ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ЯНГИ МАҲСУЛОТНИНГ ИЛК ХАРИДОРИ БЎЛДИ
Бугун намунали “Дўрман” маҳалласининг янги гузари ҳамда “Дўрман текстил” тикувчилик корхонасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
“Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”дан чиқиб, янги тикувчилик корхонасида иш бошлаган 100 нафар маҳаллий хотин-қиз ўз оиласининг моддий даромадига муносиб ҳиссасини қўшадиган бўлишди. Қисқа муддатли ўқув курсларида тикувчилик касбининг сир-асрорларини пухта ўрганган чевар хотин-қизлар эндиликда бор маҳоратларини амалиётда кўрсатишларига имконият яратилди.
Замонавий тикув дастгоҳлари ўрнатилган ушбу янги корхонада ишлаб чиқарилаётган сифатли ўнлаб турдаги маҳсулотларни нафақат ички бозорлар эҳтиёжларини қондиришга йўналтириш, балки хорижга ҳам экспорт қилиш режалаштирилган.
Вилоят ҳокимининг тикувчилар билан бўлган суҳбат жараёнидаги “Сиз яратган маҳсулотлар жаҳон бозорида ҳам ўз ўрнини топиши ва ўз брендига эга бўлишини тилайман” деган сўзлари чеварларни янада тўлқинлантирди.
Тадбир сўнггида дўрманликлар учун эсда қоларли ва қувончли ҳолат содир бўлди: Вилоят ҳокими Қобил Турсунов ўз ёнидан тайёр болалар кийим-кечакларини харид қилиб, тадбирнинг энг жажжи иштирокчилари бўлган болажонларга улашди. Шу билан корхона маҳсулотларининг биринчи харидори бўлди.
Кармана туман ҳокимлиги ахборот хизмати 20.04.2021 йил