МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛДИ
Кармана туманида “Кластер – мўл ҳосил етиштириш гарови” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Кейинги йилларда мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири бўлган қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ғаллачилик сохасига тадбиқ этилаётган ислоҳотлар замирида бошоқли дон экинлари ҳосилдорлигини ошириш, ғаллани туманнинг ўзида қайта ишлаб, маҳаллий эҳтиёжларни қондириш каби эзгу мақсадлар мужассамлашган.
Кармана туман ҳокимлигида ўтказилган матбуот анжуманида айнан шу хусусида сўз юритилди.
Анжуманда туман ҳокимлиги мутасадди раҳбарлари, ғаллачилик кластерлари масъуллари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 сентябрдаги “Бошоқли дон етиштиришда кластер тизимини босқичма-босқич жорий этиш орқали юқори ҳосилдорликни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 806-сонли Қарорига асосан амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар хусусида оммавий ахборот воситалари ходимларига маълумотлар берилди.
Хусусан, Кармана туманида 2020 йилда 3 та ғаллачилик кластери ташкил этилди. Ушбу кластер ташкилотларига тумандаги фермер хўжаликлари ҳудудлар кесимида бириктирилди. Тумандаги “Кармана асл дон”, “Кармана голден эггз” ва “Экспорт фиш продукт” ғаллачилик кластерларида қарорда белгилаб берилган вазифалар ва мажбуриятлар босқичма-босқич бажарилмоқда.
Жумладан, “Кармана асл дон” ғаллачилик кластери томонидан Хитой давлатидан бир кеча-кундузда 120 тонна донни қайта ишлайдиган ускуналар келтирилди. Айни дамда мазкур кластер томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар нафақат ички эҳтиёжларни қондиришга балким хорижий давлатларга ҳам экспорт қилишга йўналтирилмоқда.
Донни қайта ишлаш ускуналарини келтириш, ишлаб чиқаришга жорий этиш ишлари бошқа ғаллачилик кластерларда ҳам олиб борилмоқда.
Матбуот анжуманида ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга тегишли мутасадди ташкилотлар ва ғаллачилик кластерлари раҳбарлари томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати 19.05.2021 йил