32 32“Сўнгги қўнғироқ” садолари янгради


Мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида “Сўнгги қўнғироқ” янграб, байрам тадбирлари бўлиб ўтди. Ушбу маънавий-маърифий тадбирлар Кармана туманидаги 32- умумтаълим мактабида ҳам юқори савияда ташкил этилди.

Жорий йил мактабнинг 9-синфини 39 нафар, 11-синфини 28 нафар ёшлар тамомлади. Катта ҳаяжон ва улкан орзулар қанотида мустақил ҳаётга қадам ташлаётган ёшлар аллақачон ўз олдиларидаги мақсад ва вазифалар кўламини белгилаб олишган. Туман ҳокимлиги, вилоят халқ таълими бошқармаси ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирида иштирокчилар юртимиз мадҳиясига биргаликда жўр бўлишди. Сўнгра Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг битирувчи ёшларга йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Катта ҳаёт остонасига илк қадам қўяётган ёшларга пухта билим берган устозлар, ота-оналар ва тадбир иштирокчилари ўзларининг қимматли маслаҳатларини беришиб, битирувчиларга оқ йўл тилашди.

Тадбир давомида битирувчи синф ёшларнинг дил изҳорлари ва айтган қўшиқларида ўзларига бор меҳрларини қўшиб сабоқ берган устозларига бўлган ҳурмат-эъзозлари яққол сезилиб турди.

“Сўнгги қўнғироқ” тадбирида ўтган ўқув йили сарҳисоб қилиниб, спорт мусобақалари, мусиқа танловлари, халқаро танловлар ва билимлар беллашуви ва умуман мактаб ҳаётида фаол иштирок этган фаол иқтидорли ўқувчилар ҳамда фидойи ўқитувчилар тақдирланди.

– Мактабимизда 28 нафар ўқувчи 11-синфни битирди, – дейди 32-умумтаълим мактаби директори Азиз Очилов. – Катта ҳаёт чорраҳасида турган битирувчиларимиз йил давомида ўтказилган сўровномаларимиз, берган психологик маслаҳатларимиз асосида қайси олийгоҳга ўқишга кириш ва етук мутахассис бўлиш ҳақидаги қарорлари янада мустаҳкамланди. Ишонамизки, зиё масканида олган билимлари билан ўқувчиларимиз олий ўқув юртларига ўқишга кириб, келгусида шу Ватан, шу юрт эртаси учун хизмат қилиб, биз устозларни ва ўз ота-оналарини қувонтирадилар.

Битирувчи ёшлар учун тарихий кун бўлиб, хотирасида абадий муҳрланиб қоладиган “Сўнгги қўнғироқ” тадбири умумтаълим мактабининг барча ўқувчи-ёшлари учун мазмунли маънавий-маърифий тадбир бўлди десак, муболаға бўлмайди.

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати 25.05.2021 йил