— Уй-жойга муҳтожмиз. Қишлоқда қурилаётган арзон уй-жойни қандай олиш мумкин?
Маҳлиё Самадова, Арабхона маҳлласи.
— 2018 йил 9 февралда Вазирлар Маҳкамасининг “Ариза берувчи - уй қурувчининг 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурида иштирок этиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга мувофиқ, маҳалла фуқаролар йиғинларининг арзон уй-жойлар учун тавсиянома бериш ваколати тўхтатилди. Бу ваколатга туман ҳокимликларида ташкил этиладиган махсус комиссия эга бўлди.
Қарорга кўра, қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурида иштирок этиши тартиби тўғрисидаги янги низом тасдиқланди. Низомда бошқа оила ёхуд бошқа оилалар билан бир уйда (бир квартирада) биргаликда яшовчи оила, кўп болали оилалар, тўлиқ бўлмаган оилада болани (болаларни) тарбиялаётган оналар (оталар), даромади юқори бўлмаган оила яшаш шароитини яхшилашга муҳтож оила сифатида қайд этилган. Шунингдек, бир ойдаги жами даромади ҳар бир оила аъзосига белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдоригача тўғри келадиган оила, таркибида биринчи гуруҳ ногирони бўлган ёхуд сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва қонун ҳужжатларига мувофиқ алоҳида хонада яшашга эҳтиёж сезувчи шахс бўлган оила, уй-жой майдони қонун ҳужжатларида назарда тутилган уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ бўлмаган оилалар эндиликда туман ҳокими ҳузурида ташкил этилган доимий комиссияга мурожаат қилиши мумкин. Туман комиссиясига ариза, паспорт нусхаси, солиқ тўловчининг идентификация рақами нусхаси (СТИР), оила аъзолари паспортлари ва никоҳ қайд этилганлиги гувоҳномаси ва ёки фарзандлар туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар нусхалари, яшаш жойидан оила таркиби тўғрисида маълумотнома, никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки никоҳ бекор қилинганлиги ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб тан олинганлиги тўғрисида суд қарори ёки оилавий ҳолати тўғрисида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари (ФҲДЁ) архивидан маълумотнома нусхаси топширилади. Шунингдек, бунда комиссияга доимий иш жойларидан берилган ариза берувчи ва у билан бирга яшаётган оила аъзоларининг охирги 12 ой мобайнидаги даромадлари тўғрисида маълумотнома ёки ариза берувчи ва унинг оила аъзоларининг яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган охирги 12 ой мобайнидаги даромадлар тўғрисидаги декларациялар нусхалари, доимий прописка жойидан кадастр ҳужжати нусхаси, доимий прописка жойидан уй дафтарининг ёки квартиралар бўйича карточканинг (17-шакл) нусхаси ижара ёки турар жойдан текинга фойдаланиш тўғрисида шартнома ёки ер ресурслари ва давлат кадастри туман бўлинмаси маълумотнома нусхаси, ногиронлик гуруҳи кўрсатилган ҳолда пенсия гувоҳномаси, ушбу ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясидаги туманлараро (туман) тиббий-меҳнат эксперт комиссияси (ТМЭК) маълумотнома нусхаси, турар жойи бўйича туман даволаш-профилактика муассасасининг врачлик-маслаҳат комиссияси (ВМК) маълумотномаси ёки ариза берувчининг оила аъзолари орасида сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахснинг мавжудлиги ҳолатида туманлараро (туман) ТМЭК маълумотномаси ҳам ҳужжатларга илова қилинади.
Дастурда иштирок этиш учун тақдим этилган ариза ва ҳужжатлар қайд қилинган охирги санасидан бошлаб туман комиссияси томонидан 15 иш кунида кўриб чиқилади. Текшириш далолатномаси тузилади. Туман комиссияси томонидан ариза берувчиларни танлаш ва Дастурда иштирок этишда уларнинг ижтимоий устуворлигини белгилаш учун фойдаланиладиган ариза берувчиларнинг ижтимоий ва уй-жой шароитларининг асосий кўрсаткичлари эътиборга олиниб, 60 баллик тизимда баҳоланиб, икки нусхада ёзма тавсия берилади.
Кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаса ёки кечикиб тақдим этилса, тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки бузилган маълумотлар бўлса, ариза берувчининг уй-жой шароитларини, шу жумладан, унинг ижтимоий мезонларга мувофиқлиги юзасидан ўрганиш якунлари бўйича тузилган текшириш далолатномасида ариза берувчида уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёж йўқлиги ҳолати асосли кўрсатилса ариза рад қилинади. Шунингдек, мурожаатчи ёки унинг оила аъзоси аввал худди шундай имтиёздан фойдаланган бўлса, унинг аризаси қаноатлантирилмайди.
Саволга “Ипотека банк” Навоий вилоят филиали бошқаруви раиси
Д. ЁҚУБОВ жавоб берди.
31.07.2018