1 га кам таъминланганларИНСОНПАРВАРЛИКНИНГ ЮКСАК НАМУНАСИ

9 май — Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Кармана тумани ҳокимлигида маҳаллалардаги ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда ногиронлиги бўлган 70 нафар фуқарога вилоят касаба уюшмаси ташкилотлари бирлашмаси томонидан Президент совғаси — газ плиталари топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда туман ҳокими Ф. Умаров, агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Кармана туман кенгаши раиси Ў. Ражабов юртимизда меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган, ижтимоий кам таъминланган аҳолига алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш, уларга қулай шароит ва енгилликлар яратиш, турмуши ободлиги, ҳаётга қарашларини юксалтириш борасидаги тизимли ишлар ўзининг ижобий самарасини бераётганини таъкидлади. Бунда Президентимизнинг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда. Хусусан, умумхалқ байрами арафасида бу каби хайрия тадбирларининг ўтказилиши эзгу ишларимиз кўламини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Туманимизнинг Талқоқ маҳалласида яшовчи Шаҳло Мардоновага ҳам мамлакатимизда ишлаб чиқарилган замонавий газ плитаси совға қилинди. 4 оила бир ҳовлида истиқомат қилаётгани боис, рўзғордаги пишир-куйдирда бироз ноқулайликлар юзага келар, хонадон аъзолари бундан бироз оғринар эди.

Энди мазкур уйда ошхона юмушлари енгиллашадиган бўлди.

—  Ўзим тикувчилик билан шуғулланаман, — дейди Ш. Мардонова. — Энди оиламиз учун турли пишириқлар тайёрлашни ният қилдим. Асосийси, Давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътиборидан мамнунман. Шукрки, турмушимизда камимиз йўқ.

Дарҳақиқат, ўтган йили бирлашма кўмагида тумандаги 10 та оиланинг уй-жойи таъмирланди, 6 нафар беморга доридармон жамланмаси ажратилди. Жорий йил бошидан бери ҳудуддаги 6 нафар муҳтож аҳолига дори воситалари тарқатилди. Йил якунига қадар 25 та тураржойларни таъмирлаш, ижара асосида яшаб келаётган эҳтиёжманд 5 та оилага шахсий уйлар сотиб олиб бериш белгиланган.

Ўз мухбиримиз.

15.05.2018

f68cd5de1dc9b1ce2d53ebf9a0511e33

ФАХРИЙЛАР МУНОСИБ ТАҚДИРЛАНДИ

Вилоят ҳокимлигида бир гуруҳ нуроний ва меҳнат фахрийларига “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2017 йил 14 июлдаги “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарорига асосан ижтимоий-иқтисодий соҳаларда самарали фаолият юритган, ҳалол меҳнатлари билан юрт равнақига ҳисса қўшган нафақадаги фахрийлар, эл корига ярайдиган, садоқатли, маълумотли фарзандларни вояга етказган, обрў-эътиборга эга онахонлар муносиб тақдирланди.

 Тадбирда нуроний отахон ва онахонлар Давлатимиз раҳбарининг кекса авлод вакилларига кўрсатаётган эҳтироми ва эъзози учун миннатдорлик сўзларини изҳор этди. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бундай юксак эътиборнинг чинакам исботи бўлди. Бугунги кунда пиру бадавлат фахрийларимизнинг бой ҳаётий тажрибаси ва ўгитларини биз, келажак авлод қимматли сабоқ сифатида ўрганишимиз энг азиз бурчимиздир. 

Илк бор берилаётган ушбу нишонга жорий йилда вилоятимиздан 41 нафар фахрий муносиб кўрилди.

— Кўп йиллик фаолиятимиз давомида орттирган ҳаётий ва меҳнат тажрибамиз билан ёшларимизга маслаҳат ва ўгитларимизни аямаймиз, — дейди туманимиздаги Варқ маҳалласидан II даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Аҳтам Султонов. — Ўзбекнинг тўю маъракаси кўп. Элулус йиғилганда биз кексаларнинг ҳурматимизни доим жойига қўйишади. Бу миллатимизга хос эзгу фазилатдир. Давлатимиз раҳбарининг бу эътибори эса биз фахрийларни Ватанимиз тараққиёти йўлида фидойилик кўрсатиб, ёшларга ибрат бўлиб яшашга ундайди. Энг муҳими, жамиятимизда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, барча соҳалардаги ислоҳотлар самарасини кенг тарғиб этишда биринчи бўлиб ўзимиз ташаббус кўрсатамиз.

Нуриддин РАҲИМОВ.

Сурат муаллифи

Сирож АСЛОНОВ.

15.05.2018

41

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази” ҳамда Кармана туман ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири маслаҳатчиси генералполковник Зокиржон Алматов иштирокида учрашувлар ўтказилди.

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, милиция таянч пункт­лари фаолиятини жонлантириш, маҳаллаларда жиноятчилик ҳолатларини камайтириш масалаларига бағишланган тадбирда ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳамда фуқаролар йиғинлари масъуллари қатнашди.

Учрашувларда ички ишлар органлари фаолиятини ислоҳ қилиш борасида юртимизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар, хусусан, профилактика инспекторларининг хизмат уйлари ҳамда енгил автомашиналар билан таъминлангани ва бошқа муҳим ўзгаришлар алоҳида таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, олиб борилаётган ишларга қарамай, айрим жиноят турлари, жумладан, ўз жонига қасд қилиш, ўғрилик, безорилик, аёллар ўртасидаги жиноят кўпаяётгани ҳам қайд этилди. Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш эса нафақат соҳа ходимлари, балки жараёнга кенг жамоатчиликни ҳам жалб этишни талаб қилади. Йиғилишда айни масала юзасидан танқидий фикрлар билдирилиб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Тадбирлар давомида Президентимиз иштирокида ички ишлар идоралари вакиллари билан ўтказилган видеоселектор шаклидаги йиғилишлардан тайёрланган ролик ҳам намойиш этилди. Давлатимиз раҳбари томонидан соҳада самарадорликни оширишнинг муҳим омили саналган устувор жиҳатларга яна бир бор эътибор қаратилди.

Таъкидлаш керак, жамоатчилик назорати ҳуқуқбузарликлар профилактикасида муҳим саналади. Бунинг учун эса аҳолининг фуқаролик бурчи ҳамда масъулиятини ошириш зарур. Шуни инобатга олган ҳолда, учрашувда 16 ёшга тўлган Навоий шаҳри, Кармана ва Навбаҳор туманларида  истиқомат қилувчи 12 нафар йигит-қизга тантанали равишда фуқаролик паспортлари топширилди.

— Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлганим мен учун юксак фахр, — дейди Навбаҳор туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси У. Облоқулова. — Ўзининг мустақил фикри ва қарашига эга ҳар бир киши аввало, юрт тинчлиги учун ҳисса қўшмоғи лозим. Биз ёшлар, албатта, ўзимизга билдирилаётган бундай ишончни намунали хулқимиз, чуқур билимимиз билан оқлаймиз.

Очиқ мулоқотларда Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев сўзга чиқиб, ватанпарварлик, юрт тақдирига дахлдорлик каби мавзуларда фикрлар билдирди. Ҳар бир учрашув йиғилганларда унутилмас таассурот қолдирди.

Озод МУСТАФОЕВ.

07.05.2018

1 га укишКармана педагогика ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида туман ҳокими ўринбосарлари, маҳаллий ҳокимлик мутахассислари, тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари учун ўқув-амалий семинар ўтказилди.

Маҳаллий ижроия ҳокимиятининг қуйи бўғинларида мамлакатимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали ва тизимли ижросини таъминлаш, қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини ва сифатини оширишда бевосита туман ҳокими ўринбосарларининг касбий маҳорати, масъулияти ва жавобгарлигини ошириш мақсадида ташкил этилган семинарга барча мутасаддилар жалб этилди.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари, молия манбалари ва улардан самарали фойдаланиш, тижорат банклари ҳамда суғурта ташкилотларининг замонавий хизматлари, солиқ тизими ва маъмурчилиги, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция оқимини кучайтириш, кичик саноат зоналарининг аҳамияти, аҳоли бандлигини таъминлаш каби мавзуларда машғулотлар олиб борилди. Бунда тингловчиларнинг маҳоратини ошириш мақсадида интерфаол мулоқот, савол-жавоб ва кейс стади методикалари, ақлий ҳужум, кичик гуруҳларда ишлаш ҳамда ролли ўйинлар усулидан кенг фойдаланилди.

— Ҳар бир раҳбар ходим ёки мутахассис ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариши, масалага виждонан, энг муҳими, реал ва объектив ёндашиш халқнинг давлатдан рози бўлишини таъминлайди, — дейди туман ҳокими ўринбосари Элёр Кенжаев. — Зеро, бугун барча тизимда “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилсин” тамойили асосида иш олиб борилмоқда. Мазкур ўқувамалий семинар ҳам мутасаддиларнинг масъулиятини ва касбий маҳорати ва тажрибасини оширишга хизмат қилди. Айниқса, аҳоли билан ишлашда баланд­парвозлик билан эмас, пастга тушиб, унинг дарду ташвишларини ўрганиш фаолиятимиз самарадорлигини таъминлайди. 

Семинар давомида туманда мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратилиб тайёрланган манзилли “Йўл хариталари” таҳлил қилиниб, амалий натижалар бўйича зарур тавсиялар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, тадбир якуни билан туман ҳокими ўринбосарларининг айнан ўзига юклатилган функционал вазифалари бўйича амалга оширадиган тадбирлари, аҳолининг турмуш фаровонлигини таъминлаш, муаммоларга оқилона ечим топиш мақсадида тузиб чиқилган “Йўл хариталари”нинг ижроси бўйича кунлик, ҳафталик, ойлик “Календар иш режалари” тайёрланди.

Ўз мухбиримиз.

07.05.2018

DSC 0064

 

Хитой Халқ Республикаси ташаббуси билан 2017 йил 14-15 майда Пекин шаҳрида ўтказилган “Бир макон, бир йўл” форумида мамлакатимиз Президенти ҳам иштирок этиб, халқаро аҳамиятга эга музокараларда қатор келишувларга эришилган эди. Шунга асосан Хитойнинг Ҳебей провинцияси Синтай шаҳридан йўлга чиққан транспорт карвонларида инвестиция кўринишидаги технологиялар “Навоий” эркин иқтисодий зонасига кириб келди.

Ўтган йили иқтисодий ҳудудда Хитойнинг “Hebei New silk Road Import and Еxport trade” компанияси инвестицияси кўмагида “Zyong Tyang” хорижий корхонасига махсус гувоҳнома топширилган эди. Энди ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш жараёнлари бошланди. 7,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестициянинг кириб келиши, янги қувватнинг истиқболидан дарак беради. Хусусан, йилига 200 минг дона ДСП фанерлари ишлаб чиқариш имконига эга корхонада 70 дан ортиқ ишчи ўрни яратилади.

Дарҳақиқат, “Навоий” эркин иқтисодий зонасида қатор имтиёзларнинг қўлланилаётгани, ишлаб чиқарувчилар ва хорижлик сармоядорлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратмоқда. Айни пайтда мазкур ҳудудда фаолият юритаётган 20 га яқин йирик корхоналар зарур имкониятлардан самарали фойдаланаётир.

— “Бир макон, бир йўл” форумида Давлатимиз раҳбари нутқ сўзлаб, табиий, ишлаб чиқариш ва инсон ресурсларига ғоят бой бўлган давлатимизда транспорт, савдо, инвестиция, энергетика ва юксак технологиялар соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлашни таъкидлади, — дейди “Навоий” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси директори Азамат Файзиев. — Энг муҳими, Марказий Осиёни Хитой ва Россия орқали Жанубий, Жанубий-Шарқий Осиё ва Европа мамлакатлари бозорлари билан боғлайдиган транспорт-логистика йўналишларини очишга хизмат қиладиган мазкур лойиҳа қадимги Буюк Ипак йўлининг қайта тикланиши дея баҳоланмоқда. Хитойлик сармоядорлар билан Навоийда амалга оширилаётган мазкур иқтисодий ҳамкорлик ҳам мустаҳкам алоқаларнинг ўрнатилаётганини англатади.

Хорижлик инвесторларнинг юртимиз бозори, айниқса, “Навоий” эркин иқтисодий зонасини танлаганининг асосий омили, бу ерда тадбиркорлар учун қулайлик, қурилиш маҳсулотларига ички талабнинг юқорилиги, энг муҳими, хом ашёнинг мўллигидадир. Чунки, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона учун зарур ресурслар вилоятнинг ўзида мавжуд.

— Дастлаб, ДСП фанерлари ишлаб чиқариш линиясини ишга туширишни мўлжаллаганмиз, — дейди “Zyong Tyang” хорижий корхонаси бош директори Лю Пеифенг. — Маҳсулот тайёрлашда хом ашё захирасини Қизилтепа туманидан олишни режалаштирганмиз. Мазкур туман далаларида етиштириладиган ғўза поясидан кенг фойдаланамиз. Махсус ингриедентлар эса “Навоийазот” акциядорлик жамиятидан олинади. Бу дегани маҳсулот таннархининг арзонлашиши, импортнинг кескин қисқаришидан дарак беради.

Корхона шунингдек, МДФ ва фанер ишлаб чиқариш, шиша маҳсулотлари тайёрлашни ҳам режалаштирган.

Нуриддин РАҲИМОВ.

Суратлар муаллифи

Сирож АСЛОНОВ.

07.05.2018