КАРМАНА ТУМАН ҲОКИМИ Ф.УМАРОВНИНГ ТУМАН АҲОЛИСИГА МУРОЖААТИ
Ҳурматли тумандошлар!
Барчамиз хабардормиз: дунё аҳлини ташвишу таҳликага қўйган коронавирус инфекциясига қарши юртимиз бўйлаб ҳам тинимсиз курашиш, ушбу касалликнинг тарқалишининг олдини олиш, шунингдек, фуқароларни ушбу касалликка қарши эмлаш тадбирлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Ўтган йилдаги тажрибамиздан яхши англадикки, ушбу касалликка чалинмасликнинг энг мақбул йўли бу, шахсий санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш, сабабсиз одам гавжум жойларга иложи борича бормаслик, кўчага чиқилганда ҳам ниқоб тақиш, антисептик воситалар ҳимояланиб юриш ҳисобланади. Сизлардан ўзингиз ва яқинларингиз саломатлигига бефарқ бўлмасликларингизни сўраб қоламан.
Айни дамда юртимизда аномал исиб кетиш ҳолати юз бермоқда. Иқлимшунос мутахассисларнинг маълумотига кўра, бундай юқори ҳарорат юртимизда бир неча кун давом этади. Бундай жазирама иссиқда инсон организмида сувсизланиб, иштаҳаси пасайиши, лоҳас бўлиб бориши табиий ҳол. Аммо куни билан сарф қилинган энергиянинг ўрнини озиқ-овқат билан тўлдириб турилмаса, меҳнат ва ҳаёт фаолияти сустлашиб бориши мумкин. Ўз ўрнида саломатликни асраш учун тўғри овқатланиш тартиби ҳақида ҳам унутмаслик керак. Жазирамада, албатта, чанқоқни босиш учун кўпроқ сув ичиш зарур. Уни ҳар соатда 200 млдан ичиш тавсия этилади. Шунингдек, қора ва кўк чой ҳамда ўтли дамламалар ичиш, ҳўл мевалар, жумладан, тарвуз ейиш ҳам жуда фойдали. Чунки, улар орқали организмга зарур минерал моддалар ва дармондорилар кириб боради. Соғлом инсонлар учун кунлик истеъмол қилинадиган сувнинг меъёри уч литргача. Юрак қон-томир, буйрак хасталиги бор инсонларга эса кўп сув ичиш тавсия этилмайди, бундай беморлар шифокор назорати остида суюқ моддаларни ичишлари лозимлигини шифокорларимиз тавсия этмоқдалар.
Ҳурматли карманаликлар!
Бугунги кунда коронавирусга қарши эмлаш жараёни юртимизда кучайтирилмоқда. Ҳозирда олинаётан барча вакциналар коронавируснинг мавжуд штаммларидан ҳимоя қила олади. Энг асосийси, “COVID-19”га қарши эмланиш касалликнинг нохуш ва оғир асоратларидан асрайди. Тўғри, айрим ҳолларда вакцина олгандан кейин ҳам касалланиш мумкин, бироқ бу ҳолат асосан вакцинациянинг фақатгина биринчи босқичидан ўтган, яъни уни белгиланган тартибда тўлиқ олмаган инсонларда кузатилиши мумкин. Коронавирусга қарши иммунитет вакцинанинг иккинчи ёки учинчи дозасидан сўнг уч ҳафта давомида шаклланади. Шу даврда эмланган инсон ўзини шахсий муҳофаза қилиши, иссиқ-совуқдан сақлаши ўта муҳимдир.
Шу маънода, барча тумандошларимиздан вакцинация тадбирларига жиддий эътибор беришларини сўраган бўлардим.
Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали хабардорсиз: айни дамда юртимизда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари яна кўпаймоқда. Сизлардан ушбу вазиятга бефарқ бўлмасликка, жамоат транспортлари, умумий овқатланиш жойлари ҳамда корхона-муассасаларида карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда тиббий ниқоб тақиб, ижтимоий масофа сақлашингизни сўраймиз. Бу борада ўтган йилда орттирилган тажрибангиздан самарали фойдаланинг.
Ушбу синовли кунларда ўзингиз, оилангиз ва яқинларингиз саломатлигига асло бефарқ бўлманг! Зеро, ўзини асраганни оллоҳ ҳам асрайди.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати 5.07.2021 йил