган тартибда тижорат банклари ва уларнинг филиалларига ёзма мурожаат қилиниши мақсадга мувофиқ.
Саволга “Ипотека банк”
Навоий вилоят филиали
бошқаруви раиси
Д. ЁҚУБОВ жавоб берди.
03.08.2018