Мамлакатимизда фарзанд тарбиясига бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, бу борадаги ўзгаришлар келажагимиз ворисларининг юрт равнақига муносиб ҳисса қўшишлари баробарида асрларга татигулик воқеликлар сари етаклаши шубҳасиздир, албатта.
Ёш авлодни миллий истиқлол ғояларига, она-Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш ҳозирги куннинг энг муҳим масалаларидан биридир. Шу сабабдан юртимизда келажак авлод таълим-тарбиясига қаратилган эътибор эндиликда мактабгача тарбия муассасаларига ҳам дахл этиб, комил инсон зийнатлари пойдеворини мазкур даргоҳлардаёқ мустаҳкамлаб бориш, камол топтиришни мақсад тутганлиги билан аҳамиятли.
Жорий йилнинг 10 август куни туманимиздаги “Юлдузча” номли 17-МТМ-да “Болаларга эътибор — келажакка пойдевор” мавзусида амалий ўқувсеминари ўтказилди. Унда иштирок этган педагог-тарбиячилар мазкур таълим муассасасида амалга оширилаётган тизимли ишлар ҳамда қўл меҳнати орқали яратилган кўргазмалар билан танишиб, ўзаро фикр алмашдилар.
Шунингдек, семинар доирасида иштирокчилар бевосита муассаса ошхонасида, таомномага киритилган маҳсулотлар сифати, яроқлилик муддати, уларни сақлаш учун яратилган шароитлар билан ҳам танишдилар.
Бугунги кунда ушбу таълим муассасасида 140 нафар бола тарбияланмоқда. Мактабга тайёрлаш гуруҳларига алоҳида эътибор қаратилиб, кун тартиби аниқ ва тўғри йўналтирилган.
— Таълим-тарбия қанча эрта бошланса, унинг самараси шунчалик эрта намоён бўлиб, инсоннинг бутун ҳаёт тарзига ижобий таъсир кўрсатади. Бинобарин, мактабгача таълим муассасаларида тўғри овқатланишни ташкил этиш ҳам ушбу таълимнинг ажралмас ҳамда бола шахсини баркамол ва соғлом вояга етказиш кафолати ҳисобланади, Муассасамизда машғулотларнинг самарали ташкил этилиши, кундузги уйқу, сайр ва тўғри овқатланишнинг етарли даражада яхши йўлга қўйилишига катта эътибор қаратиб келмоқдамиз, — дейди мудира Хосият Нурматова.
Фарзандлар келажагини ўйлаш, аждодлар руҳи, авлодлар истиқболи олдида масъулият ҳисси билан яшаш халқимизга хос фазилат. Мактабгача таълим даври эса бола шахси шаклланишининг асосий босқичи ҳисобланар экан, у жойдаги ҳар бир ходим зиммасига авлод тарбиясининг энг муҳим бошланғич бўғини ишониб топширилган.
МТМ да ўтказилган ҳар бир машғулот бола қалбида атроф-муҳитга, ота-она, Ватанга бўлган муҳаббат туйғуларини тарбиялайди.
Шундай экан, ўқувсеминарида кун тартибига қўйилган долзарб вазифалар албатта ижро этилиши шарт ва зарур.
Мадина ЯКУБОВА.
17.08.2018