1510668648Асал ўнлаб касалликларга даво бўлгувчи қимматбаҳо маҳсулот саналади. Уни етиштириш эса ўта нозик ва эътибор талаб этадиган соҳадир. Мамлакатимизда ушбу маҳсулотга бўлган эҳтиёжни қондириш ва тармоқда замонавий технологиялардан кенг фойдаланиш мақсадида кейинги йилларда қатор лойиҳалар амалга оширилди.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳани бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, унда наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш, асаларичилик хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш, асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини янада кўпайтириш, уни қайта ишлаш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, илғор тажрибаларни татбиқ этишга замин яратди.

Айни кунда республикамизда 2 мингдан ортиқ асаларичилик ташкилотлари фаолият олиб боради. Яқин келажакда уларнинг сони янада ошиб, асал етиштириш миқдорини жо­рий йилда 17 минг, 2021 йилда эса 23,7 минг тоннага етказиш мўлжалланган.  Жумладан, вилоятимизда 2018 йилда маҳсулот ҳажмини 51 тоннага, ўтган йилга нисбатан ўсишни 120 фоизга таъминлаш кўзда тутилмоқда. Ҳосилнинг 48 тоннаси деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликлар томонидан тайёрланади. Бунга ҳамкорликда иш олиб бориш, асаларилар учун сунъий озуқалар ишлаб чиқаришни ташкил этиб, хўжаликлар захира базасини мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш, даволаш ва ташхис қўйиш бўйича замонавий усулларни жорий этиш орқали эришиш мумкин.

Яна шуни таъкидлаш лозимки, қонунчиликка асосан энди асаларичилик хўжаликлари — “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси аъзоларига асалари оилаларини асал йиғиш мавсуми давомида ўрмон фонди ерлари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, тоғ ва тоғолди ҳудудлари, табиий пичанзор ва яйловлар ҳамда қишлоқ хўжалиги ерлари фойдаланишга бепул берилади. Бу ҳам соҳани ривожлантиришда муҳим омилдир.

АТ “Алоқабанк” таркибидаги лизинг компаниялари асалари уялари, зарур жиҳозлар ва ускуналар, инвентарлар, махсус транспорт воситалари ва тиркамалар, шунингдек, асални қадоқлаш бўйича замонавий технологик линияларни лизинг асосида тўлиқ етказиб беришга ҳаракат қилмоқда.

— Яратилган имконият ва имтиёзлардан фойдаланиб, етиштирилаётган маҳсулот ҳажмини йилдан-йилга ошириш бўйича қатор тадбирлар белгиланган, — дейди вилоят асаларичилар ассоциацияси раиси У. Муродов. — Айни кунда ҳудудда мазкур йўналишда 1070 нафар юртдошимиз фаолият олиб бораяпти. Улар 44 ярим минг оила асаларини парваришламоқда. Ҳозиргача уларнинг ярмиси жорий йил дастлабки ҳосилини олди. Ҳосилдорлик ҳар бир оила ҳисобига ўртача 4-5 килограммни ташкил этаётир. Йиғим ниҳоясига етса, нафақат ички эҳтиёжни қоплаймиз, балки маҳсулотнинг бир қисмини экспорт қилишга ҳам имкон туғилади. Яқинда Украина давлатининг Закарпатье вилоятидан 600 дона “Карпат” зотли она болари олиб келинди. У юқори ҳосилдорлиги, турли касалликларга чидамлилиги билан ажралиб туради. Шу билан бирга у қишда кам озуқа жамғармаси билан яшай олади ва эрта баҳорда ўзини қисқа фурсатда тиклайди. Яқин келажакда икки мингга яқин кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолиятида мазкур сердаромад соҳа билан шуғулланишни йўлга қўйиш ва фақатгина улардаги боларилар оиласи сонини 9775 тага етказиш бўйича ишлар жадал давом этмоқда. Жорий йилда, шунингдек, хўжаликларга 1615 та асалари оиласи етказиб берилади. Қизилтепа туманида маҳсулотни қайта ишлаш корхонаси бунёд этилади. Бу ва бошқа қатор лойиҳалар ижроси учун 1 миллиард 200 миллион сўм инвестиция маблағи йўналтирилади.

Ҳукуматимиз томонидан ушбу соҳа ривожига қаратилаётган юксак эътибор натижасида тармоқда ҳам тажриба мактаби яратилаяпти. Шубҳасиз, бу даргоҳ мураббийларининг ўгити юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида беминнат хизмат қилади.

Олим ЖАЛИЛОВ,

“Дўстлик байроғи” мухбири.

20.07.2018