- Подробности
- Категория: Qishloq xo'jaligi
- Просмотров: 604
“Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги”
ЎЗБЕКИСТОН ФЕРМЕР, ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИКЛАРИ ВА ТОМОРҚА
ЕР ЭГАЛАРИ КЕНГАШИНИНГ МАМЛАКАТИМИЗ ФЕРМЕРЛАРИГА МУРОЖААТИ
Ҳурматли фермерлар!
Жорий йилнинг 29 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида бугунги кунда ғоят долзарб бўлиб турган масалалар, шу жумладан, қишлоқ хўжалигида ғўза парвариши, ғалла ўрими, такрорий экинлар ва сувдан оқилона фойдаланиш каби муҳим тадбирларни самарали ўтказиш муҳокама қилиниб, мамлакатимизда 1 июндан 1 июлгача “Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги” деб эълон қилинди.
Машаққатли меҳнат ва катта харажат эвазига етиштириладиган ҳосилни тўла сақлаб қолиш мақсадида фермер хўжаликлари раҳбарлари ва ишчилари, қишлоқ хўжалиги ходимлари ва мутасаддилари, сувчи ва механизаторлар, аграр соҳа олим-агрономлари билан биргаликда, барча бўғиндаги депутатларнинг ҳам сафарбарлиги ва масъулиятини оширишга алоҳида аҳамият қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Сабаби, бу йил баҳор фаслининг нисбатан салқин ва қуруқ келиши пахтачиликда жиддий муаммоларни келтириб чиқариб, ғўза ривожланиши ўтган йилнинг шу давридагига қараганда анча орқада қолмоқда. Бу эса экин парваришига жиддий эътибор қаратишни, айниқса, культиваторлардан самарали фойдаланиш, тупроқни чуқур юмшатиш, майда чопиқ қилиш, қишлоқ хўжалиги зараркунандаларга қарши курашиш ва назорат ишларига ўта масъулият билан ёндашишни тақозо этади.
Тажрибали фермерлар, фидойи дала меҳнаткаткашлари ҳозирги ўта масъулиятли паллада сифатли бажарилган агротехника тадбирлари туфайли яратилажак мўл ҳосил, ундан келадиган даромаддан, энг аввало, ўзлари, қолаверса, жамиятимиз катта наф кўришини яхши билади, қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни чуқур ҳис этади.
Президентимизнинг 2018 йил 28 февралдаги “Пахта хомашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тақдирини замин билан боғлаган миришкор фермерларнинг ишга бўлган муносабатини тубдан ўзгартирди.
Қишлоқ хўжалиги ходимлари томонидан “тарихий қарор” дея эътироф этилган мазкур ҳужжатга биноан, унумдорлиги паст, охирги 3 йил давомида мобайнида гектаридан 15 центнердан кам ҳосил олинган ерларга пахта жойлаштирилмайдиган бўлди. Бундан ташқари, пахта ва бошоқли дон харид нархлари ўтган йиллардагига нисбатан қарийб 2 бароварга оширилиши баробарида, ушбу маҳсулотларни етиштирувчи фермер хўжаликларининг хизмат кўрсатувчи ташкилотлар олдидаги қарзлари, шу жумладан, ички тармоқ қарздорлиги ҳамда бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарзларини, тўлаш муддати ҳисобланган пеня ва жарималар ҳисобдан чиқарилган ҳолда 3 йил муддатга узайтирилди.
Шунингдек, фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос агрегатлари томонидан истеъмол қилинадиган электр энергияси қиймати Давлат бюджетидан судбсидиялар ҳисобидан қопланиши белгиланиб берилди.
Давлатимиз раҳбарининг биз, фермерларга беқиёс ғамхўрлиги, камтарона меҳнатимизга юксак эътибори қалбимизга олам-олам қувонч бағишлаши билан бирга, зиммамизга улкан масъулият ҳам юклашини унутмаслигимиз лозим!
Азиз фермерлар,
миришкор деҳқонлар!
Юртимизда эзгу ташаббус, хайрли амаллар ҳеч қачон беиз кетмайди, эътибордан четда қолмайди. Аксинча, давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Шундай экан, ҳар биримиз, ўз даламизда меҳнат қилиш учун ишчиларимизга қулай шарт-шароитлар яратиш пайидан бўлиб, енгил конструкцияли дала шийпони, мўъжазгина арзон иссиқхона қурайлик, 50 бошдан парранда ва бир бошдан соғин сигир ҳамда 5 қутидан асалари боқишни йўлга қўяйлик. Бу орқали ишчиходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, қўшимча даромад манбаини шакллантириш имконияти пайдо бўлади.
Бу ҳақда сўз юритилганда, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга тўлиқ барҳам бериш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Бу борада Халқаро меҳнат ташкилоти билан фаол ҳамкорлик қилинаётганлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарори билан парламент назорати институти жорий этилганлиги жаҳон ҳамжамияти томонидан юқори баҳоланмоқда. Шу боис давлат ва маҳаллий бошқарув органлари томонидан кичик хато ва камчиликларга йўл қўйиш, ишчилар билан меҳнат шартномасини тузишни кечиктириш асло ярамайди.
Қадрли фермерлар!
Кўпни кўрган, тажрибали фермерлар июнь-июль ойлари ғўза айни ривожланадиган, деҳқончасига айтганда, экин кечаю кундуз “ишлайдиган” бетакрор палла эканлиги, бу даврда қандай юмуш зарурлигини жуда яхши билишди. Сизу бизнинг вазифамиз эса ана шу тиғиз мавсумда бутун меҳримизни даламизга бериб, ҳар бир агротехника тадбирни ўз вақтида ва юқори савияда бажаришга эришишдир. Бунинг учун қуйидагиларга жиддий эътибор қаратиш зарур:
Биринчидан, ташкилий ишларни яна бир марта, бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда пухта режалаштиринг!
Иккинчидан, халқимизнинг деҳқончилик бобида тўпланган кўп йиллик бой тажрибасига таяниб, илм-фан ютуқлари, инновацион агротехнологияларни қўллашга алоҳида эътибор қаратинг!
Сир эмас, кейинги йилларда глобал иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари юртимизда ҳам сезилмоқда. Жорий қиш фаслида ёғингарчиликнинг кам бўлганлиги оқибатида, айниқса, аксарият вилоятларда сув таъминотининг меъёридан камлиги кузатилаяпти. Ваҳоланки, бундай ноқулай об-ҳаво кейинги 100 йилда ҳам рўй бермаган экан!
Бундай ҳолларда тадбирли бўлиш талаб этилади, ўтган йилги натижалар билан чегараланиш, яна шу маррани кўзлаб иш тутиш ҳаётий эҳтиёжларимизга мутлоқо тўғри келмайди. Нега деганда, бугунги кунда пахтачилик ва ғаллачиликнинг нафақат саноат ривожидаги, балки аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдаги ўрнини ҳеч нарса билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайди. Бозорларимизнинг нон, гўшт, сут, тухум каби муҳим истеъмол товарлари билан тўлдирилишида мазкур тармоқлар роли катта.
Шу маънода, табиат куч-қудратимиз, сабр-бардошимизни яна бир бор синовдан ўтказаётган жорий мавсумда бир тану бир жон бўлиб, ҳукуматимиз томонидан тавсия этилган энг қулай агротехника тадбирларини мақбул муддатларда амалга ошириб, ғалладан камида гектаридан 10 центнердан, пахтадан эса 3-5 центнердан қўшимча ҳосил етиштиришга эришайлик!
Фидойи фермерлар, дала меҳнаткашлари!
Қишлоқ хўжалигига яроқли ер ресурслари ниҳоятда чекланган бўлиб, қурғоқчилик ва шўрланиш оқибатида унумдор экин майдонлари тобора қисқармоқда. Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда аҳоли жон бошига 15 сотих экин экиладиган ер майдони тўғри келаётган бўлса, аҳоли сонининг ўсиши ҳисобига бу кўрсаткич 2030 йилда 12 сотихдан тўғри келиши кутилмоқда.
Бу эса сизу бизга ишониб топширилган давлатимизнинг беқиёс бойлиги — ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланишни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда эса бор куч ва ғайратимизни, билимимизни сафарбар этиб, замонавий агротехнологиялар, интенсив усулларни доимий қўллашимизни талаб этади.
Гапнинг дангали, фермерлик ҳаракатининг замонавий бугунги босқичи талабларига жавобан, даласига меҳр қўйган, дала шийпонини иккинчи уйига айлантирган ва экинлари билан тиллаша оладиган фидойи фермерлар сафига қўшилинг!
Ўз тақдирини деҳқончиликдан айро тасаввур қила олмайдиган фермернинг жойи даласида эканлигини асло унутманг!
Пайкал четлари ва уватларига ҳам сабзавот, полиз экинлари экиб, бозорларимиз файзу баракасига муносиб ҳисса қўшинг!
Шуни мамнуният билан айтиш керакки, биз давлатимиз ва ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши натижасида ўзгалар ҳавас қиларли даражадаги замонавий боғ ва токзорлар яратдик. Энди навбат ушбу боғ ва токзорлар ораларини бўш қолдирмасдан ҳосилдорлиги ҳам, даромади ҳам юқори бўлган экспортбоп маҳсулотлар етиштириб даромадни оширишга эришишдир. Бу борада “Томорқа хизмат” МЧЖ билан ҳамкорликда юқори натижаларни қўлга киритишингизга, ҳисоб рақамингизга валюта туширишингизга ишончимиз комил. Зотан, Президентимиз қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишлаб ўтказилган тадбирда ҳар бир фермер хўжалигининг валюта ҳисоб рақамида маблағлар бўлишини таъкидлаган эдилар.
Давлат бизга нафақат ерни топширди, балки бой бўлишимиз учун зарур барча шарт-шароитни яратиб бермоқда. Бундай пайтда ҳисоб-китобини тўғри йўлга қўйган фермер нафақат ўзининг, балки давлатнинг бойлигига бойлик қўшади.
Айни дамда биз фермерлар ҳам бунга жавобан фидокорона меҳнат қилиб, ғалла майдонининг ҳар гектаридан 50 центнердан, пахтадан 30 центнердан кам ҳосил олишдек самарасиз натижа ўзбек деҳқонига мутлақо ярашмаслигини баралла айтишимиз керак. Орамизда бу кўрсаткичдан паст ҳосил кўтарадиган фермер бўлмасин!
Азиз фермерлар,
дала соҳиблари!
Деҳқончиликда танаффус бўлмайди, дала меҳнаткашлари йил — ўн икки ой тиним билмайди. Айниқса, ҳозиргидек ўта масъулиятли бўлган “Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги”да асло хотиржамликка берилиб бўлмайди. Ҳар дақиқани ғанимат билиб, ғўза устида парвонадек айланиб, бор меҳрини бериб парваришлайди. Ширин ташвишлар ғамида елиб-югуради. Бунининг замирида эса тўкин дастурхон, фаровон турмуш, эртанги ҳузур-ҳаловат мужассамлигини яхши билади, албатта.
Шунинг учун:
– аниқ режаларни ҳаётга татбиқ этиб, мавжуд сув захираларидан тежаб-тергаб фойдаланишни унутманг;
– бу йилги об-ҳаво шароитидан келиб чиққан ҳолда, сувчилар сонини кўпайтириб, вақтдан унумли фойдаланинг;
– ҳар гектар ерга 10 тоннадан маҳаллий ўғит бериш, 3 гектарга биттадан ҳандақ қазиш ва сув йўлларини тозалаш тадбирларини қисқа муддатларда якунига етказинг! Чунки тажрибадан маълумки, ушбу усул ҳосилдорликни 5-7 центнерга оширишга хизмат қилади;
– деҳқоннинг қаноти бўлган техника ва технологиялардан унумли фойдаланиб, уларни мавсумга шайлигини яна бир бор кўриб чиқинг ва тўлиқ фойдаланишни йўлга қўйинг! Ён-атрофингиздаги ҳамкасбларингизга кўмакдош бўлинг;
– ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экин экиш ва ғўза парвариши ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш бўйича белгиланган тадбирларни тизимли ташкил қилинг;
– ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича тажрибали мутахассис ва олимларни далангизга жалб этинг!
Ҳурматли ҳамкасблар,
қадрли фермерлар!
Бугун халқимиз Сизнинг шижоатингиз, ғайрат ва матонатингизга кўз тикиб турганини бир зум бўлсада, ёддан кўтарманг. Дастурхонимиз тўкин-сочин, бозорларимиз нознеъматларга тўла ва арзон, турмушимиз фаровон бўлиши бугунги машаққатли меҳнатингизга боғлиқ.
Юртбошимизнинг ишончини оқлаб, мамлакатимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш учун барчангизни сидқидилдан ҳалол меҳнат қилишга чақирамиз!
Бу йилги қишлоқ хўжалиги йилида Сиз азизларга сиҳат-саломатлик, ишингизга эса унум ва ривож, хайр-барака, улкан хирмон барпо этишингизда муваффақият ва зафарлар тилаймиз!
ЎЗБЕКИСТОН ФЕРМЕР, ДЕҲҚОН
ХЎЖАЛИКЛАРИ ВА ТОМОРҚА
ЕР ЭГАЛАРИ КЕНГАШИ.
22.06.2018
- Подробности
- Категория: Qishloq xo'jaligi
- Просмотров: 666
Вилоятимизда аҳоли хонадонларида паррандачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, замонавий технологияларга асосланган шу йўналишдаги корхоналарнинг ташкил этилаётгани ҳудудда товуқларнинг маҳаллий зотларини парваришлаш ва аҳолига тарқатиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Айни пайтда “Karmana golden eggs” масъулияти чекланган жамиятида етиштирилган 90 кунлик “Ломенин Браун — классик” зотли товуқлар аҳолига арзон нархларда етказилиб берилаётгани ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатлардан саналади.
— Бугунгача 30 минг бош товуқ буюртмачиларга етказилди, — дейди корхона раҳбари А. Сувонов. — Навоий шаҳри ҳамда Кармана, Қизилтепа ва Учқудуқ туманлари аҳолисига паррандалар корхонамизнинг махсус машиналарида тизимли равишда тарқатилди. Июнь ойи охиригача яна 90 минг бош товуқ сотилиши режалаштирилган.
Бир сўз билан айтганда, мазкур чора-тадбирлар аҳоли фаровонлигини ошириши билан бирга, ҳудудларда бандлик масаласининг оқилона ечими ҳамда маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришда муҳим омил бўлади.
Ўз мухбиримиз.
18.06.2018
- Подробности
- Категория: Qishloq xo'jaligi
- Просмотров: 576
Маълумки, ҳар йили апрель, май, июнь ойларида юртимизда пилла уруғини олиб келиш, пилла қурти боқиш ҳамда тайёр маҳсулотларни пиллачилик корхоналарига етказиб бериш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилади. Айни пайтда туманимизда ҳам бу борада жадал ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда туманимизда 110 тонна пилла етиштириш белгиланган. Ҳозирда 1920 қути уруғ пиллачилик билан шуғулланадиган фермер хўжаликлари ва хонадонларга етказилиб берилган. Мавсумни самарали ўтказиш мақсадида кўплаб масъул ташкилотлар жараёнга жалб этилди.
Албатта, пилла уруғи тарқатилган корхоналар, фермер хўжаликлари томонидан қурт боқувчи звеноларни моддий қўллаб-қувватлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилиши юқори ҳосилдорлик гаровидир.
Шу мақсадда апрель ойи ҳолатига кўра звеночиларга 5306 килограмм пахта ёғи, 605 килограмм ун ва 301 миллион сўм миқдорида аванс маблағлари топширилди.
Шунингдек, юқори ҳосилдорликка эришиб, режани ортиғи билан бажарган пиллакорларни қўшимча рағбатлантириб, уларга турли қимматбаҳо совғалар тарқатиш ҳам кўзда тутилмоқда.
Д. ЭРГАШОВ,
туман прокурори ёрдамчиси.
М. ҲОТАМОВ,
туман прокуратураси терговчиси.
28.05.2018
- Подробности
- Категория: Qishloq xo'jaligi
- Просмотров: 483
Вилоятимизда ризқ-рўзимиз бўлган ғалла ҳосилини нест-нобуд қилмай ўриб-йиғиб олиш ишлари бошлаб юборилди. Ғаллакорларимиз томонидан жорий йилда 91 минг 991 тонна товарбоп, 11 минг 639 тонна уруғлик дон хирмони барпо этиш режалаштирилган.
Мавсумни уюшқоқлик билан ташкил қилиш юзасидан вилоят, туман штаблари тузилиб, уларнинг вазифалари белгиланди. Шунингдек, ҳар бир туманда дон ташиш, қабул қилиш, нефть маҳсулотлари таъминоти, шартномаларнинг бажарилишини мониторинг қилиш бўйича махсус гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилган.
— Вилоятдаги ғалла ҳосилини ўриб-йиғиб олиш ишларини тизимли йўлга қўйиш мақсадида 100 та отряд тузилди, — дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси ғаллачилик бўлими бошлиғи А. Ризоқулов. — Уларга 100 та замонавий комбайн, вилоят ва туман ташкилотларининг 710 нафар вакили ҳамда 510 нафар ИИБ ходими бириктирилди. Ташкил этилган отрядларни талаб этиладиган ёқилғи-мойлаш материаллари, эҳтиёт қисмлар билан ўз вақтида таъминлаш мақсадида 6 та кўчма устахона, 44 та ёқилғи ташиш гуруҳлари ташкил этилди. Мавсумни 15 июлга қадар якунлаш режалаштирилган.
Туманимизда ҳам ушбу мавсум уюшқоқлик билан амалга оширилаяпти. Ҳозирда Ҳазора, Дўрман, Нарпай ҳамда Ибн Сино ва Алишер Навоий номли қишлоқлар ҳудудидаги фермер хўжаликларида қизғин жараён кечмоқда. Миришкорларимиз жами 7331 гектарлик ғалла майдонидан 19 минг 323 тонна ялпи ҳосил олишга бел боғлаган.
О. ШУКУРОВ.
Сурат муаллифи С. АСЛОНОВ.
18.06.2018
- Подробности
- Категория: Qishloq xo'jaligi
- Просмотров: 773
Кармана туманининг Жалойир қишлоғи. Номи нафақат вилоятга, балки республикага ҳам машҳур қишлоқ. Унинг машҳурлиги меҳнаткаш халқи, танти одамлари билан боғлиқ. Бу масканда азалдан томорқанинг даромад манбаи эканлигини амалда исботлаб келаётган одамлар яшайди. Ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиб, мўмайгина даромад топаётган жалойирликларнинг фаолияти, деҳқончиликдаги тажрибаси кўпчиликка ибрат қилгулик. Деҳқончилик уларнинг қонида бор. Ерга муносабати бошқача.
Навоий шаҳрининг марказий бозорига тушсангиз, энг харидоргир маҳсулотлар шу ҳудуд экин майдонларида етиштирилган. Айниқса, ҳудуд аҳли сабзи етиштиришнинг “ҳадис”ини олган. Яқинда қишлоқ томон қилган ижодий сафаримиз давомида юқоридаги фикрларимизга яна бир бор амин бўлдик.
Ҳудуднинг Гурда маҳалласидаги Эшпўлат Фармонов хонадони. Умумий экин майдони 8 сотих бўлган томорқанинг 3 сотихида мўъжазгина иссиқхона ташкил этилган.
Томорқанинг қолган қисмида эса гуркираб ривожланаётган саримсоқпиёз, сабзи, картошка ҳар бир кишининг диққатини ўзига тортади. Ўз вақтида амалга оширилган агротехник тадбирлар оила аъзолари ҳақиқий деҳқон эканлигидан дарак бериб турибди. Эшпўлат Фармонов қишлоқ хўжалиги соҳасида, турмуш ўртоғи Ойсара Фармонова эса мактабгача таълим тизимида фаолият кўрсатган. Аммо ҳеч қачон ернинг умри беҳуда ўтишига йўл қўймаган. Доим томорқадан самарали фойдаланиб, оиласи эҳтиёжини таъминлаб турган. 6 нафар фарзандини ҳам ерга меҳрли қилиб улғайтирди.
— Йил давомида томорқадан уч марта ҳосил оламиз. Ҳеч қачон бир қарич ер ҳам бўш турмайди.
Ўтган йили томорқамизнинг бир қисмида ташкил этган иссиқхонамиздан шу йилнинг ўзида 5 миллион сўм даромад олдик. Иссиқхонадан икки марта ҳосил оламиз. Кузда тўқсонбости экинлар экиб, февраль ойида бозорга чиқардик. Шундан сўнг помидор кўчатларини етиштирмоқдамиз. Тайёр маҳсулотни май ойининг ўрталарида бозорга йўналтирамиз, — дейди 68 ёшни қарши олган Ойсара Фармонова. — Томорқаси бор одамнинг бозордан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиб олиши уят. Фарзандларимни ҳам шундай тарбиялаганман. Улар ҳам ўз томорқасидан яхшигина даромад қилишади.
Ойсара опа хонадонидаги юздан ортиқ турли мевали дарахт кўчатларининг аксарияти шу йил ҳосилга кириш арафасида. Бу эса хонадон соҳибларига ўзгача завқ ва қувонч бағишламоқда. Аслида ҳам ўз меҳнатинг маҳсулини кўриш, даромадидан орзуларга эришиш нақадар тотли.
— Бу йил неварамни турмушга чиқарамиз. Албатта, томорқадан топган даромадимиз мана шундай яхши кунларимизга яраяпти. Шу орқали рўзғоримиз бут, дастурхонимиз тўкин, — дейди Ойсара опа қувончини яширмай.
“Аллон” маҳалласида истиқомат қилаётган Раъно Давлатова аёл боши билан 7 сотих томорқасини “гуллатиб” қўйганлигини кўриб ҳайратланасан киши.
Раъно опа 2 сотих майдонда 3 йилдан буён қулупнай етиштирмоқда.
— Ўтган йили биргина қулупнайнинг ўзидан 2 миллион сўм даромад олдик. Қулупнай май ойидан октябрь ойига қадар ҳосил беради. Ҳосилидан ҳам ўзимиз баҳраманд бўламиз, ҳам бозорга йўналтирамиз. Ҳар йили 4 сотих майдонда саримсоқпиёз етиштирамиз. Бу оиламизга ҳар йили 4 миллион сўм фойда келтирмоқда. Қолган экин майдонимизда эса сабзи етиштираяпмиз, — дейди Раъно опа.
Ер тилини билган, ундан меҳрини аямагандан она замин ҳам ўз саховатини дариғ тутмайди. Бир қарич ер олтинга тенг бўлган юртимизда унинг қадрига етиш, ундан самарали фойдаланиш ҳақиқий даромад манбаидир.
Турмуш ўртоғидан эрта айрилган Раъно опа 4 нафар фарзандини томорқа орқасидан едириб-кийдирди, ўқитди, тўйлар қилди, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашди. Бу доно халқимиз томонидан илгари сурилган “Меҳнатнинг таги роҳат”, деган ҳаётий шиорининг амалий ифодаси эмасми?!
“Аллон” маҳалласида деҳқончиликда катта тажрибага эга миришкорлар кўп. Санжар Аҳмедов ёш бўлсада бор имкониятини томорқасидан самарали фойдаланишга сарфлаган. Ўтган йили 25 сотих майдонда замонавий иссиқхона ташкил этиб, унга помидор ниҳолларини ўтқазди. Икки ойдан буён тайёр маҳсулотни ҳам ички борзорга, ҳам экспортга йўналтирмоқда.
— Иссиқхонани ташкил этиш учун банкдан 100 миллион сўм имтиёзли кредит олдим. Тажрибали деҳқонлар маслаҳатларига таяниб қўл урган ишим бугун ўз мевасини бера бошлади. Айни пайтгача бозорга 15 тонна тайёр маҳсулот чиқардик. Иссиқхонамиз фаолият бошлаши муносабати билан 10 та янги иш ўрни яратилди, — дейди Санжар Аҳмедов. — Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириш устида иш олиб бормоқдамиз.
Маҳалладаги “Рамазон барҳаёт” агрофирмасининг раҳбари Самад Аҳмедов бугунги кунда маҳалланинг 20 нафар аҳолисини иш билан таъминлади. Айни пайтда агрофирмада балиқ, товуқ гўшти етиштириш қаторида, асаларичилик, иссиқхона фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Хусусан, агрофирмада ҳар йили етиштирилаётган 15 тонна Африка лаққа балиғининг бозорда харидори кўп. Ҳозирда агрофирма балиқхонасида парваришланаётган 10 минг дона балиқнинг 5 мингтаси сотувга чиқаришга тайёр бўлган.
— Балиқларнинг оғирлиги ўртача 3,5 килограммни ташкил этмоқда, — дея сўз бошлайди Самад ака. — Аввало, балиқларни ўз вақтида озиқлантириш муҳим ҳисобланади. Ўзимизда балиқ учун озуқа тайёрлайдиган технологиянинг борлиги ишимизни анча енгиллаштирмоқда. Яқинда балиқ боқиладиган майдонни яна кенгайтириш ҳаракатидамиз.
Агрофирмадаги 20 та асалари оиласи, 20 минг бош бройлер товуқ орқали ҳам даромадга даромад қўшилмоқда. Ҳар бир юмушда тадбир билан иш кўрилса, албатта у самарали бўлади. Буни Самад ака яхши тушунади ва ҳамиша изланишдан тўхтамайди. Шу боис, май ойида Англиядан зотли курка олиб келиш тараддудида.
Гурда маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Анвар Мардонов айни пайтда нафақада. Орамизда нафақага чиқдим, энди ёнбошлаб ётсам ҳам бўлади, деганларга кўп дуч келганмиз. Аммо Анвар ака фаолиятида бунинг аксини кўрдик. Тиниб-тинчимаган қаҳрамонимиз ҳам томорқани, ҳам тадбиркорликни қўшалоқ олиб бормоқда. Энг эътиборлиси ҳар икки йўналишдан ҳам фақат ва фақат фойда кўрмоқда.
Хонадондаги мўъжазгина хонада минг дона бедана парваришлаётган Анвар ака унинг даромад манбаи эканлигини тўлқинланиб гапириб берди.
— Биласизми, бир йилдан буён бедана тухуми етиштириш билан шуғулланаяпман. Минг дона беданадан ҳар куни 800 та тухум оламан. Бир ойда 5,5 миллион сўм даромад қилаётган бўлсам, унинг 3 миллион сўми соф фойдани ташкил этади, — дейди Анвар ака.
Анвар ака беданадан фақатгина тухум олиш билан чегараланиб қолмасдан, уни кўпайтириш устида ҳам бош қотирди ва ниҳоят ўз ихтироси билан тухум очишга мўлжалланган инкубация ясашга эришди.
— Ушбу инкубация икки ярим минг дона тухум очишга мўлжалланган. Бедана тухуми товуқникидан фарқли ўлароқ 17 кунда жўжа чиқаради. Ўтган сафар 2 минг дона бедана жўжаси очирдик. Уларнинг аксариятини қизиқувчиларга сотдик. Бир қисмини эса ўзимиз парваришлаяпмиз. Бедана жўжалари 60 кунда тухумга киради. Эркакларини эса гўштга топшираяпмиз. Ўтган йили 100 килограмм бедана гўшти сотдик, — дея сўзида давом этди Анвар ака.
Мазкур хонадон соҳиблари оила даромадини ошириш ҳамда бозорга гўшт етказиб бериш мақсадида 500 дона бройлер товуқ ҳам парваришламоқда. Бу албатта, ишнинг кўзини билиш, изланишдан далолат.
Интилганга толе ёр, дейди доно халқимиз. Боқибеғамлик даври ўтганига анча бўлди. Бугун изланган имкон топади. Томорқа даромад манбаи эканлигини чуқур англаган юртдошларимиз ҳаёти мисолида ҳам бунинг исботини кўриб турибмиз. Шу боис, оиламиз дастурхонининг тўкинлиги ва ризқимиз бутунлиги учун ўзимиз ҳаракат қилайлик.
Отабек АСЛОНОВ,
халқ депутатлари Кармана тумани Кенгаши депутати.
24.04.2018