- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 608
Давлат дастури доирасида 25 июль санасида Кармана туман ҳокимлигининг катта мажлислар залида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ташкил қилинди.
Президентимиз Ш. Мирзиёев томонидан жорий 27 июнь куни имзоланган “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизнинг ҳар бир туман ва шаҳрида вилоят ҳокими ҳамда ёшлар ўртасида мулоқотлар бўлиб ўтмоқда. Шундай учрашувларнинг бири туманимизда ҳам уюштирилди.
Вилоят ҳокими ва ўринбосарлари, ёш тадбиркорлар, вақтинча ишсиз ёшлар, Навоий шаҳри ва Кармана тумани ташкилотлари раҳбарлари қатнашган мазкур йиғилишда асосан ёшлар муаммолари, ўз фаолиятларида тўсиқ бўлиб келаётган, жойларда йўл қўйилаётган камчиликлар муҳокамага тортилди.
– Ҳозирда муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинаётган қарор, фармонлар ёшларимизнинг муаммоларини ўрганиш ва тезда бартараф этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, асосийси, ҳаётда ўз ўрнини топишлари учун муҳим омил бўлмоқда, – дейди Навоий вилояти ҳокими, сенатор Қобил Турсунов. – Вилоятимиз аҳолисининг қарийб олтмиш фоизини ёшлар ташкил этишини ҳисобга олган ҳолда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳар қачонгиданда муҳим вазифа ҳисобланади. Жамиятимизда ёшларимизнинг ишсизлигини бартараф этиш ғоят долзарбдир. Эндиликда улар ўртасида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва ишбилармонлик савиясини тарғиб қилиш бу каби муаммоларни камайтиришда ўз ёрдамини беради.
Сўнгра бир гуруҳ ёшлар сўзга чиқиб, юзага келаётган баъзи муаммолар ва камчиликлар, уларнинг ечими хусусида вилоят ҳокими ва мутасаддиларга саволлар йўллашди.
Қизғин савол-жавоб руҳида давом этган учрашувда ўз тадбиркорлигини бошлаш истагини билдирган ва фаолиятини давом эттиришда турли қийинчиликларга дуч келаётган, ишсиз, саломатлигида нуқсони бор ёшлар ҳамда тадбиркорликда намуна кўрсатаётган фуқаролар ўз савол ва таклифларига атрофлича жавоб олдилар.
Ўз мухбиримиз.
31.07.2018
- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 576
Асал ўнлаб касалликларга даво бўлгувчи қимматбаҳо маҳсулот саналади. Уни етиштириш эса ўта нозик ва эътибор талаб этадиган соҳадир. Мамлакатимизда ушбу маҳсулотга бўлган эҳтиёжни қондириш ва тармоқда замонавий технологиялардан кенг фойдаланиш мақсадида кейинги йилларда қатор лойиҳалар амалга оширилди.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳани бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, унда наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш, асаларичилик хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш, асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини янада кўпайтириш, уни қайта ишлаш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, илғор тажрибаларни татбиқ этишга замин яратди.
Айни кунда республикамизда 2 мингдан ортиқ асаларичилик ташкилотлари фаолият олиб боради. Яқин келажакда уларнинг сони янада ошиб, асал етиштириш миқдорини жорий йилда 17 минг, 2021 йилда эса 23,7 минг тоннага етказиш мўлжалланган. Жумладан, вилоятимизда 2018 йилда маҳсулот ҳажмини 51 тоннага, ўтган йилга нисбатан ўсишни 120 фоизга таъминлаш кўзда тутилмоқда. Ҳосилнинг 48 тоннаси деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликлар томонидан тайёрланади. Бунга ҳамкорликда иш олиб бориш, асаларилар учун сунъий озуқалар ишлаб чиқаришни ташкил этиб, хўжаликлар захира базасини мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш, даволаш ва ташхис қўйиш бўйича замонавий усулларни жорий этиш орқали эришиш мумкин.
Яна шуни таъкидлаш лозимки, қонунчиликка асосан энди асаларичилик хўжаликлари — “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси аъзоларига асалари оилаларини асал йиғиш мавсуми давомида ўрмон фонди ерлари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, тоғ ва тоғолди ҳудудлари, табиий пичанзор ва яйловлар ҳамда қишлоқ хўжалиги ерлари фойдаланишга бепул берилади. Бу ҳам соҳани ривожлантиришда муҳим омилдир.
АТ “Алоқабанк” таркибидаги лизинг компаниялари асалари уялари, зарур жиҳозлар ва ускуналар, инвентарлар, махсус транспорт воситалари ва тиркамалар, шунингдек, асални қадоқлаш бўйича замонавий технологик линияларни лизинг асосида тўлиқ етказиб беришга ҳаракат қилмоқда.
— Яратилган имконият ва имтиёзлардан фойдаланиб, етиштирилаётган маҳсулот ҳажмини йилдан-йилга ошириш бўйича қатор тадбирлар белгиланган, — дейди вилоят асаларичилар ассоциацияси раиси У. Муродов. — Айни кунда ҳудудда мазкур йўналишда 1070 нафар юртдошимиз фаолият олиб бораяпти. Улар 44 ярим минг оила асаларини парваришламоқда. Ҳозиргача уларнинг ярмиси жорий йил дастлабки ҳосилини олди. Ҳосилдорлик ҳар бир оила ҳисобига ўртача 4-5 килограммни ташкил этаётир. Йиғим ниҳоясига етса, нафақат ички эҳтиёжни қоплаймиз, балки маҳсулотнинг бир қисмини экспорт қилишга ҳам имкон туғилади. Яқинда Украина давлатининг Закарпатье вилоятидан 600 дона “Карпат” зотли она болари олиб келинди. У юқори ҳосилдорлиги, турли касалликларга чидамлилиги билан ажралиб туради. Шу билан бирга у қишда кам озуқа жамғармаси билан яшай олади ва эрта баҳорда ўзини қисқа фурсатда тиклайди. Яқин келажакда икки мингга яқин кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолиятида мазкур сердаромад соҳа билан шуғулланишни йўлга қўйиш ва фақатгина улардаги боларилар оиласи сонини 9775 тага етказиш бўйича ишлар жадал давом этмоқда. Жорий йилда, шунингдек, хўжаликларга 1615 та асалари оиласи етказиб берилади. Қизилтепа туманида маҳсулотни қайта ишлаш корхонаси бунёд этилади. Бу ва бошқа қатор лойиҳалар ижроси учун 1 миллиард 200 миллион сўм инвестиция маблағи йўналтирилади.
Ҳукуматимиз томонидан ушбу соҳа ривожига қаратилаётган юксак эътибор натижасида тармоқда ҳам тажриба мактаби яратилаяпти. Шубҳасиз, бу даргоҳ мураббийларининг ўгити юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида беминнат хизмат қилади.
Олим ЖАЛИЛОВ,
“Дўстлик байроғи” мухбири.
20.07.2018
- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 562
Болалик — ёруғ таассуротлар, беғубор орзуумидлар, ҳаётни, дунёни янгидан англаш палласидир.
Ана шу даврда эшитган эртакларимиз, ёдлаган шеърларимиз, ўқиган китобларимиз бир умр онг-шууримиз, хотирамизга муҳрланиб қолади.
Касбим — ўқитувчи. Шунинг учун ҳам ҳар куни ўқувчиларим билан юзма-юз бўламан. Дарс машғулотларидан сўнг уларни “Охирги марта ўқиган китобингиз ҳақида гапиринг!” дея саволга тутаман.
Бадиий асар ўқишга қизиқадиган ўқувчилар кўпчиликни ташкил этиши қувончли ҳолат, албатта. Кўпгина ўқувчилар ўзбек ва жаҳон адабиёти асарлари ҳақида сўз юритишади. Ўзлари ҳавас қилган асар қаҳрамонларининг исмлари, уларнинг феъл-атвори, қийинчиликларни юксак билим, мустаҳкам ирода билан енгиб ўтганликлари ҳақида гапиришади.
Шундай пайтларда баъзи ўқувчилар жим қолишади. Ҳамма гап ана шу “баъзи” ўқувчиларда.
Тўғри, мен уларни бутунлай китоб ўқишмайди, демоқчи эмасман, барчаси қизиқишда ва интилишда.
Ёзги таътил ойлари давом этмоқда.
Ўғлим, қўшнимизнинг фарзандлари қандай китобларни мутолаа қилишаётгани эътиборимни тортди. Бу Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг “Ширин қовунлар мамлакати” асари.
Мен уларга бу забардаст адибнинг “Сариқ девни миниб”, “Сариқ девнинг ўлими, “Мунгли кўзлар”, “Беш болали йигитча” ва бошқа асарлари ҳақида сўзлаб бердим.
Ҳозир улар Худойберди Тўхтабоев китобларини мутолаа қилишаяпти. Шу билан бирга улар маҳалла спорт мусобақаларида фаол қатнашаяптилар. Уй-рўзғор юмушларида ота-оналарига яқиндан ёрдам беришмоқда. Энг муҳими, улар олтин ёзнинг ҳар бир кунини китоб билан дўстлашиб ўтказаяптилар...
Фотима ТИЛЛАЕВА,
17-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.
13.07.2018
- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 491
Навоий вилоят ҳокими ўринбосари Ў. Исламов хорижий инвестицияларни воҳамиз ҳудудига жалб қилиш, чет эл ишбилармонларини ҳамкорликда қўшма корхоналар ташкил этиш, сайёҳлик имкониятларини кенгайтириш мақсадида Будапешт шаҳрида ўтказилган бизнес форумда иштирок этди.
Форум доирасида юртимиз делегацияси вакиллари ҳамда “WizzAir” авиакомпанияси президенти Ж. Варади билан учрашув ташкил этилиб, унда хорижлик ишбилармонга “Навоий” халқаро аэропортининг имкониятлари, Навоий-Будапешт-Навоий авиақатновларини йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Венгрия миллий савдо уйида ҳам юртимиз ҳамда чет эл тадбиркорлик субъектлари вакиллари томонидан музокаралар олиб борилди. Натижада вилоятимизда фаолият олиб бораётган “Sharq yog'-moy sanoat” МЧЖ ҳамда “Virgin Oil Press” Ltd корхоналари ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди. 1 миллион долларлик мазкур шартномага кўра замонавий шарт-шароитлар асосида воҳамизда ёғмой ишлаб чиқариш корхонаси барпо этилади.
Бундан ташқари, Венгрияда мевачева савдоси борасида етакчи корхоналардан бири бўлган “Mirelite Mirsa” компанияси томонидан Хатирчи туманида 30 миллион долларлик лойиҳа амалга оширишга келишилди.
Делегация аъзолари, шунингдек, Веспремский вилоятида бўлиб, “Fonix” иқтисодий зонаси ҳамда “Навоий” эркин иқтисодий зоналари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш масалаларини муҳокама қилишди.
Ташриф натижаларига кўра, жами 1,5 миллион евро қийматидаги ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Ўз мухбиримиз.
20.07.2018
- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 495
Халқ таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган “Яшил чироқ” республика мусобақасининг туман ва вилоят босқичлари ҳар томонлама пухта ҳозирлик билан ташкил этилди.
Шуниси эътиборлики, унда мактабимизнинг “Ёш назоратчи” гуруҳи аъзолари фаол қатнашиб, тадбирнинг туман ва вилоят босқичида фахрли биринчи ўринни қўлга киритишган эди.
Жорий йил 28-29 июнь кунлари Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида тадбирнинг республика босқичи ҳар томонлама намунали тарзда ташкил этилди.
Унда мактабимиз вакиллари барча шартлар талабларини аъло даражада бажариб, фахрли биринчи ўринни эгалладилар.
Гуруҳ мураббийлари — Д. Латипова, Ю. Турсуноваларнинг топшириқ ва кўрсатмаларини тўла-тўкис бажарган Асилбек Раҳматуллаев, Диёрбек Раҳимов, Нилуфар Зиёдуллаева, Муниса Ҳусенова, Динора Норқувватова, Асадбек Баҳриддиновларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли юзимиз ёруғ бўлди.
Ғолиб жамоа ташкилотчилар, мутасаддилар томонидан диплом ва сертификат билан тақдирланди.
Омад сизга, “Ёш назоратчи”лар!
Турдигул ОСТОНОВА,
9-умумий ўрта таълим
мактаби ўқитувчиси.