ШУКУҲЛИ КУНЛАР МАСЪУЛИЯТИ
Барчамиз интиқиб кутган баҳор фаслининг илк айёми — аёлларимиз байрами кўнгилларимизга олам-олам қувонч олиб келди. Президентимиз хотин-қизларга йўллаган табригида мустақиллик аёлларимизга нималар берганлиги, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги ўрни ва мавқеи яна мустаҳкамланганлигига алоҳида эътибор қаратди.
Президентимиз табригида таъкидланганидек, ҳозирги вақтда мамлакатимиз хотин-қизлари орасида 514 нафар фан доктори, 6 нафар академик, 15 нафар Ўзбекистон Қаҳрамони, 17 нафар сенатор, 15 нафар Қонунчилик палатаси депутати борлиги, шунингдек, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 23 фоизидан зиёдини айнан аёлларимиз ташкил этиши мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик самарасидир. Айниқса, юртимизда аёллар ва ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантириш мақсадида жорий йилда тадбиркор аёлларга 1 триллион сўм кредит маблағлари ажратиш кўзда тутилаётгани барчамизни хурсанд қилди.
Муҳтарам Президентимиз ўз сўзида оила, маҳалла институтлари келажаги билан боғлиқ ижросини кутаётган муаммоларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.
Маълумки, оилавий муносабатлар у ёки бу маънода жамиятда ўз ифодасини топади. Илмли, тадбиркор оилаларнинг кўпайиши жамиятимиз тараққиётига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилаётгани юрагимизни ғурурга, фахру ифтихорга тўлдиради. Афсуски, нотинч оилалардаги муносабатлар турмушимизнинг кўплаб жиҳатларига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Шу маънода хотин-қизлар билан боғлиқ барча масалалар, вазифалар ижроси халқимиз қатори биз депутатларнинг зиммамизга ҳам улкан масъулият юклайди. Муҳтарам Президентимиз қўйган талаблар нуқтаи назаридан муаммолар ижросига ёндашсак, улар албатта ҳал бўлади. Шунинг учун ҳам ҳар бир кунимизни кўтаринки, ишчан кайфиятда ўтказишимиз шарт ва зарур.
Нафиса ХАЛИЛОВА,
халқ депутатлари туман Кенгаши
депутати.
14.03.2017