ТУМАНИМИЗДА СОЯ ЕТИШТИРИЛАДИ
Дунёнинг 60 дан зиёд мамлакатларида етиштирилаётган соя экинини юртимиз қишлоқ хўжалигига кенг тадбиқ этиш юзасидан давлатимиз томонидан 2017-2021 йилларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури қабул қилинди.
Унга кўра жорий йилнинг ўзида мазкур ўсимлик асосий экин сифатида 7266, такрорий экин сифатида эса 6557 гектар майдонларда етиштирилади. Эндиликда жорий йил ҳосили учун етишмайдиган, республика иқлим шароитига мос келадиган, серҳосил ва таркибида мой миқдори юқори бўлган 300 тонна соя уруғлари четдан олиб келинади.
Соянинг 60 кундан 130 кун давомида етиладиган барча эртапишар ҳамда кечпишар навлари Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари қишлоқ хўжалигининг асосий экинларидан бири саналади. Мазкур ўсимликнинг тўйимлилиги шундаки, гўшт маҳсулотларида оқсил моддалари 15-20 фоизни ташкил этса, дуккакдошларга мансуб соя ўз таркибида 44-45 фоиз оқсил сақлайди. Шу жиҳатдан олиб қараганда у нафақат инсон организми, пояси чорва учун ҳам муҳим озуқа саналади. Шунингдек, унинг илдизи тупроқни азотга бойитиб, бактериялардан тозалаш хусусиятига эга.
Бугунги кунгача ҳам юртимизда соя ўсимлиги кам ҳажмда бўлсада етиштириб келинган. Мисол учун, қишлоқ хўжалигимизда унинг асосан “Илҳом”, “Универсал”, “Султон” каби навлари мавжуд. Мазкур навлар турли агрономик мақсадларда фойдаланиш учун ҳам жуда қулай бўлиб, бошқа сабзавот ва дон экинлари билан мутаносиб ҳолда ер ҳосилдорлигини яхшилаб, нафақат баҳор, балки ёз ойларида экилганда ҳам тўлақонли ҳосил беради. Уни исталган маданий, айниқса донли экинлардан бўшаган майдонларда экса бўлади.
Туманимизда ҳам жорий йилда мазкур экинни етиштириш белгиланган.
– 70 гектар майдонда соя етиштириш йўлга қўйилади, — дейди биз билан суҳбатда туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи ўринбосари А. Қамбаров. – Бу борадаги ишлар “Алишер Навоий” массивида жойлашган 30 га яқин ғаллачилик ҳамда пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари томонидан амалга оширилади. Ҳозирда фермерларимиз томонидан бир қатор ишлар олиб борилмоқда.
Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, юртимизнинг ноёб иқлим шароити ҳудудда дунёнинг кўплаб мамлакатларида етиштириб келинаётган экинларни парваришлаш имконини беради. Бу омилдан самарали фойдаланиш эса қишлоқ хўжалигимиз тараққиётида муҳимдир.
О. МУСТАФОЕВ.
17.03.2017