Қизғин руҳда давом этаётган пахта йиғим-терим мавсумида далаларда ҳашарчилар иштирокида “Ҳорманг, пахтакорлар!” шиори остида маданий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон халқ ҳофизи Сойибжон Ниёзов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Толиб Ҳожиев, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари Отабек Муталхўжаев, Шаҳзод Муродов, Шерзод Шодиев, Шерзод Давронов, Фаррух Баҳронов, эстрада хонандаси Наргис, “Қаҳ-қаҳа” қизиқчилар гуруҳи ҳамда “Наво”, “Мақом” ансамблларининг чиқишлари теримчилар ғайратига ғайрат қўшмоқда.
Ана шундай маданий дам олиш тадбирларидан бири туманимиздаги “Дўрман жавоҳири” фермер хўжалигида ҳам бўлиб ўтди. Тажрибали фермер Камолиддин Раҳимов бошқараётган хўжалик бугунги кунда 76 гектар ер майдонига эга. Жорий йилда 33 гектар майдонга экилган пахтанинг ҳосили мўл – ҳар гектаридан 40 центнердан ортиқ “оқ олтин” йиғиб олинмоқда. Мавсумга 160 нафар теримчи жалб қилинган. Туман маданият бўлими ходимлари томонидан хўжаликдаги ҳашарчилар ҳузурида ташкил этилган концерт дастури барчага манзур бўлди.
— Ҳар куни 120-140 килограммдан пахта тераяпмиз, далада биз учун барча шароитлар етарли, — дейди теримчилардан бири Ч. Нуримова. — Айниқса, санъаткорларнинг бу ерга ташрифи барчамизга хушкайфият улашди, янада ғайрат билан ишлашга руҳлантирди. Бундай имкониятни яратиб, бизнинг кўнгилли маданий ҳордиқ чиқаришимизга кўмак берган мутасаддилардан миннатдорман.
Шунингдек, туман маданият бўлимига қарашли бадиий жамоалар ҳам мазкур тадбирларда фаол иштирок этмоқда. Хусусан, “Гули” ашула ва рақс халқ ансамбли ҳамда “Кармана юлдузлари” жамоаси маданий тадбирларда фаол қатнашаяпти.
Мавсум доирасида туманимиз ҳудудида бугунга қадар 20 га яқин фермер хўжалиги далаларида шу каби тадбирлар ўтказилди. Бундай учрашувлар давом этмоқда.
С. АСЛОНОВ.
Муаллиф олган сурат.
19.10.2018