“ҒАЛЛА — 2017”: РИЗҚ-НАСИБАМИЗ
МЎЛ БЎЛАДИ
Ғалла ўрими мавсумида фермер хўжаликлари далаларида бўлиб, жараённи бевосита кузатарканмиз, бу йил вилоятимизда ўртача ҳосилдорлик ўтган йилгига қараганда анча юқори бўлишига ишонч ҳосил қилдик. Қай бир фермер билан учрашмайлик, шартнома режалари ортиғи билан бажарилаётганлигини таъкидлашди.“Маданият” қишлоғи ҳудудида жойлашган “Аҳмад Санжар орзуси” фермер хўжалигидаги ўрим жараёнларини кузатарканмиз, хўжалик буғдойзорларининг бир текис унгани диққатимизни тортди. Майдонда биттагина бегона ўтнинг кўзга ташланмаслиги фермернинг миришкорлигидан дарак бериб турибди.
— 24,5 гектар майдонга буғдой эккандик, – дейди биз билан суҳбатда фермер М. Ҳайитов. – Бу йил ғалла ҳосили ўйлаганимиздан ҳам зиёда бўлди. 90 тоннадан ортиқ дон олинди, шартнома режамиз тўлиқ бажарилди. Ҳосилдорлик нафақат бизнинг хўжаликда, балки туманимизда ҳам юқори. Ҳудуднинг ғалла ҳосилдорлиги бўйича ўртача центнери ҳам насиб бўлса шунга яраша бўлади.
— Бу йил буғдой дони арзон бўлиши кутилмоқда, – дейди мазкур ҳудуддаги ўрим жараёнларига масъул агроном Ф. Шодмонов. – Бу эса ҳаётий зарур бўлган ун маҳсулотининг нархи пасайшидан ҳам дарак беради. Халқимиз фаровонлиги бободеҳқонлару, ҳосилни йиғиштириб олишга масъул бўлган барча ходимлар меҳнатига ҳам боғлиқ. Бундан мамнунмиз.
“Аҳмад Санжар орзуси”га туташ “Ибрат” фермер хўжалигидаги ўрим жараёни билан танишарканмиз, ғалла ҳосили ушбу хўжаликда ҳам шартнома режаларидан ошириб уддаланаётганлигига гувоҳ бўлдик. Бу албатта, халқимиз ризқ-насибасининг тўкислигидан далолат. Бир сўз билан айтганда, бугунги маҳсулдорлик эртанги тўкинликка хизмат қилади.
Озод МУСТАФОЕВ.
Сурат муаллифи
Сирож АСЛОНОВ.
27.06.2017