30.3030 ИЮНЬ – ЁШЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТУМАН ҲОКИМИ Ф.С.УМАРОВНИНГ ЁШЛАРГА БАЙРАМ ТАБРИГИ

Ҳурматли ёшлар!

Барчангизни 30 июнь — Ёшлар куни билан самимий муборакбод этаман. Ушбу кун муносабат билан сиз азиз навқирон авлод вакиллари, келажагимиз эгаларининг ўқиш ва ишларига муваффақиятлар тилайман.
Мамнуният билан таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ёшлар масаласи ҳар доим давлат сиёсати даражасидаги муҳим масала бўлиб келган. Сўнгги йилларда ёш йигит-қизларимиз учун яратилаётган кенг кўламдаги имконият ва шарт-шароитлар, уларнинг ўқиб-ўрганишлари, касб-ҳунар ўрганишлари, жамият ривожи учун қизғин фаолият кўрсатишларига ундайдиган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик нафақат юртдошларимиз, балки дунё ҳамжамиятини ҳам ўзига жалб этаётир.
Туманимизда ёшларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, маданий-маънавий савиясини юксалтириш мақсадида қатор марказлар, бошланғич замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш учун IT парк ва ўқув курслари фаолият кўрсатмоқда. Замонавий спорт иншоотлари барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Ўғил-қизларимизнинг янги лойиҳа ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида вазирликлар, ҳокимликлар раҳбарлари иштирокида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” тадбирлари уюшқоқлик билан ўтказилиб келинмоқда. Ушбу учрашувларнинг ижобий натижаси ёшларимизнинг лойиҳа ва илғор ташаббуслари амалиётга татбиқ этилинаётганида кўриш мумкин.


Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ёшларига йўллаган байрам табригида таъкидланганидек, бугунги кунда замонавий илм-фан ва юқори технологияларни мукаммал эгаллаш ҳар қандай давлат ва жамият тараққиётининг ҳал қилувчи шартига айланиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Ана шу ҳақиқатни чуқур англаган ҳолда, юртимизда навқирон авлодимизнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етиши учун бор куч ва имкониятлар сафарбар этилмоқда. Шу билан бирга мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳам қатор амалий ишлар йўлга қўйилган. Бунинг учун, аввало, мустаҳкам ташкилий ва ҳуқуқий база яратилган.
Давлатимизнинг эътибори ва ғамхўрлигидан руҳланган туманимиз ёшлари фан, маданият, санъат ва спорт соҳаларида кўплаб ютуқларни қўлга киритишмоқда. Жумладан, туманимиздаги умумтаълим мактаблари ўқувчиларидан 47 нафари муддатидан олдин нуфузли хорижий ва маҳаллий олийгоҳ талабалари бўлишгани, ёшларимиз орасидан спортнинг турли йўналишларида жаҳон, Осиё, Ўзбекистон чемпионлари чиққанлиги, туман ёшлари Токио-2021 ёзги олимпиадасига йўлланма олишгани барчамизни бирдай қувонтиради.
Азиз ёшлар, сиз она Ватанимизнинг, элу юртимизнинг мустаҳкам ишончи, порлоқ келажаги, эртамизнинг умидисиз! Яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланаётган юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий позицияга эга ёшлар мамлакатнинг бугунги ва эртанги тараққиётида тобора ҳал қилувчи кучга айланиб бораётганини ҳар биримиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Шундай экан, жамиятимиз равнақининг ҳар бир жабҳасида ўз билимингиз, замонавий тажрибангиз билан фаол иштирок этиб, халқимиз, Президентимиз ишончини оқлашингизда зафарлар тилаймиз! Буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлиб, янги Ўзбекистонимизнинг янгидан янги марраларини забт этишингиздан умидвормиз.

Азиз ўғил-қизларим!

Ҳеч қачон унутманг, халқимиз, Ватанимиз сизлардан буюк ишларни кутмоқда. Шу муқаддас ишонч ва масъулиятни ҳар томонлама оқлаш, унга муносиб бўлиш – дунёдаги энг улуғ бахтдир. Шундай бахт, шундай шараф барчангизга насиб этсин!
Сизларни севимли байрамингиз, азму шижоат, гўзаллик ва камолот айёми – Ёшлар куни билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад тилайман.

Кармана туман ҳокимлиги ахборот хизмати