Китоб“Китобга тўла уйнинг файзи шу қадарки уларни варақлаш баробарида сен ўзингни китоблардаги донолик шарбатини симираётгандек ҳис қиласан”. Ёзувчи Марк Твеннинг китоб ҳақидаги мазкур фикри ўз мазмун моҳияти билан жуда аҳамиятлидир.
Албатта, китоб инсон тафаккурини бойитиб, уни комилликка етаклайди. Шу боис юртимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида республикамизнинг 186 та ҳудудида аҳолига жаҳон андозаларига мос равишда сифатли ва тезкор ахборот кутубхона хизматини кўрсатиш мақсадида Ахборот-кутубхона марказлари ташкил этилди. Жумладан, Кармана туманида ҳам Ахборот-кутубхона маркази ўз фаолиятини бошлади.


Ҳозирги кунда 30 мингдан ортиқ китоб фондига эга бўлган марказимизда 16 нафар мутахассис иш олиб бормоқда. Улар айни кунларда ҳудудда аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатишни ривожлантириш, зиё масканининг моддий- техника базасини мустаҳкамлаш, фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш тезкорлигини ошириш учун электрон китоблар тарқатишга ихтисослашган интернет-ресурслар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш каби муҳим вазифалар билан машғул.
Кутубхонамизда тумандаги ташкилот ва муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга ҳам эътибор қаратилмоқда. Туман тиббиёт бирлашмаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши билан ҳамкорликда ўтказилаётган қатор маънавий-маърифий тадбирлар фикримизнинг исботидир.
Келгусида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ижтимоий мослашув ва реабилитация, мустақил таълим олиш ва мулоқот доирасини кенгайтириш воситаси сифатида ахборотдан фойдаланиш имкониятларини яратиш, аҳолига масофадан хизмат кўрсатишни ривожлантиришни ҳам мақсад қилганмиз.

 

Манба: "Karmana ovozi"
газетаси саҳифаларидан
13.02.2020 й