20 1КАРМАНА ТУМАН ҲОКИМИ ФАХРИТДИН УМАРОВНИНГ ТУМАН ХАЛҚИГА РАМАЗОН ҲАЙИТ БАЙРАМ ТАБРИГИ

Ассалому алайкум, азиз карманаликлар!

Ҳурмату эҳтиромга муносиб пиру бадавлат отахонлар ва мунис онахонлар!

Аввало, барчангизни улуғ айём – Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан, самимий муборакбод этиб, Сизларга тинчлик, омонлик ва фаровонлик тилашдан беҳад мамнунман.
Жорий Рамазон ойида ҳам рўза тутиб, иймон-эътиқодларини мустаҳкамлашни ихтиёр этганларнинг сафи янада кенгайганлиги, саховатли инсонлар томонидан муҳтожларга хайр-эҳсонлар саломоғи ҳам янада ошганлиги, Яратгандан фарзандлар камоли, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, қут-барака сўралиб қилинган дуоларнинг ижобати юртимизда, шу жумладан, туманимиздаги мўмин-мусулмонларнинг Рамазон ҳайити байрамини ўзгача қувонч, алоҳида шодлик билан нишонлашига сабаб бўлмоқда.


Аллоҳнинг раҳмати ва фазли ер юзига мўл-кўл ёғиладиган, қалбларимиз шавқланадиган ажойиб кун - Рамазон ҳайити айёмида Яратганнинг яна бир синовидан ўтиб, муборак кунга етказганига шукрона келтириб, бир-бирини табриклаётган юртдошларимизни кўрган кўзларимиз қувнайди.
Ҳайит айёмининг маънавий ҳаётимизда эзгулик, шукроналик, меҳр-оқибат каби олижаноб қадриятларини қарор топтиришдаги ўрни ва аҳамияти ниҳоятда беқиёсдир. Чунки жорий қутлуғ айём – Рамазон ҳайити арафасида ҳам меҳр-муҳаббат, ўзаро ёрдам, саховат, етим ва муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, кексаларни қадрлаш ва ҳурматларини жойига қўйиш, ота-оналарга ҳар қачонгидан кўра эътибор кўрсатиш, инсонлар ўртасида меҳр-оқибатни янада кучайтириш каби эзгу ишлар амалга оширилди.
Мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига қадам қўйиб, барча соҳаларда ўзгариш ва янгиланишлар кучайиб бораётгани барчамизга маълум. Шу жумладан, туманимиздаги салмоқли ижобий ўзгаришлар ҳам барчамизнинг кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда. Эришилаётган барча ютуқларимиз нафақат халқимизнинг фидокорона меҳнати, балки муборак Рамазон ойида иймон-эътиқодли юртдошларимизнинг астойдил, чин юракдан қилинган дуоларининг ҳам ижобати ва хайрли натижасидир.

Азиз тумандошлар!

Яхши англаймизки, Рамазон ойида оилангиз бахти, фарзандларингиз камоли ва юртимиз равнақи учун жуда кўплаб дуолар қилгансиз. Илоҳим, муборак ойда қилинган барча яхши дуоларингиз, тилак ва ниятларингиз амалга ошсин.
Шундай улуғ айём – Рамазон ҳайити билан барчангизни яна бир бор, самимий табриклайман! Хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, фаровонлик, ўзларингизга мустаҳкам соғлик, қилаётган барча эзгу ишларингизга қут-барака ва ривож тилайман.

РАМАЗОН ҲАЙИТИ МУБОРАК БЎЛСИН, АЗИЗЛАР!

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати 12.05.2021 йил