- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 497
Вилоят ҳокими, 1-сектор раҳбари Қобулжон Турсунов туманимизда жойлашган “Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти сиҳатгоҳида Навоий шаҳри ҳамда Кармана, Навбаҳор туманлари аҳолиси ва тадбиркорларини оммавий қабул қилди.
Сайёр мулоқот тарзида ўтган учрашувда Халқ қабулхонаси вилоят ҳамда Навоий шаҳри, Кармана ва Навбаҳор туманлари масъул раҳбарлари, секторлар ҳамда ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Мулоқот чоғида сектор ҳудуди аҳолисининг 50 нафардан зиёд вакиллари бандлик, соғлиқни сақлаш, ичимлик ва суғориш суви таъминоти, ижтимоий ҳимоя масалалари, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, тадбиркорлик соҳаларидаги фаолият ривожи учун кўмак сўраб юзга яқин масалани ўртага ташлади.
— Қайнотам ҳозирда 94 ёшда бўлганлиги сабаб, ногиронлик аравасига муҳтожлик сезилмоқда, — дейди фуқаро Сафаргул Фармонова. — Отахон биз билан яшайди, доим иссиқ-совуғидан хабардорман. Оилавий ташвишлар билан бироз қўлимиз калталик қилгани боис вилоят ҳокимидан ёрдам сўрадик. Масала шу ернинг ўзида ижобий ечим топди. Албатта, қайнотам бу эзгу ишлар учун сектор раҳбарига миннатдорлик билдириб, яхши ниятлар билан дуога қўл очади. Энг муҳими, юртимизда халқ билан давлат ўртасида мустаҳкам кўприк ўрнатиш, аҳолининг дарду ташвишларини тинглаш ва муаммоларини ҳал этишда мазкур тизимнинг жорий этилганидан барча бирдек рози.
Очиқ ва шаффоф тарзда ўтган учрашувда кўтарилган масалаларнинг қарийб ярмидан кўпроғи шу жойнинг ўзида ўз ечимини топди. Хусусан, иш сўраб мурожаат қилган иштирокчилар иш билан таъминланди. Соғлиғини тиклаш бўйича, аҳолининг меҳнат ва ижтимоий муҳофазасини таъминлаш борасида қилинган мурожаатлар ижроси бўйича вилоят ва туман корхона ва ташкилотлари ҳамда секторлар раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.
Айни пайтда сўзга чиққанларнинг аксарияти муҳтарам Президентимиз бошчилигида бугун барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар учун ташаккур айтишди, айнан имтиёзли бошланғич тўловларини тўлаган ҳолда уйлар ажратганлигидан миннатдорликлар билдирилиб, давлатимиз раҳбарининг келгуси фаолиятига муваффақият тилаб дуолар қилишди.
Халқ билан мулоқот тадбири доирасида вилоят ва сектор ҳудудида жойлашган корхона ва ташкилотлар иштирокида меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, бир қатор иш билан банд бўлмаган аҳоли тегишли шартномалар имзолашди ва келишувларга эришилди. Шунингдек, тижорат банклари вилоят, шаҳар ва туманлар филиаллари ўз хизматлари кўргазмасини ташкил этишган бўлса, ҳудуд тадбиркорлари томонидан аҳоли учун арзонлаштирилган истеъмол товарлари ярмаркаси кўпчиликнинг рўзғор ташвишларини шу ернинг ўзида бартараф этишга хизмат қилди.
Вилоят ҳокими учрашув доирасида билдирилган фикр-мулоҳазалар, очиқ айтилган муаммоли масалалар учун иштирокчиларга самимий миннатдорлик билдириб, давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган топшириқ ва вазифаларнинг барчаси инсон манфаатларини қадрлаш, халқни рози қилиш ва турмуш шароитини янада яхшилашга қаратилганини, бу борадаги вазифаларни оғишмай, ўз вақтида ва сифатли бажариш ҳар бир бўғин раҳбарлари фаолиятининг асосини ташкил этишини таъкидлади.
Нуриддин РАҲИМОВ.
31.05.2018
- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 584
ЯНГИ ЛОЙИҲАЛАР ҚЎШИМЧА ИШ ЎРИНЛАРИ ЯРАТМОҚДА
Қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бугунги кунда туманимиз тадбиркорлик соҳасининг энг даромадли йўналишларидан бири саналади. Арғун маҳалласида 2005 йилдан буён фаолият олиб бораётган “Tiramisu” оилавий корхонаси шу йўналишдаги энг намунали тадбиркорлик субъектларидандир. Яқинда ушбу корхона тасарруфидаги “Shirin diyor” қандолатчилик ишлаб чиқариш ҳамда ўқитиш маркази фойдаланишга топширилди. Тадбиркорнинг ўз маблағи ва “Микрокредитбанк”нинг 190 миллион сўмлик кредити ҳисобига барпо этилган икки қаватли объектда ширинлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи цехлар, дўкон ва ўқув маркази фаолият юритмоқда. Хитойдан келтирилган замонавий технологиялар бир кеча-кундузда 700 килограммгача бўлган 70 турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.
Таъкидлаш керак, 13 йил аввал беш нафар коллеж битирувчиси билан иш бошлаган корхона ходимлари сони бугунга келиб 25 нафарга етди. Айни пайтда тайёр маҳсулот Навоий ва Самарқанд вилоятидаги бозорлар, супермаркетларга топширилмоқда. Ўтган бир ойда 400 миллион сўмлик ширмой кулчалар, ёғли патир, торт, қуритилган мевалардан тайёрланган ширинликлар буюртмачиларга етказиб берилди.
Келгусида корхона янги технологиялар келтириб, маҳсулот тури ва ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришни мақсад қилган. Бу эса қўшимча иш ўринлари яратиш имконини беради.
Ўз мухбиримиз.
25.05.2018
- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 703
Бугунги кунда вилоятимизда 77,5 минг нафар пенсионер истиқомат қилса, шундан 51 нафари уруш қатнашчиси, қарийб икки минг нафари меҳнат фронти фахрийлари, 23 нафари эса юз ёшдан ошган нуроний отахон ва онахонларимиздир.
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси вилоят ва туман бўлими томонидан кексаларимизга моддий-маънавий кўмаклашиш борасида жадал ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Нуронийлар эъзозимизда”, “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” мавзуларида учрашувлар, байрам тадбирлари ташкил этилиб келинаяпти.
Кўмакка муҳтож фахрийларга фаровон ҳаёт яратиб бериш, аввало уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, соғликларини мустаҳкамлашдан иборат. Шу мақсадда жорий йилнинг ўтган даврида 50 нафардан ортиқ қариянинг уй-жойлари ҳомийлик маблағлари эвазига таъмирланди. Шунингдек, 17,5 минг нафардан ортиқ нуроний тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга шифохоналарда ҳамда сиҳатгоҳларда соғликларини тиклашларига кўмаклашилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман ва шаҳар ҳокимликлари ташаббуси билан 50 та ногиронлик аравачаси, 12 та эшитиш мосламаси, 27 та ҳасса, 43 та қўлтиқтаёқ фахрийларга бепул тарқатилди.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳар бир шаҳар-туманда барпо этилаётган “Нуронийлар маскани” дам олиш муассасалари ёши улуғларимизга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир юксак намунасидир. Айни пайтда Навоий ва Зарафшон шаҳарлари, Навбаҳор, Учқудуқ ва Қизилтепа туманларида ана шундай масканлар фойдаланишга топширилган бўлса, қолган ҳудудларимизда қурилиш ишлари давом эттирилаётир.
Бир сўз билан айтганда, кекса авлод вакиллари манфаатлари йўлида амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирлар давлатимиз эътиборида. Миллийлигимизга хос мазкур саъй-ҳаракатлар замирида эса юксак ҳурмат-эътибор ва ғамхўрлик мужассам.
О. ШУКУРОВ.
21.05.2018
- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 592
ТАРИХИЙ ЁДГОРЛИКЛАР
ОБОД ҚИЛИНДИ
Инсонларни эзгулик, яхшилик ҳамда олижаноб ишларга даъват қиладиган муборак Рамазон кунлари шарофатидан диёримиз янада обод-кўркам, халқимиз фаровон ва бахтиёр бўлмоқда. Ҳар бир кунимиз янгилик, ўзгаришлар, яратиш ва юксалишларга ҳамоҳанг ўтаётир. Шундай фараҳбахш кунларда қадимий ва ҳамиша навқирон Кармана туманидаги Хўжа Хисрав, Мирсаид Баҳром ва Қосимшайх тарихий ёдгорликларининг қайтадан таъмирланиб, фойдаланишга топширилганлиги вилоятимиздаги ёшу қарини хурсанд этди.
Меҳнат фахрийлари, диний соҳа ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари дастлаб Хўжа Хисрав ва Мирсаид Баҳром мақбараларига ташриф буюришди. Шундан сўнг Қосимшайх мажмуасида бўлиб, бу ердаги жомеъ масжиди, Бухоро амири Саид Абдулаҳадхон даҳмаси, Қосимшайх Азизон хилхонасини зиёрат қилишди. Мазкур манзилдан мангу қўним топган зотлар хотирасига Қуръон тиловат қилинди.
Меҳмонлар зиёратгоҳда намозхонлар учун бунёд этилган нақшинкор айвонни кўздан кечирдилар.
Қосимшайх меъморий мажмуасида рўзадорларга ифторлик дастурхони ёзилди. Вилоят ҳокими К. Турсунов тадбир қатнашчиларини моҳи Рамазон билан қутлаб, мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар туфайли халқимиз фаровонлиги ошаётганлиги, жумладан, асрий қадриятларимиз рамзи бўлган маданий мерос объектлари асл ҳолича элюртимизга қайтарилаётганлигини таъкидлади. Мазкур мажмуалар ҳам Президентимизнинг сайловолди учрашувларидаги топшириқлари асосида ҳудудимиздаги бошқа зиёратгоҳлар қатори мукаммал таъмирланди.
Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик учун мунаввар оқшом оғушидаги тадбир иштирокчилари тилидан шукроналик каломи тушмайди... Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан диний соҳага қаратилаётган юксак эътибордан барча бениҳоя мамнун.
— Қосимшайх қадамжоси жуда файзли бўлибди, — дейди Кармана туманидаги Бешкент маҳалласида яшовчи Сафар ҳожи ота Мамарайимов. — Истиқлолнинг дастлабки йилларида ушбу мажмуа таъмирланганди. Йиллар ўтиб, бино деворлари нурай бошлади. Мана ёдгорлик яна асл ҳолатига келтирилди. Хўжа Хисрав зиёратгоҳи ҳам мутлақо янги қиёфа касб этди. Қурувчилар томонидан мажмуада катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Мирсаид Баҳром мақбараси ободонлаштирилиб, атрофи девор билан ўралди. Мовий гумбази офтоб нурида ярқираб, зиёратчиларни ўзига чорламоқда. Бунинг учун ушбу эзгу ва савоб ишлар бошида турган инсонларга раҳмат айтамиз.
Дарҳақиқат, “Sardoba-Malikrabot” хусусий корхонаси ишчилари бир йилдан ортиқ вақт тер тўкиб, Қосимшайх тарихий-ёдгорлик мажмуасини деярли қайтадан тиклашди. Шаҳрисабз, Самарқанд, Нурота, Қўқон каби шаҳарларда қатор меъморий обидаларни таъмирлаб, анчагина тажрибага эга бўлган бунёдкорлар томонидан ёдгорликнинг зах тортиб, емирилишига сабаб бўлаётган ер ости сувларини ундан узоқлаштириш мақсадида ҳовуз барпо этилди. Шунингдек, бино пойдеворини мустаҳкамлаш, иморатнинг яроқсиз ҳолга келиб қолган ғиштларини алмаштириш, атрофини ободонлаштириш ишлари ҳам уюшқоқлик билан олиб борилди. Ҳовлилар супаларидан тортиб, хонақоҳ гумбази, эшиклари қайта таъмирланди.
Ўзбекистон Республикаси маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бош бошқармаси томонидан мазкур ёдгорликларда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун қарийб 3 миллиард сўм миқдоридаги маблағ йўналтирилди.
— Масжид, мақбара ва айвон ҳамда бутун мажмуанинг ташқи-ички кўринишлари обод бўлди, — дейди Қосимшайх жомеъ масжиди имом-хатиби М. Юнусов. — Зиёратчи ва намозхонлар учун керакли шарт-шароитлар муҳайё қилинди. Усталар ганчкорлик ва ёғоч ўймакорликни санъат даражасига олиб чиқишди. Қараган сайин ҳавас ва ҳайратингиз ошади.
Тадбир якунида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакили, бош имомхатиб Т. Рўзиев барча мўмин-мусулмонлар номидан хайрли ишлар ташаббускорларига миннатдорчилик билдирди.
Ҳа, кунни тунга улаб бажарилган ишлар беиз кетмайди. Зиёратгоҳ ҳовлисига қадам қўйишингиз билан руҳингизни ажиб бир илоҳий нурлар чулғаб олади. Кўнглингизда осуда ҳаёт учун Яратганга шукроналик туйғулари жўш уради.
Жамолиддин АҲТАМОВ.
Суратлар муаллифи
Сирож АСЛОНОВ
25.05.2018
- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 566
Алломалар китобни содиқ дўстга, буюк донишмандга, оқибатли устозга қиёслашади. Бу фикрларнинг илдизлари олис-олис мозийларга бориб тақалади. Муҳтарам Президентимиз ижтимоий ҳаётимизда китобнинг аҳамиятини янада юксалтириш мақсадида кўпдан-кўп ҳужжатларга имзо чекдилар. Энди гап кун тартибига қўйилган ана шундай долзарб муаммолар ечими ва вазифалар ижросида.
Кармана тарихи нафақат Ўзбекистонимизда, балки, бутун Марказий Осиёда ҳам ўз ўрни ва мавқеига эга эканлиги азалдан аёндир.
Ҳақиқатан ҳам қадимий ва навқирон Кармана ўзининг буюк ва бетакрор тарихига эга эканлиги билан алоҳида ажралиб туради. Бу ҳудуд миллий қадриятларимизнинг олтин бешиги десак, асло хато бўлмайди.
Шундан сўнг бир неча муаллифларнинг Кармана тарихига бағишланган рисолалари, китоблари, ўнлаб таҳлилий мақолалари ёруғлик юзини кўрди. Уларга карманалик китобхонлар ўз муносабатларини билдирдилар.
2018 йили Тошкентдаги “Янги китоб” МЧЖда тумандошимиз Шуҳрат Халиловнинг “Карманаю пирга бой” китоби минг нусхада чоп этилди. Аввало, китобнинг номи ҳақида фикр юритсак. Муаллиф ўз асарига нима учун шундай ном берган? Яқин-яқинларгача айримлар, ҳатто зиёлилар ҳам “Карманаю пир гадой” деб айтишдан ўзларини тия олмас эдилар. Аслида эса Кармана ҳақиқий пирлар бешиги эканлигини улар ё билмас эдилар, ёки тан олишни истамаганлар. Шу маънода бу китоб ана шундай гап-сўзларга ўзига хос тарзда нуқта қўйди.
15 май куни туман ҳокимлигининг катта мажлислар залида ана шу ажойиб китобнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Уни Кармана тумани ҳокими Фахритдин Умаров кириш сўзи билан очиб, муаллифни табриклади.
Шундан сўнг сўз олган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Кармана овози” газетаси масъул котиби Одил Ҳотамов, Навоий давлат педагогика институти тарих факультети декани, тарих фанлари номзоди Хуршид Қурбоновлар ушбу асарнинг ёш авлод тарбиясидаги беқиёс аҳамияти, маънавиятимиз ва маърифатимизни юксалтиришдаги ўрни ҳақида сўз юритиш билан бирга, ёшларимиз, айниқса, умумий ўрта таълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари бу китобни астойдил ўқиб-ўрганишлари зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Шундан сўнг сўз олган меҳнат фахрийлари — Мубошира ая Ражабова, Матлуба Адизова, Агросаноат мажмуи касаба уюшмаси туман Кенгаши раиси Ўткир Ражабов, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Анора Бобомуродовалар ҳам китобнинг Буюк Ипак йўлида жойлашган Кармана тарихини ўрганишда муҳим рол ўйнашини айтиш билан бирга, бу китоб ҳар бир хонадондан ўрин олиши шарт ва лозимлигини қайд этдилар.
Тадбир сўнггида туман ҳокими Ф. Умаров муаллифга Кармана тумани ҳокимлигининг “Ташаккурнома”сини топширди.
Энди сарлавҳадаги саволга келадиган бўлсак, мазкур китобда таъкидланишича, Шоҳруҳ Мирзо Мовароуннаҳр подшоси тожини Мирзо Улуғбекка Карманада кийгизган.
Китобда туманимиз тарихига оид яна кўплаб янги ва қизиқарли маълумотлар келтирилган. Шу боис, ушбу китоб сизу бизнинг кўнглимиздан, фарзандларимизнинг кундалик ҳаётидан ўрин олишига ҳеч қандай шубҳа йўқ.
О. ОЛИМОВ.
21.05.2018