DSC 0200Давлат дастури доирасида 25  июль санасида Кармана туман ҳокимлигининг катта мажлислар залида  “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ташкил қилинди.

Президентимиз Ш. Мирзиёев томонидан жорий 27  июнь куни имзоланган “Ёшлар –  келажагимиз” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизнинг ҳар бир туман ва шаҳрида вилоят ҳокими ҳамда ёшлар ўртасида мулоқотлар бўлиб ўтмоқда.  Шундай учрашувларнинг бири туманимизда ҳам  уюштирилди.

Вилоят ҳокими ва ўринбосарлари, ёш тадбиркорлар,  вақтинча ишсиз ёшлар,  Навоий шаҳри ва Кармана тумани ташкилотлари раҳбарлари қатнашган мазкур йиғилишда асосан ёшлар муаммолари,  ўз фаолиятларида тўсиқ бўлиб келаётган, жойларда йўл қўйилаётган камчиликлар муҳокамага тортилди. 

– Ҳозирда муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинаётган  қарор,  фармонлар ёшларимизнинг муаммоларини ўрганиш ва тезда бартараф этиш,  уларнинг бўш вақтини мазмунли  ўтказиш, асосийси, ҳаётда ўз ўрнини топишлари учун муҳим омил бўлмоқда, – дейди Навоий вилояти ҳокими, сенатор Қобил Турсунов. – Вилоятимиз аҳолисининг қарийб олтмиш фоизини ёшлар ташкил этишини ҳисобга олган ҳолда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳар қачонгиданда муҳим вазифа ҳисобланади.  Жамиятимизда ёшларимизнинг ишсизлигини бартараф этиш ғоят  долзарбдир. Эндиликда улар ўртасида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва ишбилармонлик савиясини тарғиб қилиш бу каби муаммоларни камайтиришда ўз ёрдамини беради.

Сўнгра бир гуруҳ ёшлар сўзга чиқиб, юзага келаётган баъзи муаммолар ва камчиликлар,  уларнинг ечими хусусида вилоят ҳокими ва мутасаддиларга саволлар йўллашди.

Қизғин савол-жавоб руҳида давом этган учрашувда ўз тадбиркорлигини бошлаш истагини билдирган ва фаолиятини давом эттиришда турли қийинчиликларга дуч келаётган, ишсиз,  саломатлигида нуқсони бор ёшлар ҳамда тадбиркорликда намуна кўрсатаётган фуқаролар ўз савол ва таклифларига атрофлича жавоб олдилар.

Ўз мухбиримиз.

31.07.2018