kitobsevarБолалик — ёруғ таассуротлар, беғубор орзуумидлар, ҳаётни, дунёни янгидан англаш палласидир.

Ана шу даврда эшитган эртакларимиз, ёдлаган шеърларимиз, ўқиган китобларимиз бир умр онг-шууримиз, хотирамизга муҳрланиб қолади.

Касбим — ўқитувчи. Шунинг учун ҳам ҳар куни ўқувчиларим билан юзма-юз бўламан. Дарс машғулотларидан сўнг уларни “Охирги марта ўқиган китобингиз ҳақида гапиринг!” дея саволга тутаман.

Бадиий асар ўқишга қизиқадиган ўқувчилар кўпчиликни ташкил этиши қувончли ҳолат, албатта. Кўпгина ўқувчилар ўзбек ва жаҳон адабиёти асарлари ҳақида сўз юритишади. Ўзлари ҳавас қилган асар қаҳрамонларининг исмлари, уларнинг феъл-атвори, қийинчиликларни юксак билим, мустаҳкам ирода билан енгиб ўтганликлари ҳақида гапиришади.

Шундай пайтларда баъзи ўқувчилар жим қолишади. Ҳамма гап ана шу “баъзи” ўқувчиларда.

Тўғри, мен уларни бутунлай китоб ўқишмайди, демоқчи эмасман, барчаси қизиқишда ва интилишда.

Ёзги таътил ойлари давом этмоқда.

Ўғлим, қўшнимизнинг фарзандлари қандай китобларни мутолаа қилишаётгани эътиборимни тортди. Бу Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг “Ширин қовунлар мамлакати” асари.

Мен уларга бу забардаст адибнинг “Сариқ девни миниб”, “Сариқ девнинг ўлими, “Мунгли кўзлар”, “Беш болали йигитча” ва бошқа асарлари ҳақида сўзлаб бердим.

Ҳозир улар Худойберди Тўхтабоев китобларини мутолаа қилишаяпти. Шу билан бирга улар маҳалла спорт мусобақаларида фаол қатнашаяптилар. Уй-рўзғор юмушларида ота-оналарига яқиндан ёрдам беришмоқда. Энг муҳими, улар олтин ёзнинг ҳар бир кунини китоб билан дўстлашиб ўтказаяптилар...

Фотима ТИЛЛАЕВА,

17-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.

13.07.2018