КАРМАНА ТУМАН КЕНГАШИНИНГ XXVIII СЕССИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ
Бугун Халқ депутатлари Кармана туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Сессияда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида 2021 йилнинг ўтган биринчи чорагида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифалар юзасидан туман сектор раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Шунингдек, сессия ишида сектор раҳбарларининг жорий йил май ойида ўз ҳудудларида олиб борилиши назарда тутилган чора-тадбирлар режалари ҳам сессия иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.
Жумладан, 1-сектор раҳбари, Кармана туман ҳокими Ф.Умаров жорий йилнинг I чорагида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида эришилган ютуқларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Хусусан, аҳоли жон бошига кўрсатилган хизматлар ҳажми республика кўрсатгичидан юқори бўлганлиги алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 113,7 фоизга, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 111,2 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 112,7 фоизга, қурилиш-пудрат ишлари 113,7 фоизга, чакана савдо айланмаси 112,6 фоизга, капитал қўйилмаларни ўзлаштириш 111,4 фоизга, хизматлар ҳажми эса 115,2 фоизга ўсганлиги таъкидлаб ўтилди.
Сессияда “темир дафтар”, “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” бўйича амалга оширилган ишлар ҳам чуқур таҳлил қилинди. Бу борада фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш, туманда янги ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш каби бир қатор вазифалар ижроси юзасидан ҳам ҳисоботлар эшитилди. Сектор раҳбарлари томонидан Халқ депутатлари туман Кенгаши ва туман ҳудудидан сайланган Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари ҳамда ОАВ вакилларининг саволларига атрофлича жавоб берилди.
Савол-жавоблар, таклиф-мулоҳазалар, аниқланган камчилик ва муаммоларнинг ижобий ечимини топиш руҳида, чуқур таҳлил ва муҳокамаларга бой тарзда қизғин ўтган мазкур сессияда кўрилган масалалар ва ҳисоботлар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Сессияда вилоят ҳокими Қ. Турсунов иштирок этди.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати 10.05.2021 йил