- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 529
Байрамлар олдидан кўчаю хиёбонлар, ҳовли ва ариқларни тозалаб, тартибга келтириш, қабристонлар ва муқаддас қадамжоларни обод этиш халқимизга хос эзгу фазилатлардан, миллий қадриятларимиздан бири ҳисобланади.
Туманимиз ҳудудида 18-19 август кунлари ўтказилган умумхалқ ҳашари тадбирларида қарийб 87 минг нафар аҳоли иштирок этди.
Тадбирларда ҳудудларни ободонлаштириш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беминнат мурувват ёрдамлари кўрсатишда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ушбу жараёнларда 33 минг нафардан ортиқ ёшларнинг қатнашгани, ёш авлоднинг азалий қадриятларимизга нечоғли ҳурмат руҳида тарбияланаётганини ифода этди.
Ҳашар давомида жами 308 гектар майдон ободонлаштирилиб, 87 километр ариқ ва лотоклар тозаланди. Қабристонлар ободлигига алоҳида эътибор қаратилиб, жами 45 та манзил бўйича тозалаш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, шу куни 62528 та дарахт оқланиб, шакл берилди. Бу ишларга 92 та техника воситалари жалб этилди.
— Хайрия ҳашарида 45 нафар кам таъминланган оилаларнинг уй-жойлари 15 миллион сўмдан ортиқ маблағлар эвазига бепул таъмирланди. Моддий ёрдамга муҳтож 131 нафар оилага ёрдам кўрсатилди. Умуман олганда, тумандошларимиз мустақиллигимизнинг йигирма етти йиллигини муносиб кутиб олиш, ҳудудларни, хонадонларни ободонлаштириш, кўркам ва файзли масканларга айлантириш борасида фаоллик кўрсатишмоқда, — дейди туман “Маҳаллалар кенгаши” раисининг биринчи ўринбосари Дилмурод Холов.
Бир сўз билан айтганда, халқимизнинг азалий қадрияти бўлган ҳашар одамларимизнинг жипслиги, бирдамлигини амалда исботлаб берди. Кўнгиллардаги ободлик кўчаларга, хонадонларга кўчди.
О. ШУКУРОВ.
Суратлар муаллифи Сирож АСЛОНОВ.
18.08.2018
- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 465
Мамлакатимизда фарзанд тарбиясига бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, бу борадаги ўзгаришлар келажагимиз ворисларининг юрт равнақига муносиб ҳисса қўшишлари баробарида асрларга татигулик воқеликлар сари етаклаши шубҳасиздир, албатта.
Ёш авлодни миллий истиқлол ғояларига, она-Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш ҳозирги куннинг энг муҳим масалаларидан биридир. Шу сабабдан юртимизда келажак авлод таълим-тарбиясига қаратилган эътибор эндиликда мактабгача тарбия муассасаларига ҳам дахл этиб, комил инсон зийнатлари пойдеворини мазкур даргоҳлардаёқ мустаҳкамлаб бориш, камол топтиришни мақсад тутганлиги билан аҳамиятли.
Жорий йилнинг 10 август куни туманимиздаги “Юлдузча” номли 17-МТМ-да “Болаларга эътибор — келажакка пойдевор” мавзусида амалий ўқувсеминари ўтказилди. Унда иштирок этган педагог-тарбиячилар мазкур таълим муассасасида амалга оширилаётган тизимли ишлар ҳамда қўл меҳнати орқали яратилган кўргазмалар билан танишиб, ўзаро фикр алмашдилар.
Шунингдек, семинар доирасида иштирокчилар бевосита муассаса ошхонасида, таомномага киритилган маҳсулотлар сифати, яроқлилик муддати, уларни сақлаш учун яратилган шароитлар билан ҳам танишдилар.
Бугунги кунда ушбу таълим муассасасида 140 нафар бола тарбияланмоқда. Мактабга тайёрлаш гуруҳларига алоҳида эътибор қаратилиб, кун тартиби аниқ ва тўғри йўналтирилган.
— Таълим-тарбия қанча эрта бошланса, унинг самараси шунчалик эрта намоён бўлиб, инсоннинг бутун ҳаёт тарзига ижобий таъсир кўрсатади. Бинобарин, мактабгача таълим муассасаларида тўғри овқатланишни ташкил этиш ҳам ушбу таълимнинг ажралмас ҳамда бола шахсини баркамол ва соғлом вояга етказиш кафолати ҳисобланади, Муассасамизда машғулотларнинг самарали ташкил этилиши, кундузги уйқу, сайр ва тўғри овқатланишнинг етарли даражада яхши йўлга қўйилишига катта эътибор қаратиб келмоқдамиз, — дейди мудира Хосият Нурматова.
Фарзандлар келажагини ўйлаш, аждодлар руҳи, авлодлар истиқболи олдида масъулият ҳисси билан яшаш халқимизга хос фазилат. Мактабгача таълим даври эса бола шахси шаклланишининг асосий босқичи ҳисобланар экан, у жойдаги ҳар бир ходим зиммасига авлод тарбиясининг энг муҳим бошланғич бўғини ишониб топширилган.
МТМ да ўтказилган ҳар бир машғулот бола қалбида атроф-муҳитга, ота-она, Ватанга бўлган муҳаббат туйғуларини тарбиялайди.
Шундай экан, ўқувсеминарида кун тартибига қўйилган долзарб вазифалар албатта ижро этилиши шарт ва зарур.
Мадина ЯКУБОВА.
17.08.2018
- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 573
Вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Р. Турсунов ёнғин хавфсизлиги ходимлари ҳамда уларнинг ота-оналари ва оила аъзолари билан учрашди.
Навоий шаҳридаги “Ширин” маданият саройида ўтказилган юзма-юз мулоқот жараёнида вилоят ҳудудида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар ва уларнинг мол-мулкини ёнғин офатларидан ҳимоя қилишда соҳа ходимлари олдида турган долзарб вазифалар билан бир қаторда тизимда ўтказилган ислоҳотлар ҳақида сўз борди. Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашув жараёнида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, одамларни ёнғиндан қутқариш энг хайрли, эзгу иш эканлиги, бу масъулиятли вазифа инсондан жасорат ва фидойилик талаб этиши алоҳида таъкидланди.
Тадбир якунида бошқарма бошлиғи ўз касбига садоқат билан хизмат қилаётган бир гуруҳ фидойи ходимлар номини эътироф этиб, уларнинг ота-оналарига миннатдорчилик билдирди ҳамда тантанали руҳда совға-саломлар топширди.
Тадбир концерт дастурига уланиб, янада файзли ўтди.
Ўз мухбиримиз.
10.08.2018
- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 546
Болажонлар янги ўқув йилини орзиқиб кутишади. Янги кийимларда, янги ўқув қуроллари билан тезроқ мактаб остонасига қадам қўйиш қайси ўқувчига хуш ёқмайди, дейсиз.
Ўқиш бошланишига ҳали вақт бўлсада, аксарият оила фарзандлари мактабга боришга тайёр. Улар мактаб, маҳаллаю марказий бозорларда очилган мактаб ярмаркаларидан керакли ўқув қуролларини аллақачон сотиб олишга улгуришди.
Ҳудудларда ташкил этилган мактаб бозори ва ярмаркалар ота-оналарга қулайлик яратмоқда. Туманимизда ҳам ана шундай бозорлар ташкил этилган бўлиб, ота-оналар фарзандлари учун керакли ўқув қуролларини уйларига яқин жойдан сотиб олиш имконига эга бўлмоқдалар.
— Ҳар йилги анъанага биноан бу йил ҳам мактаб ярмаркаси фаолияти ташкил қилинди. Талабларга биноан 26 турдаги ўқув қуроллари билан таъминланган ярмаркада ота-оналар учун барча қулайликлар муҳайё. Рўйхатда қайд этилган ўқув қуролларига эҳтиёж катта. Ҳар бир харидорнинг талабини қондиришга ҳаракат қилаяпмиз. Тўловлар нақд пул, терминал ва пул кўчириш йўли билан амалга оширилмоқда. Харид қилинадиган ўқув қуролларининг нархи ҳам ҳамёнбоп, — дейди “Канцмаркет” тижорат корхонасига қарашли маданий моллар дўкони раҳбари Хуршид Умаров.
Дарҳақиқат, аҳоли гавжум бўлган нуқталарда мактаб бозори ва ярмаркаларнинг ташкил этилишидан ота-оналар бағоят мамнун.
М. ЯКУБОВА.
Сурат муаллифи
С. АСЛОНОВ.
17.08.2018
- Подробности
- Категория: Jamiyatdagi
- Просмотров: 744
“ЁШЛАР МЕҲНАТ ГУЗАРИ” — ЁШ АВЛОДНИНГ ҲУЗУРИ
Бугун дунёнинг энг ривожланган мамлакатларида ҳам ишсизлик муаммоси мавжуд. Жумладан, юртимизда ҳам ҳамма ўзи истаган, эгаллаган соҳа бўйича ишлаш имкониятига эга эмас. Хусусан, кейинги йилларда ёшларнинг бандлигини таъминлаш бирмунча қийин бўлди. Касб-ҳунар коллежларини битирган йигит-қизларни ёлғондакам ишга жойлаштириш, қоғоздагина уларнинг бандлигини таъминлаш ҳолларига кўникиб ҳам қолдик.
Бекорчилик эса ҳеч қачон, ҳеч кимга яхшилик олиб келмаган. Натижада ёшлар томонидан содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сони ошди. Қайси бир йигит иш излаш баҳонасида хорижга кетиб, ё соғлигидан айрилди, ёки ёт ғояли оқимлар таъсирига тушди, қайси бир қиз эса ўзбекона шарм-ҳаё ва ибо-ҳаёни унутиб, бегона юртларда дарбадар бўлди. Хуллас, муаммо муаммоларни келтириб чиқарди.
Шукурки, бугун бу муаммоларнинг ҳаммаси бартараф этилишига умид уйғонди, ишонч пайдо бўлди. Энг муҳими, амалий ҳаракатга киришилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан тасдиқланган “Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастури ҳақиқатан ҳам келажак ворислари ҳаётида янги бурилиш ясади. Мазкур дастур ижросини таъминлаш мақсадида тузилган ишчи гуруҳ аъзолари мамлакатимиздаги барча маҳаллаларда уйма-уй юриб, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар билан юзма-юз суҳбатлашди, уларнинг орзулари, режалари билан танишди, муаммоларини ўрганди. Жараёнда вилоятимизнинг мингдан зиёд ёшлари “Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастури мазмун-моҳиятини англаб, шу асосда бизнесини бошлаш ёки ишга кириш режасини тузиб, чет элларга ишлагани кетиш фикридан қайтгани қувонарлидир, албатта.
Дарҳақиқат, ўз юртида ишлаши, эмин-эркин яшаши, бир сўз билан айтганда бахтга эришиши учун барча имконият ва шароитлар яратилган инсон хорижда бахт излаб нима қилади? Жойларда барпо этилаётган “Каворкинг маркази” ва “Ёшлар меҳнат гузари” комплекси кабилар уларнинг орзулари рўёбига кафолат бўлади, десак муболаға эмас. Шибзон маҳалласида барпо этилган “Ёшлар меҳнат гузари”ни кўриб, биз бунга яна бир карра амин бўлдик.
Шибзон маҳалласи Жалойир қишлоғида жойлашган. Бир пайтлар таниқли журналист Ашурали Жўраев киндик қони тўкилган мазкур қишлоқ ҳақида, у ердаги оғир шароит, меҳнатдан зада бўлиб, рўшнолик кўрмай яшаётган қишлоқдошлари тўғрисида таъбир жоиз бўлса, исён қилиб очерклар ёзган эди. Ҳозирчи? Энди бу қишлоқни шаҳардан асло фарқламайсиз. Равон йўллар, шинам уй-жойлар, замонавий сервис шохобчалари, қисқаси, кўрганда кўз қувнайди. Ёш тадбиркор Элдор Мансуров барпо этган “Ёшлар меҳнат гузари” ана шу кўркам қишлоққа чинданда ярашган бир маскан бўлди.
— Президентимиз ташаббуслари билан жорий этилган “Ёшлар – келажагимиз” дастури биз ёшларга шижоат, янги ғоялар бағишлади, — дейди Элдор. — Аслида маҳалламизда савдо мажмуаси ва ошхона қуришни режалаштирган эдим. “Ёшлар – келажагимиз” дастури билан танишгач, Юртбошимиз мен каби тадбиркор ёшлардан умид қилаётганларини, уларнинг ишончини оқлашим зарурлигини англадим. Тикувхона ва сартарошхона очишни режалаштирдим. Бу ғоям туман ҳокимлигига, дастур ижроси бўйича тузилган штаб аъзоларига ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгашидагиларга маъқул бўлди. Мени қўллаб-қувватлашди ва тижорат банкидан 600 миллион сўм кредит олишимга амалий ёрдам кўрсатишди. Аҳамиятлиси, кредит кафолати, яъни гаровининг 50 фоизига “Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси кафил бўлди. Туман ҳокими қарори билан “Кармана Элдорадо” хусусий корхонамиз ёнида бизга қўшимча бино ва жой ажратилиб, “Ёшлар меҳнат гузари”ни барпо этдик.
“Ёшлар меҳнат гузари”нинг очилиш маросими шибзонликлар, қолаверса, бутун Жалойир аҳли учун байрамга айланди. Шу куни гузардаги тикув цехига ишга жойлашган 30 нафарга яқин хотин-қизга меҳнат дафтарчалари топширилди. Хитойда ишлаб чиқарилган тикув дастгоҳларида бежирим кийим-кечакларни тикаётган қизлар ўз қишлоғида мана шундай замонавий корхона қурилганидан чексиз мамнун.
— Коллежни тугатганимга беш йил бўлди, — дейди Зарина Нарзиева, — шунча пайтдан буён ишсиз эдим. Қишлоғимизда тикув цехи очилгани мен каби ишсизлар учун катта имконият бўлди. Ўз қўлимиз билан шунақа чиройли либослар тикаётганимизга ишонгимиз келмайди.
Жорий йилда Кармана саноат иқтисодиёт коллежини битирган Ораста Маҳмудова ҳам Зарина каби суюниб гапиради.
“Ёшлар меҳнат гузари” комплексидаги сартарошхона ва савдо мажмуаси ҳам ёшлар бандлигини таъминлаш билан бирга қишлоқ аҳолиси учун катта қулайлик бўлди. Туманимизда яна 7 та ана шундай Ёшлар меҳнат гузарлари барпо этилиши режалаштирилган.
Холбиби САФАРОВА.
Суратлар муаллифи
Сирож АСЛОНОВ.
10.08.2018