ХИРМОН БАРАКАЛИ БЎЛАДИ
Маълумки, жорий йилда вилоятимиз “кумуш тола” ижодкорлари минг тоннадан ортиқ пилла хомашёси етиштириш учун самарали меҳнат қилишди. Айни кунда “элакни сувдан кўтариш” вақти келди ва пилла ҳосилини топшириш бошланди.
Ҳафта бошида “Кармана пилла толаси” масъулияти чекланган жамиятида жорий йил ҳосилининг дастлабки килограммларини қабул қилишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда иштирок этган вилоят ва туман ҳокимликлари, жамоатчилик ташкилотлари вакиллари ушбу қимматбаҳо хомашёни етиштиришнинг машаққатлари, пиллакорларга давлатимиз раҳбарияти томонидан қаратилаётган эътибор хусусида тўхталдилар. Пилла карвонини бошлаб берган туманимиздаги “Шахноза” фермер хўжалиги аъзолари Сайёра Намозова ҳамда Камол Рўзиевларни ва тадбирда йиғилган бошқа пиллакорларни қизғин қутлаб, меҳнати учун ташаккур билдиришди. Уларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари тақдим этилди.
— Менга икки қути пилла уруғи берилган эди, — дейди биз билан суҳбатда С. Намозова. — Оила аъзоларим ва яқинларим билан бирга бир ой давомида уни асраб-авайлаб, парвариш қилдик. Дуч келинган муаммоларни ҳал этишда бизга туман мутахассислари, хўжалик етакчилари яқиндан ёрдам беришди, моддий томондан ҳам қўллаб туришди. Бугун меҳнатимиз самараси бўлмиш юқори сифатли пилла етиштириб, давлатга 150 килограмм ҳосил топширдик ва шартномавий мажбуриятимизни тўлиқ бажардик. “Кумуш тола”нинг асосий қисмини уруғлик пилла ташкил этади.
Шу куни МЧЖ томонидан 300 килограммга яқин хомашё қабул қилиб олинди. Вилоятимиз миришкорлари томонидан пилла топшириш давом этмоқда.
О. ҲАЙИТОВ
06.06.2017