Кармана туман ҳокими В.Адизовнинг "Тиббиёт ходимлари куни" байрами муносабати билан соҳа ходимларига
Т А Б Р И Г И

Ассалому алайкум, қадрли шифокорлар, азиз тиббиёт соҳаси ходимлари!

Жонажон Ватанимизнинг дунё ҳамжамиятида обрў-эътибори кун сайин ортиб, халқимиз қалбига тинч-осуда ҳаёт, фаровон ва бахтиёр яшаш завқи олам-олам қувонч бахш этиб келаётган шу кунларда, барчамиз юртимизда ҳурмат ва эътиборга лойиқ яна бир касб эгалари– тиббиёт ходимларининг байрамини кенг нишонламоқдамиз.

Шу фурсатдан фойдаланиб, айниқса, айни кеча-кундузда ўзларининг фидокорона меҳнати билан халқимизга мустаҳкам
соғлик-саломатлик улашиб келаётган Сиз азиз тиббиёт ходимларини ва сизлар орқали туманимизнинг барча шифокорлари ҳамда соҳа фидоийларини қутлуғ касб байрамингиз билан самимий табриклайман.

Дарҳақиқат, шифокор деганда, ҳар биримизнинг кўз ўнгимизда қалб меҳри ва касб масъулияти билан шифога муҳтож беморларни даволаб, дардларига дармон бўлаётган, улар соғлигини тиклаётган, мураккаб ва оғир пайтларда инсонлар ҳаётини сақлаб қолиб, қайта умр бағишлаётган, соғлом авлодлар дунёга келишига ўз ҳиссаларини қўшиб, кўплаб оилаларга олам-олам қувонч улашаётган, ўз қасамёдларига содиқ, соғлигимиз посбонлари намоён бўлади ва албатта ҳар биримизни уларга бўлган чексиз ҳурмат ва миннатдорчилик туйғулари чулғаб олади.

Зеро, юртбошимиз "Мамлакатимизда туб янгиланишларни аввало ижтимоий ҳаётимизнинг энг муҳим йўналишлари бўлмиш тинчлик ва осойишталикни сақлаш ҳамда аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишдан бошлаганимиз бежиз эмас. Чунки, тинчлик ва соғлиқ – бу ҳар бир инсон, бутун аҳолимиз учун ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган буюк неъматдир. Фақат соғлом инсон ва соғлом халқ мислсиз ишларга қодирлигини ҳаммамиз яхши англаймиз!" дея сўз юритганларида Сиз азиз тиббиёт ходимларининг нақадар юксак шарафга лойиқ эканлигингизни янада чуқур ҳис этамиз.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда тиббиёт ходимлари кунининг кенг нишонланиб келинаётганлиги ҳам сиз соҳа ходимларига бўлган ҳурмат ва эътибор намунасигина эмас, балки табиатнинг бетакрор мўъжизаси инсон ва унинг саломатлигига эҳтиром рамзи ҳамдир. 

Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида инсон ҳаёти учун муҳим ва зарур соҳалардан бири бўлган – соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, уни жаҳон талаблари даражасига кўтариш ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Айниқса, сўнгги йилларда соҳада амалга оширилган ислоҳотлар, барча бўғинларда тиббиётнинг энг замонавий технологиялар билан жиҳозланишининг кўламини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.

Хусусан, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, санитария-эпидимология соҳасини тубдан такомиллаштириш ва бошқа йўналишларда муҳим ҳужжатлар ва дастурлар қабул қилиниши натижасида одамларнинг нафақат саломатлиги таъминланиб, балки умри узайиб, ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий салоҳияти юксалишига замин яратмоқда.

Бунинг натижасида Муҳтарам Юртбошимизнинг бевосита раҳнамоликларида юртимизда соғлиқни сақлаш соҳаси тубдан ислоҳ қилиниб, юксак тараққий топиши билан бир қаторда, халқимиз учун тиббиёт соҳасида барча қулайлик ва шарт-шароитлар яратилганлигига, тизим ходимларининг машаққатли меҳнатлари ўз қадрини топганлигига барчамиз бирдек гувоҳмиз.

Шунингдек бугун туманимизда тиббиёт соҳасида қўлга киритилаётган барча ютуқлар замирида албатта бу тизимда самарали фаолият юритиб келаётган 2 минг нафардан ортиқ шифокор, ҳамшира ва соҳа ходимларининг беқиёс ҳиссаси борлиги ҳамиша барчамизга олам-олам қувонч ва ифтихор бағишлайди.

Азиз соҳа ходимлари!

Сизларни ва сизлар орқали туманимизнинг барча соғлиқни сақлаш фидойиларини "Тиббиёт ходимлари куни" байрами билан яна бир бор чин қалбимдан самимий табриклайман.

Сизларга мустаҳкам соғлик-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, шарафли ишларингизга улкан муваффақиятлар тилайман.