Кармана тумани ҳокими Фахритдин Умаровнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллиги муносабати билан туман аҳлига байрам ТАБРИГИ
Қадрли тумандошлар!
Бугун мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида бўлгани каби туманимизда ҳам Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллигини кўтаринки кайфият ва улкан ютуқлар билан қарши олмоқдамиз.
Айниқса, ушбу байрам “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” номли эзгу ғоя остида нишонланаётганлиги барчамизга юксак ғурур ва ифтихор бағишлайди, албатта.
Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни энг улуғ, энг азиз айём — Истиқлолимизнинг қутлуғ йигирма етти йиллиги байрами билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Таъкидлаш жоизки, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 28 июнда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори бу йил ушбу муқаддас байрам янада кўтаринкилик ва юксак савияда нишонланишини ўзида ифода этганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Мазкур қарорда байрамни ўтказиш билан боғлиқ бир қатор устувор йўналишларнинг белгилаб берилганлиги, унинг мазмун-моҳияти йил сайин такомиллашиб, кўлами кенгайиб бораётганлигидан дарак беради.
“Жонажон Ватанимиз — Ўзбекистонимиз миллий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳа ва тармоқларда демократик янгиланиш жараёнлари амалга оширилаётган бугунги кунда биз учун бебаҳо неъмат бўлган мустақилликнинг қадрқиммати ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Ўтган давр биз учун ғоят муҳим бир ҳақиқатни такрор ва такрор тасдиқлаб бермоқда. Эркин ва фаровон ҳаётимизни, буюк келажагимизни фақат мустақиллик асосида қуришимиз, одамларимиз, эл-юртимизни фақат мустақил сиёсат асосида рози қилишимиз мумкин. Фақат мустақиллик бугунги ва келгуси авлодлар учун мисли кўрилмаган имкониятлар очиб беради.
Шу маънода, мамлакатимиз истиқлолини, у билан боғлиқ тарихий сана ва воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини чуқур англаш ва қадрлаш, ҳар томонлама муносиб нишонлаш ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётимизда алоҳида муҳим ўрин тутади”, дея таъкидлаб ўтилган Президентимиз қарорида.
Шубҳасиз, мустақиллик улуғ неъмат. Озод ва обод, тинч юртдагина юксалишлар, ривожланишлар бўлади, фуқаролар эртанги кунига ишониб яшашади.
Айтиш мумкинки, мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, фуқаролар турмуш фаровонлигини таъминлашга, янгича яшаш, янгича фикрлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. Айниқса, “Обод қишлоқ”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Ҳар бир оила тадбиркор” давлат дастурларининг ижросини таъминлаш орқали туманимизда ҳам эътирофли ишлар бажарилди.
Жумладан, туманимиз марказидан анча олис бўлган Ҳазора ва Тошработ қишлоқларида “Обод қишлоқ” дастури доирасида улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳозиргача электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш, турар ва нотураржойларни таъмирлаш, йўлларни кенгайтириш борасида муайян ишлар бажарилди. Хусусан, ҳудудда 7 та мактаб, 4 та мактабгача таълим муассасаси, 2 та сунъий қопламали спорт майдончаси, 2 та болалар майдончаси, 1 та “Оталар чойхонаси” ҳамда 2 та ҳаммом қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилаётгани аҳолини хурсанд қилмоқда. Дастурга асосан кейинги йилларда бошқа ҳудудларимизда ҳам шу каби бунёдкорлик ишлари бажарилади.
Шунингдек, “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури бўйича тижорат банклари томонидан оилаларга имтиёзли кредитлар ажратилаётганлиги фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Дастур доирасида бугунги кунгача 1212 та хонадонга 10 миллиард 711 миллион сўмлик кредитлар ажратилди.
Президентимиз фармони билан тасдиқланган “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури ҳақиқатан ҳам келажак ворислари ҳаётида янги бурилиш ясади, десак муболаға эмас. Мазкур дастур ижросини таъминлаш мақсадида тузилган ишчи гуруҳ аъзолари мамлакатимиздаги барча маҳаллаларда уйма-уй юриб, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар билан юзма-юз суҳбатлашди, уларнинг орзулари, режалари билан танишди, муаммоларини ўрганди. Жараёнда туманимизнинг кўплаб ёшлари “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури мазмун-моҳиятини англаб, шу асосда бизнесини бошлаш арафасида.
Яқиндагина туманимизнинг Шибзон маҳалласида дастур доирасида барпо этилганлигидан хабарингиз бор. Яқин кунларда туманимизда яна 4 та шу каби “Ёшлар меҳнат гузари” барпо этилади.
Бир сўз билан айтганда, ҳар учала дастурни ҳаётга тадбиқ этишдан кўзланган асосий мақсад аввало фидойи халқимизнинг қалбида эртанги кунга бўлган ишонч ҳиссини янада ошириш ва оилалар фаровонлигини таъминлашдир.
Азиз дўстлар!
Бугун туманимиз аҳли ҳам мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма етти йиллик қутлуғ тўйини ўзларининг фидокорона меҳнатлари ортидан муносиб совғалар билан кутиб олмоқдалар. Байрам арафасида туманимизда 10 миллиард сўм қийматга эга бўлган объектларнинг ишга туширилиши юртимиз кундан кунга ободликка юз тутаётганлигининг, гўзал масканга айланаётганлигининг ҳаётий ифодаси, десак ҳақиқатни айтган бўламиз.
Эришилаётган бундай ютуқлар замирида ўзини эл ривожига, жамият тараққиётига бағишлаган фидойи ва заҳматкаш юртдошларимизнинг муносиб меҳнати борлигини барчамиз яхши биламиз. Уларнинг фидокорона меҳнатлари ҳамиша муносиб тақдирланиб келган.
Азиз тумандошлар!
Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни яна бир бор Мустақиллигимизнинг йигирма етти йиллиги билан табриклайман!
Озод ва обод Ватанимиз осмони ҳамиша мусаффо бўлсин, юртимиздан тинчлик-хотиржамлик, қутбарака ва фаровонлик ҳеч қачон аримасин.