ХОНАДОН ТОМОРҚАСИ – ОИЛА БАРАКАСИ
Юртимизда аҳоли сонининг йилдан йилга ошиши, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида мева-сабзавот етиштириш ҳажмларини кўпайтиришни тақозо этиб, бу нафақат деҳқон ва фермерлар, балки бир қарич ерга эга ҳар бир киши елкасига алоҳида масъулият юклайди.
Биргина вилоятимиз мисолида айтадиган бўлсак, бугунги кунда ҳудудда 930 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Йилдан йилга аҳолининг кўпайиб бораётгани асосий турдаги сабзавот, картошка, полиз, мева ҳамда узум маҳсулотлари етиштиришни ҳам кўпайтиришни тақозо этади.
Ушбу товарларга бўлган эҳтиёж ошиб борар экан, бу вилоятимизнинг 85,1 минг гектарлик қишлоқ хўжалик майдонлари билан бирга аҳоли ихтиёридаги 12,6 минг гектар томорқалардан ҳам унумли фойдаланишни талаб этмоқда.
Вилоятимизда томорқа маданияти юксак ривожланган ҳудудлар талайгина. Туманимизда ҳам бир қатор маҳаллаларни бу борада алоҳида эътироф этиш мумкин. Хусусан, Варқ маҳалла фуқаролар йиғинида ернинг “ҳадисини олган” оилалар кўплаб топилади. Ана шулардан бири Холовлар оиласи бўлиб, улар 35 йилдан буён кўчатчилик, яъни мевали дарахт ниҳолларини етиштириш билан шуғулланиб келишмоқда.
— Мен ота-онамнинг касбларини давом эттириб, 3 йилдан буён ўзим мустақил шу иш билан шуғулланаяпман, – дейди Оқила Холова. – Ҳар йили бозорга 1000 донадан зиёд ниҳол чиқарамиз. 25-30 хилдан ортиқ навдаги дарахтларни парваришлаш нафақат томорқамизда, балки 27 сотихлик боғдорчилик хўжалигимизда ҳам амалга оширилади. Пайвандлаш ишларига алоҳида эътибор берамиз. Айни пайтда ана шу ишларимизнинг самараси натижасида битта дарахтдан беш хил олма ҳосили олинаяпти.
5112 нафар аҳоли яшаётган Шибзон маҳалла фуқаролар йиғинида томорқадан даромад олишга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳудудда иссиқхоначилик ривож топган. Айниқса, 40 га яқин хонадон лимон парваришлаш орқали ўтган қиш ойларида катта даромадга эга бўлди. Хусусан, Комил Очилов 18 йилдан буён шу соҳа билан шуғулланиб келади. 8 туп лимон кўчати билан иш бошлаган миришкорнинг томорқасидаги 5 сотихлик иссиқхонада айни пайтда 34 та лимон дарахти мавжуд.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, оила шароитида мўл даромадга эга бўлишда маҳалладошларига ўрнак бўлаётган бу каби миришкорларнинг фаолияти эътирофга лойиқ. Уларнинг бу борадаги саъйҳаракатлари томорқа маданиятига алоҳида эътибор қаратган ҳар бир оила ҳаёти фаровон бўлишини ҳам исботлайди.
О. ШУКУРОВ.
14.03.2017