Миссионерлик
Диёримиз халқи азалдан мусулмончиликда яшаб, ўзи яшаб келган ватанига, динига муҳаббатда бўлганлар. Масалан фарзандлар дунёга келганда қўлоғига азон айтилган, ёшлар оилага қадам қўйганда никоҳ ўқитилган, вафот этганда жаноза намози ўқилган, мусулмончилик урф одатларига, миллий қадриятларга мувофиқ хаёт кечирганлар. Она ватанига ҳам динимиз кўрсатмалари асосида ватанни севиб, ардоқлаб келганлар. Бошқа дин вакиллари билан ҳам бағрикенгликда яшаганлар.
Юқорида зикр қилинган урф одатларимиз, миллий қадриятларимизни истиқлолимизни дастлабки йилларида бу диёр халқидан, хоссатан ёшларимиз қалбидан тортиб олиш учун ёвуз кучлар майдонга ташланди ва бу ёвуз кучни бир нечталарини майдонга чиқаришди ҳам. Шулардан бири “Миссионерлик”дир. Миссионерлик – бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишни англатади.
Ҳўш, “Миссионер”ларнинг нима зарари бор, деган савол туғилиши мумкин. Миссионерлик натижасида маълум бир динга эътиқод қилувчилар орасига анъанавий диндан ташқари ўзга дин кириб келади. Унинг ортидан ўзгача дунё қараш, урф-одат ҳам ёйила бошлайди. Бу эса ўз навбатида одамлар ўртасида диний, эътиқодий, ғоявий, фикрий бўлиниш ва қарама-қаршиликни вужудга келтиради. Натижада бир динни иккинчи диндан устун қўйиш бошланади. Бу муносабат оила, қавм-қариндошчилик, қўни-қўшничиликка ҳамда жамият бирдамлигига жиддий салбий таъсир кўрсатади. Бундай бўлиниш одамларнинг хусуматлашиши, жамиятдаги муаммоларни якдил ҳал қилмаслиги, охир-оқибат иқтисодий, ижтимоий, сиёсий соҳаларда ҳам муаммолар бўлишига олиб келади. Уларнинг таъсир доирасига тушганлар тобеъга айланиб қолади, уларнинг буйруқлари, кўрсатмаларига сўзсиз итоат қилишлари натижасида разл ишларга ҳам қўл урилади. Умуман олганда, бу услуб давлат ва жамиятни парчалаш, уни таназзулга юз туттириш, маънан қашшоқлаштириш, ўз муаммолари билан машғул қилдириб, мамлакатнинг бошқа муҳим вазифаларидан чалғитишнинг энг яхши воситаларидан ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан эслатиб ўтмоқчимиз, Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ “Бир диний конфессия”даги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-харакатлар (прозелитизм), шунингдек бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади. Ушбу қоиданинг бузилишига айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
Ҳаётда бу масалада кўплаб қонун бузилишлари учраб турибди. Яқинда бир танишим қавму-қариндошлари ўртасида юзага келган бир салбий ҳолатни гапириб берди. Навоий вилоятида туғилган, хозирда Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи қариндоши ҳақида шундай дейди. Улар туғилиб ўсган муқаддас жойга яъни қариндошларини кўргани Навоийга келган. Меҳмондорчиликда, дастурхон атрофида ўтирганларида уй эгалари қани дастурхонга марҳамат, ноз-неъматлардан танавул қилингизлар “Бисмиллаҳир рохманир раҳим” деб таклиф қилсалар, улар ўринларидан туриб, бошқа дин вакилларини одатларини бажара бошлабди. Ҳамма қариндошлар бу ҳолатдан хайратга тушдик. Қандайдир бир тушкунлик бизларни ҳурсандчилик оромимизни бўзди. Уларни бу одатларини кўриб миссионерлар тўзоғига тушганлигини ҳис қилдик. Шундан сунг қариндошлар жам бўлган хурсандчилик издиҳоми якун топди ва хулоса қилинди. Бизлардан ёши каттамиз ўрнидан тўриб, бундан кейин ҳеч ким сизларникига бормайди, сизлар ҳам бизларни хонадонларимизга келманглар деди. Шундан бери жигаримиз, қариндошимиз бўлган яқинларим ҳозиргача бизникига келмади, бизлар ҳам уларни хонадонига бормадик.
Бу биргина салбий ҳолатдир.
- Бундай оилалар оила қуришда никоҳ маросими қандай бўлади.
- Тўй томоша, оилавий тадбирларчи.
- Вақти келиб вафот этсачи?.
- Жаноза намозини ўқитадими? Йўқ ўқитолмайди.
- Қандай дафн қилинади? Рухини шод қилиш учун Қуръон тиловати ўқилмайди, хайри эҳсон қилолмайди......
- Юқоридаги ҳолатлар динимиз кўрсатмаларига зиддир. Аслида динимиз таълимотларида алоҳида “Қариндошлик ришталарини боғлаш, силаи раҳм” боби ўрин олган. Миссионерликни таъсирида динимиз кўрсатмаларидан юз ўгириш, қариндошлар билан юз кўрмас бўлиши, аҳиллик, ҳамжихатликни кўтарилишини гувоҳи бўлдик.
Аллоҳим бизларни юртимизга муҳаббатли, урф-одатларимизга садоқатли, миллий қадриятларимизни асраб авайлаб яшашимизни бардавом қилсин.
Кармана туман “Мавлоно Ориф Деггароний” жоме
масжиди имом-хатиби: Бобоназаров Сайдулла
28.06.2021 йил