- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 598
КЕЛАЖАК ЭГАЛАРИ МУНОСИБ ТАҚДИРЛАНДИ
30 июнь куни барча шаҳар-туманларда “Ёшлар – келажак бунёдкори” шиори остида байрам сайллари, турли спорт мусобақалари ҳамда ижодий кечалар ташкил этилди.
Дастлаб, Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да вилоят ҳокими Қ. Турсунов иштирокида навоийлик ёшлар билан видеомулоқот ўтказилиб, унда “Камалак” болалар ташкилоти ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи етакчилари ва фаоллари қатнашди. Учрашувда аввало, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига асосан ушбу мукофот билан тақдирланган туманимиздаги 4-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Иброҳимжон Ғаффоров ва “Навоий конметаллургия комбинати” давлат корхонасининг Марказий кон бошқармаси электрочилангари Истам Қудратовга совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.
– Ушбу мукофотга эришган илк ёшлардан эканлигимдан бахтиёрман, – дейди И. Ғаффоров. – Бу менга юрт равнақи йўлида янада кўпроқ билим олиб, келгусида етук мутахассис бўлиш масъулиятини юклайди.
Тақдирлаш маросимидан сўнг очиқ мулоқотда ёшларнинг муаммоли масалалари ҳам ўртага ташланиб, билдирилган 30 дан ортиқ мурожаатлар ечими юзасидан вилоят ҳокими мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди. Хусусан, тадбиркорликни ривожлантириш учун ер майдони ажратиш, мактаб ўқувчиларининг йўлларда қатнови хавфсизлигини таъминлаш мақсадида светофор ўрнатиш ҳамда қозоқ тилида таълим олувчилар ўртасида китобхонлик танловини ўтказиш каби таклифлар ижобий ҳал этилди.
Шундан сўнг Навоий шаҳридаги “Маърифат боғи”да китоблар ярмаркаси, миллий либослар ва ҳунармандчилик кўргазмалари ташкил этилиб, унда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида ҳам шаҳар ва туманлардан келган йигит-қизлар иштирокида велопойга, кураш, стол тенниси, футбол, волейбол ва баскетбол мусобақалари ўтказилди. Шунингдек, йигит ва қизлар ўртасидаги миллий таом – палов тайёрлаш бўйича беллашув томошабинлар билан гавжум бўлди.
Байрам тадбирлари Навоий шаҳридаги “Ёшлар” спорт мажмуасида давом этди. 12 мингдан зиёд томошабинни ўзида жамлаган спорт мажмуасида галаконцерт ўтказилиб, республикамиз ҳамда маҳаллий санъаткорларнинг чиқишлари барчага манзур бўлди. Концерт дастурида вилоят ҳокими бир гуруҳ иқтидорли ёшларни мукофотлади. Жумладан, зарафшонлик ёшларга “ISUZU” автобусининг калити топширилган бўлса, “Энг ёш ҳунарманд”, “Энг ёш китобхон”, “Энг маҳоратли ошпаз”, “Энг моҳир чевар” каби номинация эгаларига ҳам қимматбаҳо совғалар тақдим этилди. Шунингдек, мини футбол, баскетбол, армрестлинг спорт турларида юқори натижаларни кўрсатган ёшлар алоҳида рағбатлантирилди.
Мазкур тантаналар воҳамизнинг ҳар бир ҳудудидаги маданият ва истироҳат боғлари ҳамда марказий майдонларида кенг кўламда ташкил этилди.
Ўз мухбиримиз.
Сурат муаллифи Сирож АСЛОНОВ.
05.07.2018
- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 463
МУҲИМ ВАЗИФАЛАР
БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ
Яқинда туман ҳокимлигида одам савдоси ва ушбу иллатнинг олдини олишга хизмат қиладиган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга қаратилган йиғилиш бўлиб ўтди. Уни вилоят ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Н. Содиқова олиб борди. Бугунги кунда бутун дунёни ташвишга солаётган, инсонларнинг ҳаётига дахл қилаётган иллатлардан бири, шубҳасиз, одам савдосидир. Жаҳон майдонида бу иллатга қарши кескин кураш олиб борилаётган бўлса ҳам, унинг қурбонига айланаётганлар сони кун сайин ортиб бормоқда. Жумладан, юртдошларимиз ҳам ишлаш мақсадида чет давлатларга ноқонуний чиқиб, одам савдосининг гирдобига тушиб қолаётганлиги аччиқ ҳақиқат. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимизда одам савдоси билан боғлиқ 22 та ҳолатда жабрланганлар аниқланганлиги ҳам фикримиз исботидир.
Н. Содиқова ўз сўзида шулар хусусида тўхталиб ўтар экан, бугунги тезкор даврда фуқароларни турли иллатлардан ҳимоя қилиш учун аввало уларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, чет элларда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан хабардорлигини таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
— Бугун ҳеч ким “Мен одам савдоси қурбонига айланмайман” дея айта олмайди. Негаки, айрим манфур кимсалар томонидан инсонларни алдаш орқали бу иллат гирдобига тортишнинг турли йўллари қўлланилаяптики, баъзилар сотилиб кетаётганлигини сезмай ҳам қолаяпти. Хўш, одам савдосига қарши қандай курашмоғимиз керак, деган савол барчамизни ўйлантирмас экан, бу каби йиғилишларимиз самарасиз бўлиб қолаверади. Шунинг учун аввало, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходим ва вакиллари, кекса отахону онахоналаримиз фаоллик кўрсатишлари керак, — дейди туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Г. Шерматова.
Йиғилишда бошқалар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Якунда амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Дилнавоз ЯКУБОВА.
26.06.2018
- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 480
МУҚАДДАС АЙЁМ РУҲИГА ҲАМОҲАНГ ҚУВОНЧ
Жонажон юртимизда муборак Рамазон ҳайити шукуҳи барча кўнгилларга қувонч улашмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 11 июндаги “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, бу йил 15-17 июнь кунлари байрам сифатида кенг нишонланди.
Вилоятимизда ҳам ана шу муқаддас айёмнинг мазмун-моҳиятини одамларга тушунтириш, уларни руҳий поклик, яхшилик ва ҳамжиҳатликка даъват этишга бағишланган қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни ободонлаштириш, эҳтиёжманд кишиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасидаги эзгу ишларда эса, давлат ва нодавлат ташкилотлар билан бирга, кенг жамоатчилик ҳам фаол қатнашмоқда.
Таъкидлаш жоизки, жорий Рамазон ойида вилоятимиздаги 78 та жомеъ масжидида таровеҳ намозлари ўқилди ва уларда 4,5 минг нафарга яқин юртдошларимиз иштирокида Қуръони карим хатмоналари қилинди. Давлатимиз раҳбарининг қарорига асосан, 13-14 июнь кунлари ана шу ибодат масканларида ҳашар ташкил этилиб, уларнинг ҳудудлари ободонлаштирилди.
Шунингдек, барча маҳаллаларда Рамазон ҳайитини азалий урф-қадриятларимиз, миллий ҳамда диний анъаналаримизга муносиб тарзда нишонлаш мақсадида ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд кишилар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, якка-ёлғиз яшовчи, ногиронлиги бўлган оилаларга яқиндан кўмаклашилмоқда.
Жумладан, 14 июнь куни вилоятимизда 210 нафар жисмоний имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравачалари, 42 нафар уй-жойга муҳтож, меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган ва эҳтиёжманд фуқароларга намунавий лойиҳадаги арзон уйлар, шинам хонадонлар калитлари тантанали равишда топширилди.
Тантанали тадбирларда вилоят ҳокими Қ.Турсунов сўзга чиқиб, юртимизда халқнинг орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш, унинг турмуш даражасини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Айниқса, ўзгалар кўмагига муҳтож, жисмоний имконияти чекланган аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, эмин-эркин яшаши, ўз имкониятлари даражасида меҳнат қилишига кенг йўл очиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани қайд этилди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишларда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Эрта тонгдан Кармана туманидаги “Оқшом” тантаналар масканида ногиронлиги бор шахсларга махсус аравачалар топширилиб, байрам дастурхони ташкил этилди. Кўнгли ярим инсонлар бундай хайру саховат тадбирлари ҳамда эътибордан мамнун эканликларини изҳор этди.
— Айрим сабабларга кўра, турмуш ўртоғим Ғулом Расуловнинг жисмоний имкониятлари чекланиб қолди, — дейди Навоий шаҳри, “Ўзбекистон” маҳалласида яшовчи Л. Расулова. — Давлатимизнинг ғамхўрлигидан доим мамнунмиз. Муқаддас байрам арафасида кўрсатилаётган бундай эътибор учун Президентимизга раҳмат айтамиз.
Шу куни Кармана туманининг “Варқ” массивида ҳам 2 сотихлик намунавий лойиҳадаги уй-жойларга бир гуруҳ эҳтиёжманд оилалар ҳамда меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган фуқаролар кўчиб ўтди. Маҳаллада бошланган байрам сайли кўнгилларга завқ-шавқ улашди.
2-гуруҳ ногирони Саломат Сувонованинг янги хонадонига яқинлари ва қариндошлари, маҳалладошлари жам бўлди. Уй соҳибасининг қувончларига шерик бўлиб, чин дилдан муборакбод этишди.
— Қўлимда ҳунарим бор, тикувчилик билан шуғулланаман, — дейди С. Сувонова. — “Навоий дон маҳсулотлари” акциядорлик жамияти касаначилик асосида мени тикувчиликка ишга қабул қилди. Шундай шинам уйга эга бўлишимда корхона беминнат кўмак берди. Энди корхонанинг ривожланиши ва турмушим фаровонлиги учун меҳнат қилишга имконият яратилди. Бунинг учун барча мутасаддиларга раҳмат айтаман.
Ўз мухбиримиз.
22.06.2018
- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 517
ДАВР МАСЪУЛИЯТИ
ТАШАББУСГА ЧОРЛАМОҚДА
Бугунги кунда вилоятимизда 42 та оммавий ахборот воситаси ҳамда 80 га яқин матбаа корхоналарида минг нафардан ортиқ мутахассислар фаолият олиб бормоқда. Агар сўнгги йилларда уларнинг сони ортиб бораётганлигини инобатга олсак, воҳамизда мазкур соҳанинг салмоғи ва кўлами кенгаяётганлигини эътироф этиш мумкин.
Таъкидлаш керак, вилоят телерадиокопманиясида ҳудуддаги етакчи ОАВдан бири сифатида айни кунда бу ерда 60 нафар ходим иш олиб бормоқда. Улар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар журналистларни янада фаол ижод қилишга ундаяпти.
Ҳозирги кунда телевидение эфир дастурлари суткасига 18 соатни ташкил қилади. 06:00 дан кечки соат 24:00 гача узатилаётган эфирнинг сифат ва тезкорлигига алоҳида эътибор қаратилаётир. Жумладан, жорий йилда телерадиокомпания Германия технологиялари асосидаги энг сўнгги техникалар билан таъминланди. Шунингдек, замон талаби асосидаги видеокамера, сервер эфир узатиш, монтаж компьютерлари ҳамда ёритгичлар ҳам олиб келинди.
— Радиоэшиттиришларимиз эса 1 соат 36 дақиқадан иборат бўлиб, ҳафтанинг барча кунлари аналог форматда тарқатилади, — дейди телевидение бош муҳаррири И. Ғазнаев. — Телевидение ва радио орқали намойиш этилаётган дастурларнинг тезкор, сифатли ва кўламининг кенглиги, қолаверса, иш унумдорлигининг ошишида жамоадаги ҳар бир ходимнинг ҳиссаси бор, албатта. Бунда, айниқса ёш ҳамкасбларимизнинг ўрни беқиёс.
Таъкидлаш керак, жамиятдаги турли ижтимоий масалаларни ҳал этишда оммавий ахборот воситаларининг роли катта. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган турли босма ва электрон ОАВга грант маблағлари ажратилаётгани бу жараёнда самарадорликни янада ошириб, таъсирчанлик юксалиб бормоқда. Охирги 3-4 йил ичида “Учқудуқ”, “Кармана овози”, “Навбаҳор тонги” каби нашрларнинг ана шундай ютуққа эришгани ҳамда улар томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар эътиборга молик.
Жорий йилда ҳам “Конимех тонги” газетаси томонидан худди шундай яна бир грант лойиҳаси амалга оширилмоқда. “Замон билан ҳамнафас” деб номланган мазкур лойиҳа учун яқинда фонд томонидан 27 миллион сўм миқдоридаги маблағ ажратилди.
— Мақсадимиз олис чўл ҳудудларида жамоатчи мухбирларни тайёрлашдан иборат, — дейди газета муҳаррири Г. Наринбетова. — Белгиланган 11 ой муддат ичида Қизилқум қўйнидаги 20 та овулнинг ҳар бирида Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши билан ҳамкорликда “Биз яшаётган жамият” мавзусида семинар машғулотлари ўтказилиб, уларда 400 нафар киши қамраб олинади.
Бир сўз билан айтганда, бугун мамлакатимиз бўйлаб ОАВ соҳасининг юксалиб бораётганлигини бевосита вилоятимиз мисолида ҳам кузатиш мумкин. Бунда эса соҳа эгаларининг ташаббуслари, саъй-ҳаракатлари кутилган самарани бермоқда.
О. МУСТАФОЕВ.
Сурат муаллифи
Сирож АСЛОНОВ.
29.06.2018
- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 562
Муборак Рамазон ойи бетимсол эзгулик, меҳр-шафқат, хайру саховат рамзидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 майда қабул қилинган “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорида муборак Рамазон ойининг ижтимоий ҳаётимизда ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилганлиги ғоят муҳимдир. Бу ҳаётий ҳақиқат ўтган ой давомида яна бир бора ўз тасдиғини топди.
Рўза тутиш фақат еб-ичишдан тийилишдан иборат эмас. Аввало, сидқидилдан, иймон-эътиқод билан ҳаракат қилиш, одамларнинг дилини оғритмаслик, кўнгли ярим, хаста, эҳтиёжманд кишиларнинг кўнглини кўтариш, уларга ҳеч қандай таъмасиз яхшилик қилишни Аллоҳ буюрган. Яратганга беадад шукурлар бўлсинки, кўплаб рўзадорларимиз худди шундай йўл тутишди.
Бутун Рамазон ойи давомида боқувчисини йўқотганлар, ёлғиз кексалар, муҳтож кишилар хонадонларига файзу барокат тимсоли сифатида совға-саломлар, озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси етказиб турилди. Бундай эзгу ишлар бевосита туман ҳокимлиги раҳнамолигида, маҳаллалар, ташкилотлар, корхоналар, тадбиркорлар, фермерлар ҳомийлигида, қолаверса, бевосита рўзадорлар саъйҳаракатлари билан амалга оширилиб келинди.
Биз нуронийларни қувонтирадиган яна бир жиҳати шундаки, муборак айём — Рамазон ҳайити кунларида ҳам кўнглимизни осмон қадар юксалтирадиган бундай амаллар аввалгиданда кўпроқ ташкил этилаяпти.
Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишни истар эдимки, муборак Рамазон ойи мобайнида Мир Саид Баҳром, Хўжа Хисрав мақбаралари таъмирланди, Қосимшайх Азизон ёдгорлик мажмуаси бошдан-охир обод қилинганлиги барчамизга манзур бўлди.
Юртбошимиз бошчилигида рўёбга чиқарилаётган ислоҳотлар, барча соҳаларда юз бераётган ҳаётий ўзгаришлар туфайли одамларимиз, кексаларимиз турмушидан, умридан, аввало, инсонпарвар давлатимиздан рози бўлмоқдалар.
Мустақиллик туфайли ҳайитларимиз умрбоқий қадриятларимиз сифатида ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин олди.
Азиз юртдошлар, биз нуронийлар қайта-қайта шукроналар айтиб, барчангизни Рамазон ҳайити билан муборакбод этамиз.
К. ҚУРБОНОВ,
туман “Нуроний”
жамғармаси раиси.
18.06.2018