Байрамлар олдидан кўчаю хиёбонлар, ҳовли ва ариқларни тозалаб, тартибга келтириш, қабристонлар ва муқаддас қадамжоларни обод этиш халқимизга хос эзгу фазилатлардан, миллий қадриятларимиздан бири ҳисобланади.
Туманимиз ҳудудида 18-19 август кунлари ўтказилган умумхалқ ҳашари тадбирларида қарийб 87 минг нафар аҳоли иштирок этди.
Тадбирларда ҳудудларни ободонлаштириш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беминнат мурувват ёрдамлари кўрсатишда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ушбу жараёнларда 33 минг нафардан ортиқ ёшларнинг қатнашгани, ёш авлоднинг азалий қадриятларимизга нечоғли ҳурмат руҳида тарбияланаётганини ифода этди.
Ҳашар давомида жами 308 гектар майдон ободонлаштирилиб, 87 километр ариқ ва лотоклар тозаланди. Қабристонлар ободлигига алоҳида эътибор қаратилиб, жами 45 та манзил бўйича тозалаш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, шу куни 62528 та дарахт оқланиб, шакл берилди. Бу ишларга 92 та техника воситалари жалб этилди.
— Хайрия ҳашарида 45 нафар кам таъминланган оилаларнинг уй-жойлари 15 миллион сўмдан ортиқ маблағлар эвазига бепул таъмирланди. Моддий ёрдамга муҳтож 131 нафар оилага ёрдам кўрсатилди. Умуман олганда, тумандошларимиз мустақиллигимизнинг йигирма етти йиллигини муносиб кутиб олиш, ҳудудларни, хонадонларни ободонлаштириш, кўркам ва файзли масканларга айлантириш борасида фаоллик кўрсатишмоқда, — дейди туман “Маҳаллалар кенгаши” раисининг биринчи ўринбосари Дилмурод Холов.
Бир сўз билан айтганда, халқимизнинг азалий қадрияти бўлган ҳашар одамларимизнинг жипслиги, бирдамлигини амалда исботлаб берди. Кўнгиллардаги ободлик кўчаларга, хонадонларга кўчди.
О. ШУКУРОВ.
Суратлар муаллифи Сирож АСЛОНОВ.
18.08.2018