Кармана тарихи
1998 йилнинг 11 ноябрида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида қилган маърузаларида: “Азиз биродарлар, айтингларчи, сизлар ҳар куни кўриб ва кезиб юрган Кармана шаҳрининг ёши нечада? Ёки Чўли Маликдаги эски работ ва сардобалар қачон пайдо бўлган? Сармиш дараси ва ғоридаги ибтидоий суратлар бу ўлканинг энг қадимий бешиклардан бири эканидан дарак бермайдими?” каби мурожаатлари шу заминда яшаётган ҳар бир фуқаронинг бутун қалби ва шууридан тўлиқ жой эгаллагани шубҳасиз. Ушбу эътибор ва эътирофдан сўнг қатор хайрли ишлар амалга оширилдики, буларнинг барчаси таҳсинга лойиқ. Жумладан, 1999 йилнинг 17 апрелида Навоий шаҳрида Ўзбекистон Фанлар Академияси билан ҳамкорликда ўтказилган “Кармана ва унинг Марказий Осиёда тутган ўрни” мавзуидаги республика илмий-амалий анжумани юртимиз тарихи ва унинг умумбашарий қадриятлари борасида қатор қимматли маълумотларни очиб берди. Бироқ ҳали юртимиз тарихининг саҳифаланмаган зарварақлари бисёр.
Аслида Кармана Ўзбекистоннинг жуда қадим, улкан ва беқиёс тарихи шодасида кичик маржон каби нур сочиб келган. Бу қадим шаҳарнинг номи, бунёд бўлиши, йиллар давомида тараққий топиши ҳақида қизиқарли тарихий маълумотлар, афсона ва ривоятлар мавжуд. Шаҳарнинг ёши Бухоро ва Самарқанд билан тенгдошлик тўғрисида тарихий манбаларда, таниқли тарихий олимларнинг асарларида аниқ мисоллар орқали кўрсатиб ўтилган. Шўролар тузуми даврида Кармана тарихи бир қадар унутилди, тарихий ва маданий ёдгорликларга катта зиён етказилди.
Маълумки, Кармана тумани 1926 йил 29 сентябрда Бухоро вилояти таркибида ташкил топган. 1958 йилда туманнинг номи ўзгартирилиб, Навоий тумани деб ва 2003 йилнинг 27 декабрида яна қайта Кармана тумани деб номланган.
Аллома Абу Бакр Муҳаммад Ибн Жавфар Наршахий «Бухоро тарихи» китобида Карманага шундай таъриф берган.
«Кармана Бухоро» қишлоқлари жумласидан бўлиб, унда масжиди жомеъ барпо этилган, адиб ва шоирлар кўп бўлган. Айтилишича қадим вақтларда Карманани «Бодяйи хўрдак» («Даштдаги кўзача») деб атаганлар.
Атамашунослик бўйича таниқли олим С.Қориевнинг «Географик номлар маъноси» китобида Кармана «Кариманкент» яъни «Катта манзилли кент» шаклида тилга олинган. Бундан ташқари милодий 983 йилда (Ҳижрий 372 йил) «Ҳудуд ал-Олам» номли асарда ҳам Кармана тўғрисида маълумотлар берилиб у Сўғд шаҳрига қарашли бўлиб, бу обод жойдир.
Қадимда Кармана бекларидан бирининг Амина исмли қизи оғир дардга чалиниб, кар бўлиб қолган бир табиб қизингизни баланд жойга ўтқизиб, атрофига одамларни йиғиб «Кар Амина, Кар Амина» деб қичқирсангиз шунда қизингизни қулоғи очилиб кетади деган. Бек табиб маслаҳат берган ишни қилганда, қизи бу таҳқирли тадбирдан таъсирланиб соғаяди. Кар Амина ибораси кейинчалик Кармана сўзига айланган.
Искандар Зулқарнайн Бухоро ерларини босиб олиб Нурота тоғлари орқали Зарафшон дарёси томон келаётганда баланд қир устидан дарё соҳилида гўзал, хушманзара «КЕНТ»ни кўриб, унга маҳлиё бўлиб: «Кармано» («Кармен» грекча сўз бўлиб, гўзаллик маъносини беради) деб юборган. Шундан сўнг бу жойлар Кармана деб аталган. Профессор Х.Ҳасанов эса ўз асарида «Кармана» сўзи маъносини «Эски манзилгоҳ, эски қишлоқ» деб таърифлаган.
Кармана асрлар мобайнида маърифат ва маданият ўчоқларидан бири сифатида, савдо-сотиқ, маданий алоқалар ривожланган Марказий Осиёнинг Самарқанд, Бухоро, Шош, Нафас, Балх каби шаҳарлари қаторидан жой олган. Шу боис Кармана ва унинг атрофидаги қишлоқлар тарихи узоқ полиолит даврига бориб тақалади.
VII асрнинг иккинчи ярмида араб халифалиги шиддат билан Мовароуннаҳрга бостириб келганлар Бухоро ва унинг атрофларига, жумладан Карманага ҳам ҳужум қилган ва беш йилдан ортиқ ўз қўлларида сақлаб туриб анча талофатлар етказганлар.
Чингизхон қўшинлари Бухорода ўз мавқеларини ўрнатиб олгач, Самарқанд томонга юриш бошлаганда Карманага катта куч билан ташланиб қишлоқлар, барча уйлар обидалар вайрон қилинган, беҳисоб табиий ва ер усти бойликлари таланган, китоблар ёқиб юборилган.
Буюк Жаҳонгир Амир Темур даврида Кармана атрофларида кўп ўзгаришлар рўй берган, маърифат ва ободончилик ишларига, гўзал шаҳар бўлиши учун катта эътибор берилган. 1124 (мелодий 1712) йилда битилган «Темурнома» китобида шундай маълумотлар келтирилган: «Улуғ Амир Темурнинг онаси Тегина Бегимнинг отаси Бухорода таниқли олим Садр Аш-шариъа (шарият улуғи) Убайдуллоҳ Ибн Ахмат Ал-Маҳбубий Бухорийдир. Садр Аш-шариъа Убайдуллоҳ Бухорий авлодидан бўлган мавлоно Тож Аш–шариъа (шарият тожи) Абу Абдуллоҳ Умар Карманада яшаган ва 1309 йилда Карманада вафот этган. Мазкур зотлар Амиур Темурга она бобоси томонидан авлод бўлган. Кармана буюк Ипак йўли Хитой, Марказий Осиё ва яқин шарқ мамлакатлари ўртасидага қадимги савдо йўли устида жойлашган. Ипак йўли шаҳарнинг жанубий-шарқ томонидан бошланиб, унинг жанубий-ғарб томонидан ўтиб кетган. Шунинг учун ҳам Кармана ўша давр йирик савдо марказларидан бири бўлган. Юнесконинг қарори билан юздан ортиқ мамлакатлар вакиллари иштирокида 1990 йил сентябр ойида қадимги ипак йўли бўйича ўтказилган туристик маршрутига Кармана шаҳри ҳам киритилиб тадбир қатнашчилари Карманада бўлиб унинг тарихи билан танишган.
Ҳозирги пайтда Карманада тўртта Республика миқёсидаги, ўн бешта маҳаллий ҳокимиятларга тегишли бўлган тарихий ёдгорликлар ва тепалар бор. Бундан ташқари ўн бешта монументаль санъат асари мавжуд.
Кармананинг эски ўрни Кўҳна қўрғон номи билан аталган жойда бўлган. У ҳозирги Кармана шаҳрининг Шимол томонидан, Зарафшон дарёсининг Жанубий соҳилида қад кўтарган. Қўрғоннинг майдони 1-2 кв. кмни ташкил этган.
Кармана Бухоро амирлигининг иккинчи пойтахти бўлгани учун қўрғоннинг ўртасида Кармана арки қурилган. Аркнинг умумий майдони 110 кв.м ташкил этган. Арк махсус қурилган қўрғоннинг ўртасида бўлган қўрғон деворининг айланма узунлиги 3000 метрга, етти пахсали бўлиб, баландлиги 4-5 метрга тенг, уч дарвозали бўлган. Кармана арки, қўрғон девори Бухоро арки, қўрғон деворидан нусха олиниб барпо этилган.
Работи малик
Работи малик марказий Осиёдаги манументаль ёдгорликларидан бири, Кармана шаҳридан 18 км Ғарбий томонда жойлашган. У 1069 -1079 йилларда подшоҳ Шамсил-мулк Носир Ибн Иброҳим (1068-1080) даврида Буюк ипак йўлида қурилган. Работи Малик карвонсарой вазифасидан ташқари, истеҳком, қўрғон сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этган. Карвонсарой XI-XIII асрларда яхши сақланган. У Ўзбекистондаги энг қадим ва нодир ёдгорлик ҳисобланади. Сардоба форсча «Сард-совуқ», «Оба-сув» маъносини билдиради. Сув танқис ерларда уни сақлаш учун махсус қурилган гумбазли ҳовуздир. Малик сардобаси жуда нодир қурилиш иншоотдир. Сардоба географик ўрни, жойлашувига кўра ҳам ўзига хосдир. Работи Малик сардобаси Самарқанд ва Бухоро оралиғидаги чўлларда ягона оби ҳаёт манбаи бўлган.
Деҳгарон масжиди
Карманадан 40-45 км Шимолий-Ғарб томонда жойлашган. Деҳгарон форсча сўз бўлиб, “Қозон қуювчи”, “Қозон устаси” деган маънони билдиради. Деҳгарон масжиди XI-асрда қурилган бўлиб, у ўзининг қурилиши, меъморий тузилиши билан қимматлидир. Мавлоно Ориф мақбараси Карманадан 40 км масофада, “Ҳазора” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган. У киши “Ҳазора” қишлоғида туғилиб аввал ўтган ҳалифаларидан бири бўлиб, ёшлигидан исломга бўлган буюк эътиқоди туфайли Қуръони Каримни ёд олган. У киши XIV асрда 1320-1380 йиллар оралиғида яшаб буюк шахс етук пир ва дин пешвоси бўлибгина қолмай, руҳий мўъжизалар, кароматлар, башоратлар кўрсатиш қобилиятига, Ҳазрати Баҳовуддин Нақшбандга тенг келадиган пир бўлиб, у кишида ваҳийлик сифатлари мужассам бўлган.
Мир Саид Баҳром
Мир Саид Баҳром мақбараси Кармана шаҳрининг марказига яқин жойда жойлашган. Мақбара X-XI асрга хос бўлиб, Республика ҳисобида турувчи ёдгорликлар қаторига киради. У киши мусулмон динининг тирик намоёндаларидан бири бўлган, сомонийлар сулоласи вакилларидан биридир.
Қосим Шайх
Қосим Шайх меъморчилик мажмуаси таркибига Қосим Шайх хонақоси, дахма, зиёратхона ва Бухоро амири Абдулахадхон қабри киради. Қосим Шайх Азизон XVI-асрда яшаб, Ўрта Осиёдаги йирик ислом дини мутафаккирларидан бири ҳисобланган. У киши Карманада туғилиб, шу ерда вафот этган ва дафн қилинган. Абдуллахон ўз пири Қосим Шайхга бўлган эътиқоди туфайли ҳижрий 966 (мелодий 1558) йилда Карманада кўркам хонақох барпо қилган. Қосим Шайх халқ манфаатлари ҳимоячиси бўлган. У кишининг хосият хаёлларида бутун вилоят жамиятини бирлаштириш, турли табақадаги халқни яхши кун кечириши, мамлакат ва мулкнинг осойишталиги, яхшиларга ҳиммат ва илтифот кўрсатиш бўлган. Амир Абдулахад даҳмаси Қосим Шайх хонақосининг Жанубий-Ғарб томонида жойлашган. Ахадхон аввал Кармана вилоятининг ҳокими, сўнг 1885-1910 йиллар Бухоро Амири бўлган. Унинг даврида Каттақўрғондан (1882) Кармана орқали телеграф сими ўтказилган, ундан ташқари Чоржўйни Самарқанд билан боғловчи темир йўл қурилган. Бундан ташқари Амир Абдулахадхон даврида Карманада кўплаб чорбоғ ва саройлар барпо этилган. Чунончи Ахадхоннинг Аскаробод, Чармгар чарбоғ, жар чарбоғ, гул чарбоғ, боғиолчин, Хайробод ва Мирзо чорбоғ саройлари шулар жумласидандир.
Хўжа Хисрав
“Хўжа Хисрав” МФЙда жойлашган “Хожа Хусрав” мақбараси жойлашган бўлиб, ХIV асрда Карманада яшаб ўтган, мавлоно Ориф Деггароний, Хожи Баҳоуддин Нақшбандлар билан ҳамкор ва ҳамнафас бўлган шайхлардан бири Хожа Хусрав номи билан аталади. Хожа Хусравнинг ҳаёти, фаолияти ва кароматгўйлиги хақида Абул Мусин Муҳаммад Боқир Ибн Муҳаммад Алининг “Баҳоуддин Балогардон” китобида айрим тарихий маълумот ва ривоятлар келтирилган. Ҳозирда Хожи Хусрав хазратларининг қабри таъмирланиб, унинг устига мақбара қурилган ҳамда обод жойга айлантирилган.
Сардоба
“Работи Малик Сардобаси” меъморий ёдгорлиги жойлашган. Сардоба форсча “Сард”-совуқ, “оба”-сув маъносини билдиради. Сув танқис ерларда уни сақлаш учун махсус қурилган гумбазли ҳовуздир. Сардоба девори силиндир шаклида бўлиб, қалинлиги 1,5 м, диаметри 12-13 метр, чуқурлиги эса 15-18 м атрофида. У сифатли пишган ғишт ва гилдан ишланган. Сардобага кириш учун эшик ҳам ўрнатилган. Сувни тоза сақлаш учун унинг олд томони девор билан ўралган. Малик сардобаси жуда нодир қурилиш иншоотларидандир. Маълумотларга қараганда Мовароуннаҳрда 44 та сардоба бўлган. Улардан 29 таси Қарши чўлида, 3 таси Мирзачўлда, 3 таси Фарғона ва Тошкентда, 1 таси Кармана яқинидадир. Шундан кўриниб турибдики, Малик Работ сардобаси Самарқанд ва Бухоро орилиғидаги чўлларда ягона оби ҳаёт манбаидир.
II-Жаҳон урушида тумандан 7985 мингга яқин киши қатнашиб, уларнинг кўплари қадрдон оилалари бағрига қайтиш насиб этмаган. Урушда немис босқинчиларига қақшатқич зарба беришда мардлик, жасорат кўрсатган. 2500 мингга яқин юртдошларимиз орден-медаллар билан мукофотландилар.
Уруш йиллари фронт орқасини мустаҳкамлаш, халқ хўжалигини ишларини тўхтатмаслик, жангчиларимизни кийим-бош ва озиқ-овқат, самолёт, танклар ясалиши учун маблағ билан таъминлаш ишларида хотин-қизлар, қариялар, болалар, турли сабаблар билан қолдирилган кишилар, шунингдек ногиронлар кечаю-кундуз тинимсиз меҳнат қилиб, фронтга ҳар томонлама мадад кўрсатганлар. Ўша даврда туман меҳнаткашлари томонидан фронтга жанговор техника воситаларини кўпайтириш учун 6 миллион сўмдан зиёд маблағ жўнатилган.
1941-1945 йиллардаги Уруш халқимизнинг ғалабаси билан тугагач, мамлакатда тикланиш, халқ хўжалигини оёққа турғизиш ҳаракати бошланди. Туманимизда ҳам хўжалик, маданий қурилиш вазифаларини бажариш йўлида кенг ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликни ривожлантириш, янги ташкил этилган корхоналар ва ташкилотлардан иш ҳажмини ошириш масалаларига жиддий эътибор қаратилди.
Урушдан кейинги 50 йил ичида шаҳар, қишлоқларимиз жамоли тубдан ўзгариб, аҳоли турмуш даражаси яхшиланди. Катта ҳажмда кўп қаватли уйлар, мактаблар, болалар боғчалари, шифохоналар, маданий-маиший, савдо тармоқлари, маъмурий бинолар қурилди, йўллар равонлашиб, асфальтлаштирилди, ичимлик суви, табиий газ ва бошқа қулайликлар билан таъминлаш кескин яхшиланди.
Республикамиз мустақилликка эришганидан сўнг маънавий, иқтисодий, маданий соҳаларда сезиларли ўзгаришлар содир бўлди. Миллий қадриятларимиз тикланди, давлат мақоми берилган ўзбек тилида иш юритиш кенг қулоч ёйди, етим-есир болалар ва якка ёлғиз қариялар, ночор оилалар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоялаш, уларга мурувват, хайр-эҳсон, саховат кўрсатиш анъанага айланди, маҳаллалардаги ишлар жонланди, одамлар ўртасида меҳр-оқибатни мустаҳкамлашда иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда катта ишлар олиб бориляпти.