95 427Ўтган ҳафта Россия Федерацияси ва Япониядан ташриф буюрган бир гуруҳ дипломатик корпус вакиллари ҳамда ишбилармонлар туманимиз ҳудудидаги “Навоий” эркин иқтисодий зонаси фаолияти билан танишди.

Жумладан, “Газдевайс” ёпиқ акциядорлик жамияти бош директори С. Семисинов иштирокида иқтисодий зона дирекциясида газ ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш лойиҳаси муҳокама қилинди. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Россия давлатида газ ускуналари ишлаб чиқарадиган мазкур йирик корхонада ҳар йили 1 миллион дона маҳсулот тайёрланади.

ЭИЗга шуниндек, Япониянинг қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги вазирлиги Ташқи иқтисодий алоқалар департаменти вакиллари ҳам ташриф буюрди. Департаментнинг директор ўринбосари Ёсио Исидзаки Навоий вилоятида япониялик тадбиркорлар томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда олимларнинг мазкур соҳада илмий текширувлар олиб бориш имкониятларини ўрганди. Делегация аъзолари ЭИЗдаги “Агрофреш” қўшма корхонаси фаолияти  билан  ҳам  танишишди.

Ташриф давомида японияликлар томонидан “Навоий” эркин иқтисодий зонасида воҳамиз ҳамда Бухоро вилоятида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш юзасидан корхона ташкил этиш таклифи билдирилди.

Ўз мухбиримиз.

19.10.2018