ИТАЛИЯДАН КЕЛТИРИЛГАН НАСЛДОР

 

 

 

 

ИТАЛИЯДАН КЕЛТИРИЛГАН НАСЛДОР

 ҚУЁНЛАР ПАРВАРИШЛАН-МОҚДА

 

     

 

Мамлакатимизда аграр соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар қишлоқ ҳаётини тубдан ўзгартириб, аҳолининг турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Бугунги фермер пахта ва ғалла етиштириш билан бирга, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, хизмат кўрсатиш ва бошқа ижтимоий-иқтисодий фаолият турларида ҳам катта муваффақиятларга эришмоқда. Аграр соҳанинг сердаромад тармоқларидан бўлган чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичиликни ривожлантириш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Вилоятимизда ҳам қуёнчиликни ривожлантириш, наслчилик ишларини такомиллаштириш ва ушбу йўналишда ихтисослашган кўп тармоқли агрофирмалар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Кармана туманидаги “Қўрғон дала” агрофирмасида Италиядан келтирилган наслли оқ великан зотли қуёнлар парваришланмоқда.

– Ўтган йили май ойида ташкил этилган хўжалигимизга дастлаб 104 зотдор қуён келтирилган эди, – дейди агрофирма раҳбари Алишер Қобилов. – Шу қисқа вақтда улар сони 2 мингга етди. Ҳар бир қуён камида 15 килограммгача тош босади.

Изланувчан фермер наслли қуёнларни парваришлаш сирини қисқа фурсатда ўзлаштирди. Хона ҳарорати мўътадиллигини таъминлаб, вақти-вақти билан ҳавосини алмаштирди.

Кичик лаборатория ташкил этиб, қуёнларни сунъий урчитишни йўлга қўйди. Агрофирма раҳбарининг таъкидлашича, қуёнлар 28 кунда 15 тагача болалайди.

Махсус озуқа билан парваришланаётган қуёнларни маҳаллийлаштириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Тадбиркор юртимизда қуёнчиликни ривожлантиришга қизиққан аҳолига наслли қуёнлар етиштириб бермоқда.

Қуёнлар олинадиган маҳсулотга қараб икки гуруҳга ажратилади – гўшт учун, териси учун. Гўштининг биологик қиймати, юмшоқлиги, ёғ ва холестерин моддаси камлиги ҳисобга олиниб, тиббиётда аллергия, гипертония, ошқозоничак, меъда, ўтпуфак, жигар касалликларини даволашда фойдаланилади. Қуён момиғидан тайёрланган ашёлар даволовчи хусусиятга эга бўлиб, неврология, радикулит билан оғриган беморларга тавсия этилади. Қуён момиғи иссиқни сақлаш хусусиятига кўра қўй жунидан 10 баробар афзалдир.

“Микрокредитбанк”нинг вилоят филиалидан олинган 250 миллион сўм имтиёзли кредит ҳисобидан иш бошлаган тадбиркор эндиликда қуёнлар сонини 50 мингтага етказиб, хориждан қуён гўштини қадоқлаш технологияси келтиришни мўлжалламоқда, терисини экспорт қилишни режалаштираётир.

Нуриддин РАХИМОВ.

15.02.2017

расим интернетдан олинган