ТЎКИН ЮРТНИНГ ТЎКИС НЕЪМАТЛАРИ

ТЎКИН ЮРТНИНГ  Юртимизда тадбиркорликка қаратилаётган эътибор аҳолини иш билан таъминлаш масаласида муҳим омил бўлаётгани билан бирга бу орқали мамлакатимиз бозорларини арзон ва сифатли ма­ҳаллий маҳсулолар билан тўлдириш имкониятлари кенгаймоқда.

Айни ҳақиқатни туманимизнинг “Варқ” маҳалласи ҳудудида фаолият юритиб, Англия куркасидан тортиб Африка лаққа балиғигача парваришлаётган “Рамазон-Барҳаёт” оилавий корхонаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Бугунги кунда 9 нафар ишчиходим фаолият юритаётган корхонада ҳар йили 50 тоннагача товуқ, 10 тонна курка гўшти ва яна 10 тоннага яқин балиқ гўшти маҳсулотлари етиштирилаяпти.

2013 йилда гўшт етиштириш йўналишини 1000 бош парранда боқишдан бошланган корхона фолияти кенгайиб, янги тармоқлар йўлга қўйилади. Айни чоғда асаларичиликда ҳам салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирда корхонада 20 та асалари оиласи мавжуд.

— ­Англиядан “ВК-6” зотли куркаларни келтириб парваришлашни ўтган йилдан бошлаганмиз, ­— дейди биз билан суҳбатда оилавий корхона раҳбари Самат Ахмедов. — 240 миллион сўмлик банк кредити эвазига 3 минг бош курка жўжалари олиб келинганди. Мазкур турдаги куркалар маҳаллий зотлардан анча фарқ қилади. 6 ой давомида махсус емиш билан боқилса, 15-20 килограммгача гўшт бериши мумкин. Ҳозирда ушбу маҳсулотларимизнинг биринчи навбати тайёр бўлиб, курка гўштини бозорга чиқараяпмиз. Жорий йилда 5 минг бош жўжа келтириб парваришлаш борасида иш олиб бормоқдамиз.

Африка лаққа балиғининг ўзгача таъми, тез етилиши, юртимиз иқлим шароитида уни парваришлаш имконияти мавжудлиги боис бугунги кунда кўпчилик балиқчилик хўжаликларида ушбу балиқни учратиш мумкин. “Рамазон-Барҳаёт” оилавий корхонасида мазкур йўналишда 3 йилдан буён кенг кўламли ишлар олиб борилаётган бўлиб, бу ерда маҳаллий зотли балиқларни парваришлаш билан бирга, Африка лаққа балиқлари етиштиришга катта аҳамият қаратилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида мазкур турдаги 3-4 тонна балиқ маҳсулоти сотилган бўлса, ҳозирда 10 тонна маҳсулот тайёр турибди.

— Навбаҳор туманининг Ижанд қишлоғи ҳудудида, Зарафшон дарёси бўйида 5 гектар майдонда табиий 1 та ҳамда ундан ташқари ўзимизнинг туманда ҳам катта-кичик 2 та сунъий ҳовузимиз бор, ­— дейди корхона раҳбарининг тўнғич ўғли Элмурод Ахмедов. — Уларда балиқларнинг 5-6 тури етиштирилади. Сунъий ҳовузларимизда асосан Африка лаққа балиқларини етиштираяпмиз. Бу турдаги жониворлар иссиқсевар, сувнинг ҳарорати 18 даражадан 25 даражагача  бўлиши зарур. Уларнинг емиши асосан майда балиқлар саналади. Шу боис мазаси ҳам ўзгача. Яхши парвариш қилинса 6 ой давомида 2-3 килограммгача гўшт қилиши мумкин.

Корхонанинг интенсив усулда балиқ парваришлаш жараёнларини кузатар эканмиз, мазкур субъектда ушбу соҳада катта тажриба тўпланганлигининг гувоҳи бўлдик. Бир тарафда тайёр маҳсулот, яна бир томонда эндигина ҳовузга келтирилиб ташланган балиқ чавоқлари, бошқа ҳовузда эса етилаётган балиқлар – ушбу жараённинг узлуксиз йўлга қўйилганлиги корхона фаолияти барқарорлигини кўрсатиб турибди.

Умуман олганда, Самат аканинг бройлер жўжа етиштиришдан тортиб, балиқ парваришлашгача бўлган иш услубидан ўрганган кишилар сони бугунгача 100 нафарга яқинни ташкил қилади. У кишининг шогирдлари нафақат туманимизда, балки қўшни Хатирчи, Навбаҳор, Нурота туманларида ҳам кўплаб топилади.

Корхонада парранда ҳамда балиқлар учун махсус ем тайёрлаш ишлари йўлга қўйилган. 6-7 хил маҳсулот асосида гранула кўринишида озуқа тайёрлаб бе­радиган хориж технологиясининг ишлаб чиқариш қуввати соатига 1,5 тоннани ташкил этади. Бу корхона фаолияти ривожида ўзига хос омиллардан саналади, албатта. 

Бугунги кунда бозорларимизни арзон гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш муҳим масалалардан саналади. “Рамазон-Барҳаёт” каби тадбиркорлик субъектларининг мазкур йўналишда олиб бораётган фаолияти неъматлари тўкис бўлган юртимизда тўкин-сочинлик билан бирга аҳоли фаровонлигига эришишда ҳам асқотмоқда. 

Озод МУСТАФОЕВ.

Суратлар муаллифи

Сирож АСЛОНОВ.

13.04.2017

ТУМАНИМИЗДА СОЯ ЕТИШТИРИЛАДИ

soybeans2

Дунёнинг 60 дан зиёд мамлакатларида етиштирилаётган соя экинини юртимиз қишлоқ хўжалигига кенг тадбиқ этиш юзасидан давлатимиз томонидан 2017-2021 йилларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури қабул қилинди.

ИТАЛИЯДАН КЕЛТИРИЛГАН НАСЛДОР

 

 

 

 

ИТАЛИЯДАН КЕЛТИРИЛГАН НАСЛДОР

 ҚУЁНЛАР ПАРВАРИШЛАН-МОҚДА

 

     

 

Мамлакатимизда аграр соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар қишлоқ ҳаётини тубдан ўзгартириб, аҳолининг турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

                 ХОНАДОН ТОМОРҚАСИ – ОИЛА БАРАКАСИ
 DSC 0112

    Юртимизда аҳоли сонининг йилдан йилга ошиши, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида мева-сабзавот етиштириш ҳажмларини кўпайтиришни тақозо этиб, бу нафақат деҳқон ва фермерлар, балки бир қарич ерга эга ҳар бир киши елкасига алоҳида масъулият юклайди.