DSC 2465Кўхна ва азим Шаҳрисабз. Азалдан бу гўзал маскан санъат соҳасининг бешиги саналган. Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар давридан бошлаб маданият ва санъат ривож топган бетакрор замин...

Асрлар ўтибдики, бу маскан ўз тарихий аҳамиятини йўқотмаган, аксинча, авлодлар учун доимо азиз ва қадрли бўлиб қолмоқда. Ҳаммамизга маълум, миллий мақом санъати қадимий тарихи ва бой ижодий анъаналари билан халқимиз маънавий ҳаётида муҳим аҳамият касб этган. Биргина “Шашмақом” ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида эътироф этилгани санъатнинг ушбу ноёб тури дунё миқёсида тан олинганининг яққол намунасидир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган  “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Шаҳрисабз шаҳри узра миллий мақом санъатимиз намуналари баралла янгради. Жорий йил 6 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шаҳрисабзда Халқаро мақом санъати анжуманининг очилиш маросимида иштирок этиб, нутқ сўзлади:

— Мамлакатимизда биринчи бор ўтказилаётган ушбу санъат байрамида дунёнинг 73 та давлатидан келган 300 га яқин иштирокчилар ва меҳмонлар қатнашмоқда. Уларнинг орасида нафақат ўз юртида, балки жаҳон миқёсида ҳам машҳур хонанда ва созандалар, маданият ва санъат арбоблари, мусиқашунос олимлар борлиги барчамизга катта мамнуният бағишлайди, — деди Президентимиз ўз нутқида.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қадим ва навқирон Шаҳрисабзда ўтказилган ушбу анжуманда миллий мумтоз санъатимиз жозибаси ўзгача талқинда намойиш қилинди. Хусусан, ҳар бир вилоят вакиллари учун алоҳида саҳна ажратилиб, улар ҳудудининг тарихи, анъаналарини ўзида жамлаган ҳолда безатилди.

Ана шу нуфузли анжуманда вилоят маданият бошқармаси тасарруфидаги ҳамда “Фарҳод”, ”Ширин” маданият саройларидаги бадиий-жамоалар ўз репертуарлари билан иштирок этишди. Қувонарлиси, кўплаб хорижий давлат вакиллари иштирок этган мазкур маданий тадбирда нафақат вилоятимиздан, балки туманимиздан ҳам санъат аҳли вакиллари қатнашди.

— Авваламбор, ушбу тантанали тадбирда иштирок этганимдан бошим кўкка етди, — дейди тумандошмиз, “Ниҳол” мукофоти совриндори Шерзод Шодиев. — Вилоятимиз ижод аҳли учун ажратилган махсус саҳнада кўҳна Карманадан тортиб Нурота чашмаси-ю, Сармишсойнинг тарихий тошбитикларини ўзида акс эттирганлиги кўзни қувонтирди. Фестиваль хорижий сайёҳларда ҳам катта таассурот қолдирди. Мумтоз наволар сеҳри миллат маънавиятининг боқийлигини таъминловчи ана шундай буюк қудратга эга омил эканлиги яна бир бор ўз исботини топди. Тўғрисини айтсам, фестивалнинг шукуҳи мени ҳали ҳам тарк этгани йўқ.

Дарҳақиқат, анжуман доирасидаги тадбирларда буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ижодига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Навоий сиймосини жонлантириш, унинг ғазалларига басталанган кўй-қўшиқлар нафақат вилоятимиз, балки барча қатнашчилар репертуаридан жой олганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Янада қувонарлиси, Маданият вазирлиги томонидан анжуманда иштирок этиш учун 85 давлат мурожаат этганлиги ва шулардан 70 га яқини танлаб олинганлиги бўлди. Шуни таъкидлаш жоизки, 40 тадан ортиқ хорижий оммавий ахборот воситалари анжуманни тўғридан-тўғри ўз юртига жонли узатиш истагини билдиришган.

Мазкур нуфузли анжуманнинг ўзбек миллий мақом санъатини кенг миқёсда тарғиб қилиш, ёш авлодни мумтоз куй-қўшиқларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни беқиёс. Ушбу фестиваль дунёда мумтоз мусиқа шайдоларини бир жойга жамлаш орқали халқлар ўртасидаги маданий ҳамкорликни ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этганлигига асло шубҳа йўқ.

Мадина ЯКУБОВА.

27.09.2018

87 534Мамлакатимизда ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус” кўрик-танловининг ўтказилиши юртимизда тадбиркорликка қаратилаётган юксак эътибор, меҳнат, тажриба ҳамда самарали фаолиятнинг эътирофи бўлмоқда. Яқинда “Янги авлод” истироҳат боғида танловнинг туман босқичи ўтказилди.

Айтиш жоизки, кейинги йилларда туманимизда ҳам тадбиркорлик кенг қулоч ёймоқда: янги имкониятлар эшиги очилганлиги, айниқса, “Ҳар бир оила тадбиркор” давлат дастури асосида имтиёзли кредитларнинг берилаётганлиги фуқароларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка бўлган қизиқишини ошираяпти.

Танловда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж. Бобомуродов сўзга чиқиб, барча иштирокчиларга омад тилади ҳамда танлов жорий йилда янгича шукуҳ, кўтаринки савияда, байрамона руҳда ташкил этилаётганлигини эътироф қилиб ўтди.

Истироҳат боғи бўйлаб иштирокчиларнинг ўз фаолиятларини акс эттирувчи кўргазмалари ташкил этилди. Туман давлат солиқ инспекцияси, туман Савдо-саноат палатаси – Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази, “Ҳунармандлар” уюшмаси ҳамда бошқа тегишли ташкилот ва корхона вакилларидан иборат ҳакамлар ҳар бир йўналишдаги иштирокчининг фаолияти, эришган ютуқлари, ишлаб чиқараётган маҳсулотлари, кўрсатилаётган хизматлар сифати билан яқиндан танишиб чиқишди.

— Иштирокчилар орасидан ғолибларни аниқлаб олиш анчагина қийинчилик туғдирди, — дейди туман Савдо-саноат палатаси – Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази директори Ў. Сахадинов. — Негаки, ўтган икки йил мобайнида ҳудудимизда тадбиркорлар, ҳунармандлар сони кескин кўпайди. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати нафақат ички бозорда, балки ташқи бозорда ҳам ўз ўрнини топа олишига шубҳа йўқ.

Натижаларга кўра “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори” йўналиши бўйича “Янги авлод текстил” оилавий корхонаси раҳбари Абдулҳай Нусратуллаев, “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори” йўналиши бўйича “Усто Истам” хусусий корхонаси директори Феруза Рустамова, “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” йўналишида “Export Pkast Produkt” МЧЖ директори Обиджон Саидов, “Йилнинг энг яхши фермери” йўналишида “Саид бобо Кенжаев” фермер хўжалиги раҳбари Элмурод Кенжаев, “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” йўналишида тикувчи Мафтуна Неъматовалар танловнинг туман босқичи ғолиби бўлишди.

— Иш фаолиятимизни бошлаганимизга икки ой бўлди. Шу қисқа фурсат ичида саъй-ҳаракатларимиз, янгича дизайндаги маҳсулотларимиз билан ички бозорга кириб бордик. Бу интилишларимиз ўз самарасини бермоқда. Бугун мамлакатимизда яхши яшайман дея интилган ҳар бир инсон юксак марраларни забт этиши мумкин, — дейди М. Неъматова.

Якунда ғолиблар танловнинг вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди ҳамда “Фахрий ёрлиқ”, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

Бу, албатта, Президент соврини сари ташланган илк қадам. Тумандошларимизга танловнинг юқори босқичларида ҳам зафарлар тилаб қоламиз.

Мадина ЯКУБОВА.

18.09.2018

DSC 0426Янги ўқув йилида туманимизда 32-умумий ўрта таълим мактаби фаолият бошлади. “Кумушкон” маҳалла фуқаролар йиғинида қад ростлаган замонавий таълим маскани ҳудуд аҳолиси учун ҳақиқий байрам совғаси бўлди.

Мактабнинг очилиш маросимида туман ҳокими Ф. Умаров, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Н. Улуғбердиевлар иштирок этиб, сўзга чиқдилар ва бугун мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида таълим тизимида туб ўзгаришлар амалга оширилаётганлиги, замонавий таълим бинолари қад ростлаётганлиги ҳамда ёшлар учун барча имкониятлар яратиб берилаётганлиги хусусида тўхталиб ўтдилар.

— 315 ўринга мўлжалланган янги илм маскани ўқувчиларимизга байрамона совға бўлди, — дейди мактаб директори Сухроб Обилов. — 3 миллиард 414 миллион сўм маблағ эвазига барпо этилган янги бино энг замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланди. Олдинги ўқув йилларида ўқувчиларимиз анча олисда бўлган қўшни мактабга қатнашарди. Бу қорқировли, ёғин-сочинли кунларда бироз қийинчилик туғдирарди. Ҳудуднинг ўзида ушбу замонавий мактабнинг очилгани ўқувчиларимиз учун ҳам, ота-оналар учун ҳам яхши бўлди.

“Биринчи қўнғироқ” тадбирлари туманимиздаги барча умумий ўрта таъ­лим мактабларида, жумладан 30-умумий ўрта таълим мактабида ҳам юқори савияда ташкил этилди. Мактабга илк қадам қўйган болажонларнинг кўзларида ҳайрат ва қувонч мужассам. Уларга Президентимизнинг совғаси топширилди.

— Бошланаётган ўқув йилида мактабимизга 108 нафар бола 1-синфга қабул қилинди. Бу шунча ота-онанинг орзуси, фарзандини комил инсон сифатида кўриш умиди бизга топширилди, дегани аслида. Педагогик жамоамиз билан биргаликда дарс муқаддас деган тамойилга амал қилган ҳолда мактабимиздаги барча ўқувчиларнинг дарс машғулотларига тўлиқ қатнашиб, Ватанимизга муносиб фарзандлар бўлиб улғайишида ўз ҳиссамизни қўшамиз, — дейди 30-умумий ўрта таълим мактаби директори Камола Темирова.

Жорий ўқув йилида туманимиздаги 32 та умумий ўрта таълим мактабига 2358 нафар ўқувчи 1-синфга қабул қилинди.

М. ЯКУБОВА.

Сурат муаллифи

Сирож АСЛОНОВ.

7.09.2018

1 989Уйротлик Кенжаевларни туманимиз аҳли қишлоқ хўжалиги соҳасида катта тажрибага эга сулола сифатида яхши танийди.

Хусусан, “Golden Agro Export” фермер хўжалигини бошқариб келаётган Одил Кенжаев 8 гектар майдонда экспортбоп аччиқ қалампир етиштираётган бўлса, унинг ўғли “Export Pkast Produkt” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Обиджон Саидов 2 сотих майдонда интенсив усулда балиқ етиштиришни йўлга қўйган. Жумладан, ҳозирда 5 минг дона Африка лаққа балиғини парваришламоқда.

— Бу ўзига хос жараён, — дейди биз билан суҳбатда О. Саидов, — мисол учун биз етиштираётган турдаги балиқлар иссиқсевар. Уларни озиқлантириш ҳам белгиланган тартиб бўйича амалга оширилади. Ҳовуздаги сувнинг ҳарорати эса доимий равишда 20-25 даражада бўлиши лозим. Айни пайтда яна 200 мингта балиқ чавоқларини боқаяпмиз. Фаолиятни кенгайтириш мақсадида бир гектар ерда ҳовуз барпо қилишни ҳам режалаштирганмиз. Бу амалга ошса, 25 киши иш билан таъминланади. Келгусида Африка лаққа балиқларини экспортга йўналтирмоқчимиз.

Кенжаевларнинг фермерлик ҳамда тадбиркорлик соҳаларида эришиб келаётган ютуқлари 2-3 сентябрь кунлари мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган “Қишлоқ хўжалигидаги илғор тажрибалар” мавзусидаги амалий семинар доирасида алоҳида эътироф этилди. Иккала корхона фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида бу ерга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги масъуллари ташриф буюриб, мутасаддилар эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар ва тармоқларни янада ривожлантириш масалалари юзасидан тавсиялар беришди.

Бир сўз билан айтганда, туманимиз ишбилармонлари томонидан маҳсулот ишлаб чиқаришда ўзига хос ёндашувларга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳудуд тараққиётида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Сирож АСЛОНОВ.

Муаллиф олган сурат.

18.09.2018

1 га сурат“Азамат” маҳалла фуқаролар йиғинида лойиҳа қиймати 578 миллион сўм бўлган 100 ўринли замонавий боғча биноси  фойдаланишга топширилди. 22-сонли “Кўзмунчоқ” боғчасининг тантанали очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, нуронийлар иштирок этди.

Унда вилоят ҳокими ўринбосари Ф. Солиев ҳамда туман ҳокими Ф. Умаровлар сўзга чиқиб, юртимизда мактабгача таълим соҳасида олиб борилаётган ишларга эътибор қаратишди. Жумладан, вилоятимизда 2021 йилга қадар ҳудуларда юзлаб янги боғчалар фаолиятининг йўлга қўйилиши натижасида ҳар йили ўртача уч минг нафардан бола боғчаларга қамраб олинади.

Тадбир иштирокчилари бинода болажонларга муҳайё этилган шарт-шароитлар билан танишишаркан, бу ерда ёш авлод учун барча қулайликлар яратилганига гувоҳ бўлишди. Хусусан, хорижий тилларни ўрганиш ва бошқа йўналишларда муассаса барча зарур адабиётлар ҳамда мультимедиа жиҳозлари билан таъминланган.

— Муассасамизда 5 та гуруҳ ташкил этилган, — дейди МТМ мудираси Д. Рўзиқулова. — Машғулотларнинг сифати, тарбиячиларнинг иш тажрибаси ҳамда болажонларнинг овқатланиш шароитларига алоҳида эътибор қаратганмиз. Энг улуғ, энг азиз байрам арафасида иш бошлаган янги боғча ўйлаймизки, маҳалла аҳли учун муносиб туҳфа бўлди.

Мактабгача таълим тизими – чуқур билим эгаллаш ва тарбиянинг пойдевори. Эртамиз эгалари учун амалга оширилаётган бу каби ишлар уларнинг порлоқ келажаги ана шундай мустаҳкам асосда юксалаверишини таъминлайди.

О. ШУКУРОВ.

Сурат муаллифи

Д. РАВШАНОВ.

30.09.2018