1 га асосий хусусий клиникаХУСУСИЙ ТИББИЁТ ЯНАДА РИВОЖЛАНМОҚДА

Туманимизда “Grand-Medical center” хусусий оилавий клиникаси иш бошлади.

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, жумладан, давлат тиббиёт муассасалари билан бир қаторда хусусий тармоқ фаолиятини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Хусусан, вилоятимизда ҳам соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторнинг улушини кенгайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаяпти. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Айни пайтда вилоятимизда хусусий тиббиёт муассасалари томонидан рухсат этилган ихтисосликлар бўйича аҳолига малакали ва сифатли тиббий хизматлар кўрсатилмоқда.

Мазкур замонавий клиникада 6 та йўналишда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. 20 нафар тиббиёт ходими меҳнат қилаётган муассасада хориждан энг замонавий жиҳозлар келтирилган.

– Клиникамизга малакали мутахассислар жалб этилган, – дейди “Grand-Farm Avitsenna” ва “Grand-Medical cen­ter” масъулияти чекланган жамияти директори Ғолиб Каримов. – Айниқса, хорижлик мутахассислар ҳамда пойтахтимиздаги малакали шифокорлар ўртасидаги доимий ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилгани аҳоли саломатлиги йўлида муҳим омил бўлмоқда. Мамлакатимизда хусусий тиббиёт муассасаларига яратилган им­тиёзлар­дан фойдаланиб, ноль фоиз ставкаси билан 3 йил муддатга 120 минг АҚШ доллари кредити эвазига хориждан энг сўнгги русумдаги тиббий жиҳозларни харид қилдик. Айни пайтда республикамизнинг марказий тиббиёт муассасалари шифокорлари аҳолини тиббий кўрикка жалб этиб, зарур муолажалар кўрсатмоқда. Яқин кунларда Ҳиндистоннинг Аполло клиникаси шифокорларини марказимизга таклиф этиб, аҳолини малакали кўрикдан ўтказиш баробарида, маҳаллий мутахассислар билан маҳорат дарслари ўтказиш режалаштирилмоқда.  Муассасамизда махсус фитобар ҳам ташкил этилган.

Эндиликда, клиникани замонавий тиббиёт жиҳозлари билан таъминлаш, тиббий хизмат сифати ва турини кенгайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, клиникада оператив бўлим ташкил этиш, пировардида қўшимча 15 янги иш ўрни яратиш борасида изланишлар бошланган.

– Янги шифохонага келиб, касаллигим бўйича қимматли маслаҳатларни олдим, – дейди Зарафшон шаҳрида яшовчи Чаман Хайруллаева. – Етти йилдан бери қон босими безовта қилиб келарди. Пойтахтдан келган малакали кордиолог шифокор кўрикдан ўтказиб, шифо топишим учун керакли муолажаларни олишимни тавсия қилди. Маслаҳатлари менга жуда маъқул, айниқса, клиникадаги шароитлар жуда қулай.

Президентимизнинг юқорида номи қайд этилган қарорида хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятининг ҳуқуқий ва амалий механизмларини янада такомиллаштириш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур шароитлар яратиш, тармоқнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилаётган масалаларни тизимли ҳал этиш чора-тадбирлари белгиланган.

Хусусан, хусусий тиббиёт муассасалари 2022 йилнинг 1 январига қадар барча турдаги солиқлар ва мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилгани катта имтиёздир. Шу пайтгача хусусий тиббиёт муассасаларига 177 турдаги тиббий хизматнинг 50 тасига рухсат берилган эди. Қарорга биноан энди хусусий шифо муассасаларига тиббий хизматларнинг деярли барча турларини кўрсатишга рухсат берилди. Бу имконият аҳоли, айниқса, чекка ҳудудлардан шифо излаб келган беморлар учун ҳам қулайлик яратади.

Нуриддин РАҲИМОВ.

Суратлар муаллифи

Сирож АСЛОНОВ.