ТЕГИШЛИ МАСАЛАЛАР КЎРИБ ЧИҚИЛДИ


   Куни кеча халқ депутатлари Кармана туман Кенгашининг навбатдан ташқари ўттизинчи сессияси бўлиб ўтди. Уни Кенгаш раиси Ф. Умаров бошқариб борди.
Сессияда халқ депутатлари Кармана тумани Кенгаши депутатлари, ташкилот ва корхона раҳбарлари, тиббиёт соҳаси ходимлари иштирок этишди.
Кун тартибидаги биринчи масала, яъни аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни, дори-дармон воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали тадбиқ этишга кўмаклашиш, шунингдек, бу соҳада депутатлар ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш юзасидан туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ф.Хаджиевнинг маърузаси тингланди.
Ҳозирги кунда туманимизда тиббиёт соҳасида 177 нафар врач ҳамда 983 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият олиб бормоқда. Туман тиббиёт бирлашмаси тизимида 16 та қишлоқ врачлик пункти, 1 та кўп тармоқли поликлиника ва 1 та марказий шифохона аҳолига хизмат кўрсатади. Ф. Хаджиев ўз ҳисоботида соҳада олиб борилаётган ишлар, ўзгаришлар ва галдаги вазифалар хусусида тўхталиб ўтди.
Сессия ишида ташкилий масала кўрилди. Бобомуродов Жамшид Жўраевич туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари, Эргашев Дилмурод Бекмурадович туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.
Кун тартибидаги асосий ва қўшимча масалалар депутатлар томонидан муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўз мухбиримиз.

07.03.2017

МУҲИМ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Куни кеча Халқ депутатлари Кармана туман Кенгашининг навбатдан ташқари йигирма тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда Халқ депутатлари Кармана тумани Кенгаши депутатлари, ташкилот ва корхона раҳбарлари, ўзиниўзи бошқариш органлари ходимлари иштирок этишди.

Кун тартибидаги биринчи масала, яъни ўрни бўшаб қолган 6-“Кар-мана” сайлов округида ўтказилган сайлов натижалари хусусида туман сайлов комиссияси раиси ўринбосари Р. Сабуровнинг ахбороти тингланди. Унда таъкидландики, сайлов юқори савияда, қонунчиликда белгиланган талабларга тўлиқ риоя қилинган ҳолда ўтказилган ҳамда Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партиясидан кўрсатилган номзод Умаров Фахритдин Саматович 84,4 фоиз овоз тўплаган ҳолда ғалаба қозонган.

Шундан сўнг Халқ депутатлари Кармана туман Кенгаши раиси     Ф. Умаров депутатлар ва Кенгаш ҳузуридаги доимий комиссияларнинг 2016 йилдаги фаолияти, йўл қўйилган камчиликлар, галдаги вазифалар хусусида маъруза қилди.

— Бугун фуқароларимизнинг дунёқараши ўзгарган, ҳуқуқий саводхонлиги ҳам баланд. Шунингдек, ўзларининг фуқаролик бурчини жуда яхши англайди. Ўз-ўзидан аёнки, сайловчилар манфаатини ҳимоя қиладиган, уларнинг хоҳиш-истакларини юқори органларда намоён этадиган ваколатли шахс — депутатлар олдига қўйилаётган талаблар ҳам шунга яраша. Яъни, ҳозир кишиларни ҳавойи сўзлар, пуч ваъдалар билан алдаб бўлмайди. Аксинча, ўз ишига астойдил киришадиган, одамлар учун жон куйдирадиган, уларнинг талаб ва истакларини ўз вақтида қондира оладиган депутатнигина халқ эъзозлайди, эътироф этади, — дея таъкидлаб ўтди ўз сўзида Ф. Умаров.

Шунингдек, сессия ишида туманимизнинг бир гуруҳ нуроний отахонлари томонидан билдирилган таклиф асосида туман марказидаги эски хотира майдони ўрнида боғ яратиш ёки замонавий бино қуриш масаласи ҳам депутатлар муҳокамасига қўйилди. 

Кун тартибидаги асосий ва қўшимча масалалар депутатлар томонидан муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўз мухбиримиз.

15.02.2017