ЯНГИ МАҲАЛЛА БИНОСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ
Кармана туманидаги “Дўрман” маҳалласи ҳам туманимиздаги энг намунали маҳаллалардан бирига айланди. Қарийб, 3 ой давомида маҳалла биносини қайта таъмирлаш ишлари қизғин давом эттирилиб, замонавий лойиҳалар асосида бино мукаммал таъмирланди. Бино атрофи ободонлаштирилиб, нуронийлар учун суҳбатгоҳлар қурилди.
Кармана туман ҳокими Фахритдин Умаров тадбир иштирокчиларини янги маҳалла гузарида барпо этилган туман давлат хизматлари марказининг филиали, аёллар маслаҳат кенгаши, аёллар фитнес клуби, оталар чойхонаси, сунъий қопламали футбол стадиони, болажонлар учун қурилган турли аттракцион қурилмалар билан яқиндан таништирди.
Маҳалла биноси ёнидаги янги тикувчилик корхонаси, замонавий ўйингоҳлар, мўъжазгина истироҳат боғи, умумий овқатланиш, маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари, савдо дўконлари – барчаси яхлитликда ҳақиқий маҳалла гузари кўринишини олди.
-Мен Дўрмон маҳалласидаги юз йиллик ўзгаришларни ўз кўзим билан кўрганман, -дейди 101 ёшли уруш ва меҳнат фахрийси Пирназар бобо Турдиев. - Аммо бугунгидек кўркам, обод маҳалла гузарини биринчи бор кўришим. Шундай муборак кунларда невара-чевараларимни етаклаб келган оёқ-қўлимга куч-қувват бағишлаган, шундай яхши бунёдкорликларни кўриш учун кўзимга нур ато этган яратганга шукрона келтираман. “Инсоннинг қўли гул” деганлар ота-боболаримиз. Маҳалламизни обод қилишга ҳисса қўшган барча инсонларга, шу жумладан, вилоят, туман ҳокимларига маҳалладошларимиз номидан катта раҳматлар айтаман. Юртимиз бундан-да гуллаб-яшнаб, янада обод диёрга айланишини тилайман.
Очилиш тадбирида иштирок этган Навоий вилоят ҳокими Қ.Турсунов ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган бундай бунёдкорликлар вилоятдаги барча маҳаллаларда ҳам босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилаётгани, бу борада “Дўрман тажрибаси”ни вилоят миқёсида оммалаштириш тавсия этилганлигини таъкидлаб ўтди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Б.Парпиев, НКМК бош директори Қ.Санақулов ва вилоят ташкилотлари раҳбарлари иштирок этишди.
Кармана туман ҳокимлиги ахборот хизмати 20.04.2021 йил