8“Yoshlar- kelajagimiz” давлат дастури мамлакатимизда ёш ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш, уюшмаган ёшларни иш билан таъминлаш, навқирон авлод муаммоларини тизимли ҳал этишда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Вилоят ҳокими Қ. Турсунов “Ишонч” оромгоҳида бир гуруҳ туманимиз ёшлари билан учрашиб, уларнинг муаммоларини тинглади. Тадбирда, шунингдек, вилоят марказий банки бошқармаси раиси Р. Сулаймонов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси Ж. Ходжаев ҳамда тегишли ташкилот ва муассасалар масъуллари иштирок этди.

Вилоят ҳокими ёшларни иш билан таъминлаш, уларга бизнес юритиши учун ҳудудга ажратилган 22 миллиард сўмнинг 3 миллиард 700 миллион сўми туман ёшлари учун йўналтирилгани катта имконият эканлигини таъкидлади. Чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, тикувчилик, қуёнчилик каби йўналишларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган ёшлар учун имтиёзли кредит берилиши, ундан мақсадли фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

Шундан сўнг ёшларнинг турли мавзулардаги муаммо ва таклифлари тингланди. Жумладан, Навоий кончилик коллежи ўқувчиси С. Сирожов қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун жой сўраб мурожаат қилган бўлса, “Наврўз” маҳалласидан Р. Рўзиев ҳовлиси ёнидаги икки сотих қаровсиз ерни олишда, “Бешкент” МФЙдан Н. Мадалиев тикув цехи, гўзаллик салони очишда кредит ажратишда амалий ёрдам сўрашди. Бундан ташқари С. Ҳамидовнинг мих ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳақидаги фикрига бу бизнинг ҳудудда ўзини оқламаслиги, бошқа тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкинлиги айтилди.

Учрашувда ёшлар ва аҳоли томонидан билдирилган бошқа масалалар бўйича ҳам масъул вакилларга топшириқлар берилди.  

— Бир неча йилдан буён тикувчилик билан шуғулланаман, — дейди “Зиёкор” маҳалласида истиқомат қилувчи С. Файзиева. — Уйда уч нафар шогирдим билан ишлардик. Алоҳида тикув цехи ташкил қилиш, бу учун жой беришларини сўраб мурожаат қилгандим. Маҳалламиздан уйимга яқин бўлган бўш бинодан хона ажратилиши менга яна куч берди. Ҳокимнинг ўзлари биз билан кўришиб, муаммоларимизни эшитгани, қўллаб-қувватлашга тайёрлигидан хурсанд бўлдим.

Учрашувда шунингдек, тикувчилик йўналишида ишлаш истагини билдирган хотин-қизларга имтиёзли кредит асосида ажратилган қирқта “Baoyu” русумидаги электр тикув машинаси сертификати топширилди.

Учрашув йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Зулфия БОБОЕВА,

журналист.