1 017“Навоий” эркин иқтисодий зонасида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари иштирокида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳамда Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармалари масъул ходимлари томонидан экспорт-импорт билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун юртимизда яратилган енгиллик ҳамда қулайликлар ҳақида маълумот беришди.

Дарҳақиқат, ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги давлат хизматларининг шаффофлигини ва ошкоралигини, импорт-экспорт операциялари мутаносиблигини таъминлаш тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, инвестиция ва экспорт салоҳиятини ошириш, аҳолининг турмуш шароити ҳамда сифатини яхшилашнинг энг муҳим шартлари ҳисобланади. Шу мақсадда Президентимизнинг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. 

– Мазкур ҳуқуқий ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси божхона органларини ислоҳ қилишнинг 8 та асосий йўналиши белгилаб берилди, — дейди вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи О. Иброҳимов. – Уларни амалга ошириш юзасидан “Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан тадбирлар Дастури” тасдиқланди. Унга кўра, жорий йил 1 июлдан бошлаб ташқи иқтисодий фаолият қатнашувчилари учун қулайлик ва енгилликлар яратилди. Жумладан, товарларни божхона режимларига жойлаштириш ҳамда хорижий автоташувчиларнинг мамлакатимиз бўйлаб ҳаракатланиш маршрутларини ўзгартиришга божхона органлари томонидан бериладиган рухсатномалар бекор қилинди.

Шунингдек, айнан бир хил товарларнинг божхона расмийлаштируви ташқи савдо шартномаси доирасида даврий декларацияларни тақдим этиш йўли билан амалга оширилаяпти. Ташқи савдо шартномаси доирасида ўсимлик, ҳайвонот дунёси объектларини олиб кириш ва чиқиш, маҳсулотларга мувофиқлик, ветеринар, гигиеник ва экологик сертификатлар, карантин рухсатномалар бир йилдан ошмаган муддатга бир маротаба тақдим этилади.

Анжуманда сўз олганлар бож олинмайдиган савдо дўкони, эркин ва божхона омбори фаолиятини лицензиялаш, марказлаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати томонидан амалга оширилади. Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона юк декларацияларини божхона бро­керларига мурожаат қилмаган ҳолда, интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этишга ҳақли эканлигини ҳам таъкидлашди.

Ўз навбатида, ушбу фармон билан қонунга риоя этмайдиган тадбиркорларга тегишли чоралар кўриш борасида божхона органлари ваколатлари ҳам белгилаб берилди. Мисол учун, божхона органлари импорт қилинаётган товарларнинг нархини ошириб кўрсатиш ҳолатлари бўйича мунтазам равишда мониторинг ўтказади. Божхона омборларида 3 йилдан ортиқ сақланиб келинаётган молмулклар уч ой давомида талаб этиб олинмаган тақдирда, суд қарори асосида давлат фойдасига мусодара қилинади.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этилган маъ­лумотларнинг тўғрилиги ва уларнинг ташқи савдо фаолияти қонунийлигини текшириш мақсадида, товарлар ва транс­порт воситалари эркин муомалага чиқарилгандан сўнг уларнинг божхона назоратини амалга оширади.

Фармоннинг 6-бандига мувофиқ, 2018 йил 1 сентябрга қадар товарларнинг божхона назоратини танлов асосида ўтказишни назарда тутувчи хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизимини ишлаб чиқилиши ва амалиётга татбиқ этилиши белгиланди.

Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

Нуриддин РАҲИМОВ

Сурат муаллифи

05.07.2018