20КЕЛАЖАК ЭГАЛАРИ МУНОСИБ ТАҚДИРЛАНДИ

30 июнь куни барча шаҳар-туманларда “Ёшлар – келажак бунёдкори” шиори остида байрам сайллари, турли спорт мусобақалари ҳамда ижодий кечалар ташкил этилди.

Дастлаб, Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да вилоят ҳокими Қ. Турсунов иштирокида навоийлик ёшлар билан видеомулоқот ўтказилиб, унда “Камалак” болалар ташкилоти ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи етакчилари ва фаоллари қатнашди. Учрашувда аввало, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига асосан ушбу мукофот билан тақдирланган туманимиздаги 4-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Иброҳимжон Ғаффоров ва “Навоий конметаллургия комбинати” давлат корхонасининг Марказий кон бошқармаси электрочилангари Истам Қудратовга совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.

– Ушбу мукофотга эришган илк ёшлардан эканлигимдан бахтиёрман, – дейди И. Ғаффоров. – Бу менга юрт равнақи йўлида янада кўпроқ билим олиб, келгусида етук мутахассис бўлиш масъулиятини юклайди.

Тақдирлаш маросимидан сўнг очиқ мулоқотда ёшларнинг муаммоли масалалари ҳам ўртага ташланиб, билдирилган 30 дан ортиқ мурожаатлар ечими юзасидан вилоят ҳокими мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди. Хусусан, тадбиркорликни ривожлантириш учун ер майдони ажратиш, мактаб ўқувчиларининг йўлларда қатнови хавфсизлигини таъминлаш мақсадида светофор ўрнатиш ҳамда қозоқ тилида таълим олувчилар ўртасида китобхонлик танловини ўтказиш каби таклифлар ижобий ҳал этилди.

Шундан сўнг Навоий шаҳридаги “Маърифат боғи”да китоблар ярмаркаси, миллий либослар ва ҳунармандчилик кўргазмалари ташкил этилиб, унда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида ҳам шаҳар ва туманлардан келган йигит-қизлар иштирокида велопойга, кураш, стол тенниси, футбол, волейбол ва баскетбол мусобақалари ўтказилди. Шунингдек, йигит ва қизлар ўртасидаги миллий таом – палов тайёрлаш бўйича беллашув томошабинлар билан гавжум бўлди.

Байрам тадбирлари Навоий шаҳридаги “Ёшлар” спорт мажмуасида давом этди. 12 мингдан зиёд томошабинни ўзида жамлаган спорт мажмуасида галаконцерт ўтказилиб, республикамиз ҳамда маҳаллий санъаткорларнинг чиқишлари барчага манзур бўлди. Концерт дастурида вилоят ҳокими бир гуруҳ иқтидорли ёшларни мукофотлади. Жумладан, зарафшонлик ёшларга “ISUZU” автобусининг калити топширилган бўлса, “Энг ёш ҳунарманд”, “Энг ёш китобхон”, “Энг маҳоратли ошпаз”, “Энг моҳир чевар” каби номинация эгаларига ҳам қимматбаҳо совғалар тақдим этилди. Шунингдек, мини футбол, баскетбол, армрестлинг спорт турларида юқори натижаларни кўрсатган ёшлар алоҳида рағбатлантирилди.

Мазкур тантаналар воҳамизнинг ҳар бир ҳудудидаги маданият ва истироҳат боғлари ҳамда марказий майдонларида кенг кўламда ташкил этилди.

Ўз мухбиримиз.

Сурат муаллифи Сирож АСЛОНОВ.

05.07.2018